Энергетика вазири ўринбосари: “Свет” ўчганда ҳудудий диспетчерни сўкиш тўғри эмас, у йўқ нарсани бера олмайди”
Сўнгги йилларда электр энергияси ва газ етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар андак жиловлангандек туюлганди. Аммо ушбу ҳафтадаги совуқ кунлар масала нақадар жиддийлигини яна бир марта эслатиб қўйгандек бўлди. Kun.uz мавжуд вазият ва муаммонинг ечимлари ҳақида энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев билан суҳбат уюштирди.
– Шерзод Ҳикматуллаевич, сиз билан энергетика муаммолари ҳақида бир неча марта суҳбатлашганмиз ва ҳар сафар электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми муттасил ортиб бораётганини таъкидлагансиз. Лекин бугунги вазият бутунлай бошқача манзарани кўрсатмоқда.
– Суҳбатимиз бошиданоқ бир гапни айтиб қўяй – айни пайтда мен қандай ахборот бермайин, ўзимни ва тизимни оқлашдек туюлади ва буни тўғри тушунаман. Энди бевосита саволингизга келсак, чиндан ҳам ишлаб чиқариш ҳажми узлуксиз ошиб бормоқда. Аммо шу билан бирга истеъмол ҳам ортиб кетяпти ва тан олишимиз керак, биз бу ўзига хос пойгада қисман ортда қоляпмиз. Бугунгидек совуқ кунларда бу айниқса сезиляпти.
Куни кеча парламентда бўлиб ўтган бюджетга оид йиғилишда ҳам бу тўғрисида маълумот бердим. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 5 фоизга ортган. Ҳолбуки, бу йилги белгиланган даврнинг катта қисми карантин вақтига, яъни кўп жойлар ишламаган пайтларга тўғри келди. Шу кунлардаги истеъмол ўтган йилнинг мос давридан 10 фоиз юқори ва шунда ҳам кўп хонадонларнинг электр таъминоти чекланмоқда.
– Истеъмол ортиб бориши тушунарли, аҳоли сони кўпаймоқда, ишлаб чиқариш ортмоқда. Ўзингиз айтгандай, бу ўзига хос пойгада ортда қолмаслик учун нималар қилиняпти?
– Истеъмол ортишини ҳисобга олиб, олдимизга бир қатор вазифаларни белгилаб олганмиз. Хусусан, инвестиция лойиҳалари доирасида йил якунига қадар жами 1250 мегаватт янги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилади.
Бугунги кунда шундан 878 мегаваттли энергоблоклар фойдаланишга топширилди.
Жумладан, Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида 450 мегаваттли иккинчи, Тахиатош иссиқлик электр станциясида 280 мегаваттли биринчи буғ-газ қурилмалари ҳамда 73 мегаваттли гидроэлектр станция агрегатлари тизимга уланди.
Сирдарё иссиқлик электр станциясида олтинчи энергоблокнинг қуввати 75 мегаваттга оширилди.
Қолган 372 мегаваттга тенг қувватлар йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Тахиатош иссиқлик электр станциясида биринчи 280 мегаваттли буғ-газ қурилмаси, Фарғона иссиқлик электр марказида 17 мегаваттли газ турбина қурилмаси, Сирдарё иссиқлик электр станциясида бешинчи энергоблокнинг модернизация ишларини якунлаш натижасида қуввати 75 мегаваттга оширилади.
Ҳозирда Толимаржон иссиқлик электр станциясида 800 мегаваттли ҳамда Ангрен иссиқлик электр станциясида 150 мегаваттли энергоблокларда жорий таъмир ишлари бажарилмоқда. Таъмир ишлари ноябр ойида якунланади ва декабр ойида қурилмалар ишга туширилади.
– Kun.uz сайтининг мурожаат телефонига бўлаётган қўнғироқларнинг 80 фоиздан ортиғи айнан электр энергияси ва газ етказилмаётгани бўйича бўлмоқда. Энергетика вазирлиги бундай мурожаатларни ўрганяптими, зарур чораларни кўряптими?
