Ўзбекистон | 20:26 / 29.11.2020
20229
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар прокурори прокуратура соҳасидаги асосий камчиликлар ҳақида фикр билдирди

Прокуратура соҳасидаги асосий камчиликлар – ходимларнинг муомаласи ва билим даражаси билан боғлиқ, дейди пойтахт прокурори Баҳриддин Валиев.

24 ноябрь – 1 декабрь кунлари Тошкентда оммавий қабуллар ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Куни кеча бўлиб ўтган Бош прокуратура ва Тошкент шаҳар прокуратураси мутасаддилари қабули – мурожаатчилар энг кўп тўпланган қабуллардан бири бўлди.

Жараён давомида Kun.uz мухбири Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев билан суҳбатда бўлди

«Шаҳар прокуратурасида фуқаролар ҳар куни қабул қилинади, сешанба ва пайшанба кунлари эса катта қабуллар уюштириб келяпмиз. Бир марта, сидқидилган текшириб, охиригача етайлик, қанча вақт талаб қилса ҳам, деб прокуратура ходимлари ўзимиз келишиб олганмиз.

Агар мурожаатлари қонуний бўлса, биз охиригача курашяпмиз. Лекин қонунсиз талаблар бўладиган бўлса, унда ҳам такрорий мурожаатлар бўлишининг олдини олиш учун бир марта жиддий текшириб чиқиб, айтяпмиз: «Мана, биз текширдик, сизнинг мурожаатларингизни қаноатлантириб бўлмайди, бу қонунга тўғри келмайди», дея тушунтиришлар бериб келяпмиз.

Лекин тўғрисини айтганда, кўпроқ суд ишлари бўйича... Фуқаролик суди, жиноий суд, умуман анча вақтлардан бери судралиб келаётган ишлар ҳам йўқ эмас. Бунинг ичида шаҳар прокурорининг ваколатига кирмайдиган ишлар ҳам бор. Биринчи инстанция судида кўрилган, апелляция ёки кассация инстанцияларида ҳам кўрилган ишлар бўйича мурожаатларни ўрганиб, агарда лозим деб топсак, мурожаатни қонуний деб ҳисобласак, судлар томонидан қабул қилинган қарор ёки ҳукмларни бекор қилиш тўғрисида Олий судга протест киритишни сўраб, бош прокурорга тақдимномалар ҳам киритиб боряпмиз.

Ўзимизда ҳам камчиликлар кўп. Шаҳар прокуратурасида ҳам ва умуман прокуратура соҳасида. Камчиликлар бўйича ишлашимиз керак. Камчиликлар деганда қонунбузилишларни назарда тутмаяпман, асосийси – муомалада камчилигимиз бор, ўзимизнинг устимизда ишлашимиз керак, қонунларни охиригача билмаслигимиз бор.

Бу борада ҳам ходимларни ўргатиш ишларини олиб боряпмиз. Лекин беш қўл баравар эмас. 250дан зиёд ходимимиз бор. Ҳаммасини бир хил даражада билимдон деб айта олмаймиз. Шу сабабли ҳар жума куни ўқишларимиз бор», – деди Баҳриддин Валиев.

Унинг қўшимча қилишича, Тошкент шаҳар прокуратурасига ҳар йили 10–15 нафаргача янги ходимлар ишга қабул қилинади. Улар бош прокурорнинг буйруғига асосан қўйилган талабларга биноан тайёрлаб борилади.

Мавзуга оид