«Аёлимни рози қилиш учун барчасини қилдим, аммо...» — хиёнат гирдобида қолган эркак ҳикояси
“Ёшим 36да. Гулдай касбим бор. Икки марта оила қурган бўлсам-да, иккисидан ҳам хиёнат кўрдим. Аёллар вафоли бўлади, эрига камдан кам ҳолларда хиёнат қилади, деб ўйларсиз. Мен ҳам шундай фикрда эдим. Биринчи оиламдан рўшнолик кўрмагач, иккинчисидан ҳаловат топаман, деб ўйлагандим. Аммо ундай бўлмади”.
Ҳаётда ҳар ким ўзи учун тўғри деб билган йўлдан юради. Аллоҳ томонидан берилган синовлардан қандай ўтиш инсоннинг ўз танловига боғлиқ. Умр аталмиш узоқ сафарда инсон ёруғ ва зулматли кунларни бошдан кечиради. Кимлардир оғир дамда сабр ила яшаса, баъзилар борига қаноат қилишни унутиб қўйишади. “Ҳаётий ҳикоялар” рукнининг навбатдаги қаҳрамони Навоий вилоятидан.
“20 ёшга кирмасимдан уйлантириб қўйишди”
Навоий вилоятиданман. Ёшим 36да. Кўп йиллардан бери механик бўлиб фаолият юритаман. Топиш-тутишим яхши. Тақдир тақозоси билан икки марта оила қурдим. Биринчи уйланганимда эндигина 19 ёшга киргандим. Техникумни энди тугатиб, ишга жойлашган вақтларим эди. Онам уйлантириш пайига тушиб қолди. Хоҳиш-истакларимни ҳисобга олмай бизга қариндош бўлган қизга уйланасан, деб туриб олди. Шу тариқа оила қурдим. Кунлар бир текисда ўтаверди.
Бу орада аёлим ўзини ғалати тута бошлади. Бир йигит билан телефонда гаплашадиган бўлди. Олдин яширинча, кейин очиқчасига телефон қилиб, мен гўшакни кўтарсам аёлимни сўрарди. Бу гапни ота-онамга айтганимда, онам тинчлигимиз учун кўз юмишимизни айтди. Табиийки, жаҳлим чиқди. Ҳар қандай эркак бунга чидаб туролмайди. Шундай бўлсаям, кўнглини олишга ҳаракат қилдим. Бўлмайдигани бўлмас экан: нимадандир жанжал чиқариб, уйига кетиб қолди. Тўққиз ой бирга яшадик. Қариндошлар яраштиришга ҳаракат қилишди. Аммо кўзидан хоҳламаётгани билиниб турарди.
“Қизим ва мен бир-биримизни танимаймиз”
Биринчи аёлимдан қизим бор. Яқинда 16 ёшга киради. У бувисиникида яшайди. Биз бир-биримизни танимаймиз. Чунки бунга ҳар хил сабаблар бор. Ўша пайтлари 20 яшар йигит эдим. Оталик масъулиятини унчалик ҳис қилмасдим.
Биринчи турмушимиз омадсиз бўлишида унинг ҳам, менинг ҳам айбимиз йўқ. Ажрашишимга сабабчи бўлган йигит кейинчалик маълум бўлишича, уйимгача келган экан. Фарзанд меники эканлигига шубҳа қилдим. Тўғри, болада айб йўқ, бироқ эркаклик ғуруримдан ўтолмай қизимни бағримга босолмадим. Фарзанд меники ёки бошқасиники эканлигини аёлимдан сўролмасдим. Оғир гапни кўтаролмасдим. Шу пайтгача қизимнинг алиментини тўлаб келяпман. Лекин оталик меҳрини беролмадим.
Лекин баъзи вақтларда ўқийдиган мактабига бориб, узоқдан кўриб келганман. Бўлган ишларда иккаламиз ҳам алданганмиз, деб ўйлайман. Яхши кўрган йигитига жуда ишонган эди, мен эса унга. Ҳозир аёлим умуман бошқа инсонга турмушга чиқиб, болалари билан бошқа шаҳарда яшашяпти.