– Биз ҳам шу юртнинг фарзандимиз, ҳамма гаплардан хабардормиз, наҳотки бундай мурожаатлардан бехабар бўлсак? Гап шундаки, бир неча йиллар олдин вазият бундан-да оғир бўлган, лекин одамларда ҳозиргидек мурожаат қилишнинг кенг имкониятлари бўлмаган. Яъни мурожаатларнинг кўплиги муаммонинг кескин кўпайганини англатмайди, истеъмолчиларнинг бу борадаги ҳуқуқий онги ўсаётганидан далолат. Бу жавобим ҳам етишмовчиликларни оқламайди, шунчаки мавжуд вазиятни тушунтиряпман. Кўпчилик бизни кабинетдан чиқмасликда, мавжуд вазиятни билмасликда айблайди. Ҳолбуки асосий вақтимиз жойларда, ишлаб чиқариш объектларида ўтади.
Электр энергияси шундай маҳсулотки, уни сақлаб бўлмайди. Ишлаб чиқарилдими, дарҳол истеъмол қилиниши керак. Яъни биз уни қаердадир яшириб сақлаб қўя олмаймиз. Жайдари тил билан айтганда, “свет” ўчганда кўпчилик ҳудудий электр тармоқлари операторини сўкади. Аммо уларда айб йўқ, аслида йўқ нарсани улар топиб бера олишмайди. Совуқ кунларда истеъмол каррасига ошади, бизнинг аксарият уйларимиз, биноларимизда иситиш қолоқ даражада. Ҳамма электр иситкичларни ёқади, юклама кескин ортади. Бу эса тизимнинг дош бера олмаслигига олиб келади.
– Энергия импорти бўйича вазият қандай? Туркманистон бизга электр энергияси узатишни тўхтатгани тўғрими?
– Импорт амалиёти ҳукуматлараро келишувларга мувофиқ имзоланган шартнома шартларига кўра барқарор амалга оширилмоқда. Шартнома бекор қилиниши оқибатида импорт амалиёти тўхтатилса, бу ҳақда оммавий ахборот воситаларига маълум қилинади. Техник носозликлар бўйича импорт вақтинча тўхтатилган ёки аксинча, носозликлар бартараф этилиб, импорт амалиёти тикланган ҳолатларда ижтимоий тармоқлар орқали бу ҳақда баёнот бериб борилмоқда.
– “Свет бўлмаганига яраша газ бериб туришса эди” деган эътироз ҳам жуда кўп.
– Тўлиқ хабардорман, вазирлигимизнинг асосий фаолият йўналишларидан бири шу масала. Газ қазиб олиш ҳажми сўнгги йилларда муттасил камайиб борган. Ўтган йили, бу йилдан бошлаб биз ана шу тенденцияни тўхтатишга эришдик. Бу фақат бошланиши, энди тизимни модернизациялаш, янги конлар очишга эътибор қаратилмоқда.
Газ етказиб бериш муаммоларига келсак, биздагидек (яъни собиқ иттифоқнинг аксарият давлатларидек) газ етказиб бериш тизими дунёда йўқ, бу самарасиз тизим, йўқотишлар ҳаддан ташқари кўп.
Биринчи навбатда шуни таъкидлаш жоизки, хўжалик юритувчи субъектлар учун табиий газдан фойдаланиш бўйича мавсумий чекловлар киритиляпти ва бу ҳеч қанақасига мамлакатда табиий газ қазиб олиш ҳажми билан умуман боғлиқ эмас.
