Жамият | 17:57 / 22.11.2020
28196
3 дақиқада ўқилади

«Оскар» мукофотига Ўзбекистондан «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми тавсия этилди

Ёлқин Тўйчиевнинг «Фариданинг икки минг қўшиғи» бадиий фильми 2021 йилги «Оскар» мукофотига даъвогарлик қиладиган бўлди. Фильмда ўтган аср бошларида Туркистонда юз берган сиёсий воқеаларнинг шу юрт аҳолисига кўрсатган таъсири бир оила мисолида очиб берилади.

Ўзбекистон Оскар қўмитаси нуфузли мукофотнинг «Энг яхши халқаро бадиий фильм» номинациясига даъвогарлик учун «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильмини танлади.

«Ўзбеккино» миллий агентлиги хабарига кўра, қўмитанинг 21 ноябрдаги йиғилишида шундай қарорга келинган.

Режиссёр Ёлқин Тўйчиевнинг фильми «Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмасига биноан «Fox music cinema» студияси томонидан суратга олинган.

Картинада ўтган аср бошларида Туркистонда юз берган сиёсий воқеаларнинг шу юрт аҳолисига таъсири бир оила мисолида очиб берилади. Рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга эътибор бермай, одамлардан нарида уч нафар хотини билан умргузаронлик қилаётган Комил тўртинчи бор уйланади. Янги аёлнинг оилага кириб келиши билан боғлиқ баъзи можаролар ва ҳудуддаги сиёсий аҳвол хонадоннинг пароканда бўлишига сабаб бўлади.

Ролларни Баҳром Матчонов, Юлдуз Ражабова, Элмира Раҳимжонова, Маржона Ўлжаева, Санобар Ҳақназарова, Нодира Хожиқулиева ва бошқалар ижро этган.

Муаллифлар картинани 25 ноябргача тегишли тартибда Ўзбекистон Миллий кинокомиссиясига тақдим этиши зарур.

«Оскар» мукофотига даъвогар ўзбек фильмлари шорт-листига Жаҳонгир Қосимовнинг «Ибрат» ва Аюб Шаҳобиддиновнинг «Рангсиз тушлар» фильмлари ҳам киритилганди.

Ўзбекистон «Оскар» қўмитаси йиғилишида қўмита раиси Фирдавс Абдухолиқов ҳамда қўмита аъзолари Зулфиқор Мусоқов, Матёқуб Матчонов, Баҳодир Одилов, Ҳамидулла Ҳасанов, Элжон Аббосов, Нигора Каримова, Жаҳонгир Аҳмедов, Манноп Қўчқоров, Азиз Арзиқулов, Умид Ҳамдамов, Бахтиёр Ёқубов, Фаррух Тўлаганов, Элдор Йўлдошев, Игорь Пинхасов ҳамда продюсер ва қўмита координатори Ойбек Абдушукуровлар иштирок этган.

Мазкур қўмита 2019 йил баҳорида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, Ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон миллий кинокомиссияси ташаббуси билан ташкил қилинган эди.

93-марта ташкил этиладиган «Оскар» мукофотининг тақдирлаш маросими 2021 йилнинг 25 апрел куни Лос-Анжелес шаҳрининг машҳур «Dolby» театрида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид