Жаҳон | 20:42 / 01.12.2020
6106
2 дақиқада ўқилади

АҚШда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари декабрдаёқ юз бергани маълум қилинди 

АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш бошқармаси (CDC) коронавирус бўйича ўз тадқиқоти натижаларини эълон қилди. Унга кўра, АҚШда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари бу ҳақида расман маълум қилингандан бир неча ҳафта олдин, яъни 2020 йил январда эмас, балки 2019 йил декабрдаёқ юз берган.  

Фото: REUTERS/Jason Redmond

Тадқиқотчилар бундай хулосага АҚШ Қизил Хоч жамияти томонидан 9та штат аҳолисидан 13 декабрдан 17 январгача даврда олинган қон таҳлиллари асосида келишган. Олинган 7389та намунадан 106тасида коронавирусга антитаналар топилган. Жумладан, антитаналар 2019 йил 13-16 декабр кунлари АҚШ ғарбида жойлашган Калифорния, Орегон ва Вашингтон штатларида олинган 369та намунада ҳамда 30 декабр-17 январ кунлари АҚШ шарқида жойлашган Массачусетс, Мичиган, Висконсин, Коннектикут ва Род-Айленд штатларида олинган 67та намунада аниқланган.      

Олинган натижалар CDC мутахассисларига касалланиш ҳолатлари декабрдаёқ АҚШнинг турли қисмларида юз берганини айтишга асос берган. 

Аввалроқ АҚШда коронавирусга чалиниш бўйича илк расмий ҳолат 19 январда, Хитойда эса декабр ўрталарида қайд қилинган, деб ҳисоблаб келинган. Бироқ норасмий маълумотларга кўра, Хитойда илк касалланиш ҳолатлари расмий хабарлардан бир неча ҳафта олдин – ноябрдаёқ юз берган бўлиши мумкин. Бу CDC тадқиқотлари давомида олинган натижалар билан ҳам қисман тасдиқланиши мумкин. 

 

Мавзуга оид