Куз-қиш мавсумида истеъмол ошиб кетиши натижасида биринчи навбатда газ билан таъминлаш лозим бўлган истеъмолчилар – аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари, яъни шифохоналар, мактабгача таълим муассасалари ва умумий ўрта таълим мактабларининг газ таъминотида узилишлар ёки босимнинг пасайиб кетиши ҳолатлари кузатилмоқда. Зеро ҳар қандай мамлакат учун аҳолисини иссиқлик ва газ билан таъминлашдан кўра муҳимроқ масала йўқ. Чекловлар совуқ тушиши билан энергия ресурслари истеъмоли, айниқса сутканинг маълум бир “тиғиз” пайтларида сезиларли равишда ортиши сабабли киритилиб, бу ўз навбатида газ қувурлари тизими эксплуатациясининг технологик режими тўлиқ бузилишидан сақлайди.
Халқаро молия институтлари билан кўрилган чоралар тўғрисида алоҳида таъкидлаш жоиз. 2025 йилгача нефть ва газ саноатини ривожлантириш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда табиий газдан тенг ва кафолатли фойдаланишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси кўрсатилган. Истеъмолчи, шу жумладан, тадбиркор табиий газ етказиб берувчини танлаш ҳуқуқига эга бўлади. Бу эса истеъмолчилар ва етказиб берувчилар ўртасида бозор муносабатлари яратилишини таъминлайди.
Фойдаланилаётган технологияларни қайта кўриб чиқиш, муқобил энергия ва иссиқлик манбалари, масалан, кўмир ёки баллонлардаги суюлтирилган газдан фойдаланган ҳолда бошқача шароитларда ишлаш механизмини ишлаб чиқишни талаб этиши тайин, бу эса мамлакатимиз иқтисодиётини изчил ривожлантиришнинг ягона йўли ҳисобланади.
– Кўп йиллар давомида энергия тақчиллигининг асосий сабаби сифатида ўғирликлар кўрсатилди ва АСКУЭ тизими йўлга қўйилиши бу муаммога ечим сифатида тақдим қилинди. Аммо АСКУЭ тизими ҳам масаланинг тугал ечими эмаслиги маълум бўлмоқда.
– Вазирлар Маҳкамасининг “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 594-сон қарорига асосан электр энергияси истеъмолчиларига жорий йил якунига қадар АСКУЭ тизимига мос келувчи ҳисоблагичларни ўрнатиш ишларини якунлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кун ҳолатига кўра, 4 695 830 та ёки 63 фоиз электр энергияси истеъмолчиларига ушбу тизимга мос ҳисоблагичлар ўрнатилган бўлиб, ушбу ўрнатилган ҳисоблагичларнинг 2 440 763 таси ёки 52 фоизи тизимга уланган.
Жорий йил якунига қадар 2 722 674 истеъмолчига АСКУЭ тизимига мос ҳисоблагичлар ўрнатилиши талаб этилиб, 2021 йилнинг
1-чорагига қадар янги ўрнатилган ҳисоблагичлар тизимга тўлиқ уланиши таъминланади.
Шунга кўра, ҳозирда ушбу тизимни жорий этиш тўлиқ якунланмаган бўлиб, тизимнинг натижадорлиги 2021 йилда ўз самарасини кўрсатади.
Шу билан бирга, ростини айтишимиз керак, биз ҳанузгача қарздор истеъмолчиларни тармоқдан эҳтиёткорлик билан ажратяпмиз. Кунлик кўрсаткич қарздорларнинг 10 фоизидан ҳам ортмаяпти. Тўловларни ўз вақтида ва масофадан туриб амалга оширишни халқимизга ўргатиш энг асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Бундан ташқари, ушбу тизим орқали истеъмолчиларнинг ҳисоблагичларига ташқаридан аралашувлар, ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олди олинишига эришилади.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
18:20 / 18.12.2024
Ўзбекистон 2025 йилда ҳам Афғонистонга электр энергиясини етказиб беради
23:12 / 12.12.2024
Самарқандда 5,5 млрд сўмлик электр энергияси талон-торож қилинди
18:33 / 03.12.2024
Тошкентда 4 декабр куни электр таъминотидан узиладиган ҳудудлар маълум қилинди
19:04 / 02.12.2024