Жаҳон | 21:16 / 22.11.2020
13880
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ Европага коронавируснинг учинчи тўлқини хавф солаётганидан огоҳлантирди  

Европа давлатлари коронавирусга қарши зарур инфратузилмани яратмасалар, унда 2021 йилнинг илк ойларида улар вируснинг учинчи тўлқинига тўқнаш келишлари мумкин. Бундан ЖССТнинг коронавирус бўйича махсус вакили Дэвид Набарро Solothurner Zeitung нашрига берган интервьюсида огоҳлантирди.      

Фото: Reuters

“Европанинг пандемияга жавоби етарлича бўлмади. Улар биринчи тўлқинни назорат остига олгандан кейин ёз ойларида зарур инфратузилмани қура олишмади. Энди эса сизларда иккинчи тўлқин кузатилмоқда. Агар улар ҳозир ҳам инфратузилмани қуришмаса, унда кейинги йил бошида уларда учинчи тўлқин бўлади”, деб огоҳлантириб ўтган Набарро.    

Унинг таъкидлашича, ҳар бир давлатда маҳаллий даражада касалланганларни аниқлаш жараёнини ташкиллаштириш ҳамда касалланишлар занжирини узиш лозим.

“Ғарбий Европа давлатларининг вазифаси ўзини яккалашни қўлламай, вирус устидан назоратни яна қўлга олишдан иборат. Чунки ўзини яккалаш қўпол воситадир. Сиз бунга катта ҳақ тўламоқдасиз”, деб таъкидлаб ўтган Набарро.      

ЖССТ вакили коронавирусга қарши курашда Осиёни ўрнак қилиб кўрсатган. Унинг таъкидлашича, у ерда одамлар зарур эҳтиёткорлик чораларига, жумладан ниқоб тақиш ва ижтимоий масофани сақлашга амал қилишмоқда, саломатлик ва иқтисодиёт ўртасида танлов қилиш масаласи қўйилмаган. “Осиё давлатларида иқтисодиётни йўлга қўйиш учун яхши саломатлик зарур, деб айтишади. “Ёки иқтисодиёт, ёки саломатлик” деган нарса йўқ”, деб таъкидлаб ўтган Набарро. 

ЖССТ маълумотларига кўра, Европада дунёнинг қолган минтақаларига нисбатан кўпроқ янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Ўтган ҳафта Европа давлатларига дунёдаги янги касалланиш ҳолатларининг 46 фоизи ҳамда ўлим ҳолатларининг 49 фоизи тўғри келган.   

Мавзуга оид