Жаҳон | 19:56 / 23.11.2020
6392
2 дақиқада ўқилади

Франциянинг собиқ президенти Николя Саркозига нисбатан суд жараёни бошланди

Париж суди Франциянинг собиқ президенти, коррупцияда ва таъсирни сотишда айбланаётган Николя Саркози устидан қўзғатилган ишни кўриб чиқишни бошлади. 

Фото: REUTERS/Charles Platiau

Саркози суд йиғилишига ўзининг адвокати Тьерри Херцог билан бирга келган. Херцог ҳам ушбу иш бўйича гумонланувчи сифатида ўтмоқда.

Саркози судга келгач, журналистлар саволларига жавоб бермаган. Судга Херцогни қўллаб-қувватлаш учун унинг ҳамкасблари ҳам келган.

Жорий октябрда Саркозига 2007 йилда унинг президентлик кампаниясининг Ливия томонидан эҳтимолий молиялаштирилиши иши бўйича жиноий гуруҳда иштирок этиш айблови билдирилган. Ушбу иш бўйича тергов 2012 йилда Mediapart француз нашри Ливия ҳукумати томонидан Саркози кампаниясига 50 млн евро берилгани ҳақидаги ҳужжатларни чоп этгандан кейин бошланган. Ўшанда собиқ президент айбсизлигини исботлашга ваъда берган.      

Францияга 2007-2012 йиллар давомида раҳбарлик қилган Саркозига ушбу иш бўйича 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси ва йирик жарима хавф солмоқда.

Бу Франциянинг собиқ президентларига нисбатан олиб борилаётган иккинчи суд ҳисобланади. 2011 йилда Франциянинг собиқ президенти Жак Ширак Париж мэри лавозимини эгаллаган вақтда ўз партиясини молиялаштириш учун давлат маблағларини ўғирлашда айбдор деб топилган. Ушбу иш бўйича Ширак 2 йилга шартли равишда озодликдан маҳрум этилган.

Мавзуга оид