Жамият | 13:47 / 24.11.2020
11342
1 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилоятида ҳайдовчи машина бошқарувини йўқотиб, газ қувурига бориб урилди. Бутун шаҳар вақтинча газсиз қолган

Жорий йилнинг 23 ноябр куни тунги соат тахминан 3:00лар атрофида Сирдарё вилояти Ширин шаҳар “Амир Темур” маҳалласи “Ибн Сино” кўчасидан ўтувчи ўрта босимли газ тармоғида авария ҳолати юзага келган.

Фото: Ширин шаҳар ҳокимлиги

“Сирдарё хабарлари” маълумотига кўра, шахси очиқланмаган ҳайдовчининг бошқарувни йўқотиши оқибатида автотранспорт воситаси ушбу газ қувурига бориб урилган ва натижада газ қувурида авария ҳолати юзага келган.

Шу вақтнинг ўзида шаҳар ҳокимлиги ҳамда “Шириншаҳаргаз” газ таъминоти корхонаси ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида муаммо жойида ва ўз вақтида бартараф этилгани айтилади.

Шу муносабат билан газ таъминоти бутун шаҳар бўйлаб соат 3:00дан 9:00гача узиб қўйилган.

Kun.uz мухбири мазкур вазият юзасидан Ширин шаҳри ҳокимлиги билан боғланиб изоҳ олди:

"Газ ўчиб қолгач, улагандан кейин дарров ёқилса хонадонларда қандай вазият юз беришини тахмин қилиш қийин. Шунинг учун, авария оқибатлари тунда бартараф этилгач, эрталаб тонг отишини кутишга мажбур эдик.

Яъни, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида газ таъминоти эрталабки соат 09:00 гача узиб қўйилган".

Мавзуга оид