Эронда Муҳсин Фахризода уч давлатнинг яширин келишуви қурбони бўлгани айтилди
Эронлик ядрочи олим Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилиши Исроил, АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги яширин келишув натижасида амалга оширилган. Бундай баёнот билан Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф чиқди.
“Помпеонинг (АҚШ давлат котиби) минтақага шошилинч ташрифлари, Саудия Арабистонидаги уч томонлама учрашув (Саудия Арабистони, АҚШ ва Исроил учрашуви) ва Нетаняхунинг (Исроил бош вазири) баёноти – буларнинг барчаси жума куни (27 ноябр) теракт содир этилиши ва мамлакатнинг энг атоқли вакилларидан бирининг ҳалок бўлишига олиб келди”, – деб айтилган Зариф баёнотида.
Эрон ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, янги ихтилоф Теҳронга қарши санкцияларни бекор қилишга туртки берувчи сиёсий вазиятни барбод қилишга қаратилган.
Фахризода 27 ноябрда Теҳрон яқинидаги Абсард аҳоли пунктида қуролли ҳужумга учраганди. Кейинроқ олим олинган жароҳатлардан шифохонада вафот этди.
Эрон ушбу қотилликда Исроилни айбламоқда. Бундан ташқари, АҚШ разведкаси ҳам ушбу теракт ортида Исроил турганига ишора қилган. Таъкидланишича, Фахризоданинг ўлдирилишидан Оқ уйнинг бўлғуси раҳбари Жо Байденга Эрон билан дипломатик алоқаларни тиклашга тўсқинлик қилиш мақсад қилинган.