Иқтисодиёт | 07:34 / 24.11.2020
83107
2 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги қотиллик видеосини тарқатганлар қамалди

20 ноябр куни Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган савдо дўконида эркак ўз хотини ва унинг танишини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди. Кўп ўтмай ўша ҳолатнинг видеоси интернетда тарқалди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг ёзишича, ўша видеолар ноқонуний тарқатилган ва уларни тасвирга олиб тарқатганларга нисбатан қонуний чора кўрилган.

«Самарқанд шаҳридаги савдо марказларидан бирида қонга булғанган пичоқни кўтариб, икки кишининг ўлимига сабаб бўлган фуқаронинг тасвири акс этган видео ҳамда фотолавҳалар тарқалди. Шов-шувларга сабаб бўлган ушбу видео (фото) юзасидан ИИБ ходимлари текширув ишларини олиб боришди. Ваҳшийлик акс этган ушбу видеолавҳалар 3 нафар самарқандлик йигитлар томонидан тасвирга олиниб, тарқатилгани маълум бўлди.

Ушбу шахсларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди. Самарқанд шаҳар маъмурий ишлар бўйича суди томонидан учала йигитга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси барча ОАВ ходимлари, блогерлар ва фуқароларнинг ахборотни олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатиш ҳуқуқлари мавжудлигини эслатиб ўтади. Фақатгина бундай ҳаракатлар қонун доирасида амалга оширилиши лозим.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда 189-1 ва Жиноят кодексида 130-1-моддалар мавжуд бўлиб, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланган», – дейилган ИИБ баёнотида.

Маълумот учун, юқоридаги жиноят 20 ноябр, жума куни 42 ёшли эркак томонидан рашк туфайли содир этилган. Паст Дарғом туманида яшовчи фуқаро хотинини кузатиши вақтида уни бошқа эркак билан кўриб қолади ва Самарқанд шаҳридаги халқ тилида «Поворот» деб аталувчи жойдаги савдо дўкони ичида ҳар иккисини пичоқлаб, ўлдиради. Тарқалган видеода кўринганки, қотил жиноятни содир этгач, ҳеч қаерга қочмай одамлардан милицияни чақиришни сўраган.

Мавзуга оид