“Иккинчи турмушим бир текисда кетаётган эди, агар...”
Биринчи турмушимдан ажрашгач, салкам тўрт йил фақат ишладим. Қайта оила қуриш ҳақида ўйламасдим. Ичиш, чекишга ружу қўйдим. Иш вақтида ҳам ичкиликни қўймасдим. Кейин ишдан бўшатишди, олти ой ишсиз қолиб кетдим. Ишга тиклангач, ўзгардим ва яна аввалги ҳолатимга қайтдим. 2007 йил октябрда бувим бир қиз билан учраштирди. Гаплашдим. Бамаъни қиз экан. Розилигимни айтдим. Тўй ўтди. Бир неча йилдан кейин ўғилли бўлдик. Онам бир куни аёлимни ишга жойлаштириб қўйишини айтди. Онамнинг гапини маъқулламадим. Ўзим рўзғорни эплардим. Аёлим фарзанд тарбияси, уй ишларини эпласа бўлди эди.
Йўқ, дейишимга қарамасдан онам аёлимни ободонлаштириш бошқармасига ишга киргизиб қўйди. Ишлай бошлади, кейин иккинчи ўғлимизга ҳомиладор бўлди. Туғруқ таътилидан сўнг ишини давом эттирди. Ишлай бошлаганидан сўнг феъли ўзгара бошлади. Авваллари жанжаллашмасдик. Турли арзимас сабаблар билан тез-тез тортишадиган бўлдик. Ундан ташқари, ўзининг телефонидан ташқари яна мендан яшириб бошқасини ишлата бошлади.
Мени билмайди, деб ўйлади. Лекин телефони қўнғироқларни автоматик ёзиб оларди. У буларни билмасди. Холаваччаси билан мен билмайдиган телефон ҳақида гаплашганини эшитиб қолдим. Овозни ўзига эшиттирганимдан кейин тан олди. Яхшилаб ўзи билан гаплашдим, ўртада фарзандлар борлигини тушунтирдим. Лекин у бундан хулоса чиқармади.
“Аёлим устимдан порталга ёзди. Шундан кейин ҳақиқий ҳангома бошланди”
2017 йилнинг бошлари эди. Аёлим устимдан шикоят қилиб, алоҳида уй беришларини сўраб, порталга мурожаат жўнатган экан. Бундан умуман хабарим йўқ эди. Бир куни ишдан келсам, аёлим, онам ўзларида йўқ хурсанд бўлиб ўтиришган экан. Ҳайрон бўлиб сўрасам, аёлим порталга мурожаат қилганини ва кредитга икки хонали уй берилишини айтди. Нимага устимдан шикоят қилиб ариза ёздинг, деб сўрасам, майли, қўяверинг, баҳонада арзон уй-жойли бўламиз, деб жавоб берди. Кўнглим жуда ғаш бўлди негадир.
“Бирон нохушлик бўлишини сезгандим”
Уйли бўлганимиздан кейин аёлимнинг ғалати қилиқлари кўпая бошлади. Эрталабдан кечгача ишда бўлардим. Шундан фойдаланиб, янги уйга кетиб қоладиган одат чиқарди. Онам вафот этганидан сўнг отам ўзи қолиб кетди. Инсульт касаллиги бўлгани учун кимдир унга қараши керак эди. У эса отамга қарамасдан кетиб қоларди. Кўнглимга шубҳа оралай бошлади.
Ишхонадан дам олишга йўлланма беришганди. Шу сабабли уйда эмасдим. Бир куни аёлим уйга ўғри тушганини, тез етиб келишим кераклигини айтиб қўнғироқ қилди. Дарров етиб бориб, камераларни текширдим. Лекин ҳамма жойга ҳам камера ўрнатилмаган экан. Кейин дадам айтди: “Ўғлим, уйга ҳеч қанақа ўғри тушмади, мен боргандим. Хотинингни ортидан пойлаб боргандим. Ўғлим, хотинингни юриши бошқача. Йиғиштириб ол”, деб айтди.
Хотинимдан нима учун у ерга борганини сўрасам, алимент учун керакли ҳужжатларни олишга борганини айтиб ўзини оқлади.
“Ажрашмасдан алимент тўлай бошладим”
Аёлим билан ажрашмасдан туриб, болаларимга алимент тўлай бошладим. Хотиним алимент ундириш учун ариза ёзиб берганди. Ажрим бўлмаса ҳам алимент тўладим. Шунақасиям бўларкан. Хотиним пул жинниси эди. Ойлигимни олиб келиб берсам ҳам пул сўраб ҳоли жонимга қўймасди. Шунинг учун болаларга алимент тўлардим ва пулнинг ҳаммасини аёлим ишлатарди. Пулни нақд кўринишда олиши учун идорага бориб ҳужжатларини тўғрилаш керак эди. Керакли ҳужжатлардан бири икки хонали уйда қолиб кетган экан. У шуни олиш учун борган ва ўғри тушгани ҳақида менга хабар қилганди.
“Вазият ўнгланмади, баттарлашиб бораверди”
Мен ишга кетишим билан аёлим нариги уйга кетиб қоларди. Болалар, дадам ош-овқатсиз қолиб кетишарди. Нега кетиб қоласан, деб сўрасам, менга шу жой қулай. Ҳовли уйда яшамайман, деб туриб олди. Кейин дадам ҳам оиламиз бузилмаслиги учун бирга яшанглар, деди. Дадамни касал ҳолида катта ҳовлида ташлаб кетолмасдим. Унинг айтгани бўлмагани учун уйда доим жанжал кўтарарди. Бир неча марта ўша уйга кетиб қолди, барчасига кўз юмиб қайтариб олиб келдим. Фойдаси бўлмади. Битта ўғлимни олиб кетиб қолди.
“Ўртада болаларим қийналяпти”
Иккаламиз жанжаллашиб ўртада фарзандларни сарсон қилдик. Бегуноҳ фарзандларимиз қийналишяпти. Муносабатларимиз совуқлашгани уларга қаттиқ таъсир қила бошлади. Ўғлим менга ишда бўлган пайтимда уйда нима бўлганини айтиб берарди. Хотиним “IMO”да бегона эркаклар билан гаплашаркан. Бола тилидан бу гапларни эшитиш оғир. Аёлим мен билан жанжаллашиб, кичик ўғлимни олиб “дом”даги уйга кетиб қолди.
“Ажрашиш жуда қийин жараён. Бундан фақат болаларим азоб чекяпти”
Аёлимнинг ҳар қандай қилиқларига чидаб келдим, лекин хиёнатига эмас. Ажрашиш учун ариза бердим. Биринчи суд яқинда бўлиб ўтди. Кейинги судгача ярашиб олиш учун 5 ой муҳлат берилди. Болалар тарбиясига хотиним жуда салбий таъсир қиляпти. Хулқи ҳеч қайси қолипга сиғмайди. Болаларимни унга топширишни истамайман. Ажраштиришни сўраб президент порталигача мурожаат қилдим. Милицияга арз қилиб борсам, улар устимдан кулишди. Мени ҳеч ким эшитмаяпти. Бошимга тушганидан кейин билдимки, бизда ажрашиш жараёни жуда қийинлаштириб юборилган. Барча ажрим ҳолатларига бир хил усул қўлланмаслиги керак. Менинг ҳолатимда ажрашишдан бошқа йўл йўқ. Ярашишга умуман сабаб йўқ. Ажрим жараёни узайиб кетавергани сари ўртада болаларим қийналяпти.
Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди
Мавзуга оид
16:07 / 03.12.2024
Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармасига янги раҳбар тайинланди
19:25 / 02.12.2024
Навоийда пора олган ИИБ ходими озодликдан маҳрум қилинди
12:16 / 01.11.2024
Навоийда одамлар даромадини кўпайтириш масаласи кўриб чиқилди
21:27 / 31.10.2024