Zamin фонди амалга ошираётган лойиҳа 60 фоиз болаларни карликдан қутқариши мумкин
Тошкентда бошланган синов лойиҳаси доирасида, янги туғилган чақалоқлар эшитиш қобилиятининг скрининг текширувидан ўтказилиши мумкин. Эшитиш қобилиятида нуқсон аниқланган болалар соғлиги учун зарурий чоралар кўрилади.
15 ёшгача бўлган болаларда эшитиш қобилиятини йўқотиш ҳолатларининг 60 фоизини профилактик чоралар ёрдамида олдини олиш мумкин.
Агар эшитиш қобилиятида нуқсони бор болага умрининг дастлабки уч йилида ёрдам кўрсатилмаса, бундай бола нутқ билан боғлиқ муаммоларга дуч келишининг эҳтимоли катта. Шу туфайли вақт ўтиб кар ва соқов бўлиб қолиши мумкин.
Шунинг учун эшитиш қобилиятидаги нуқсонларни ўз вақтида аниқлаш керак, бу йўналишдаги энг самарали усуллардан бири – янги туғилган чақалоқларнинг эшитиш қобилиятини универсал скринингдан ўтказиш ҳисобланади.
Агар биринчи босқичда эшитиш қобилиятининг нуқсонлари аниқланса, болаларга эшита олишлари ва нутқни ривожлантира олишларига ёрдам бериш мумкин. Агар эшитиш қобилиятидаги нуқсон бола туғилгандан кейин 3–5-кунларда аниқланса, мутахассисларнинг тавсияларига кўра, 15–30-куни болани махсус текширувдан ўтказиш ва тегишли чораларни кўриш керак.
«Zamin» фонди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази (РИПИАТМ) билан ҳамкорликда йилига 70 000 дан зиёд чақалоқ дунёга келадиган Тошкент шаҳрида синов лойиҳасини бошлади. Бу ҳақда фонднинг расмий пресс-релизида маълум қилинган.
Хабар қилишича, тиббиёт муассасаларида ўтказилаётган скринингни мониторинг ва таҳлил қилиш учун лойиҳа доирасида онлайн тизим ишга туширилди. 19 нафар шифокор ва 38 нафар ҳамшира германиялик мутахассислар тарафидан ўтказилган тренинг-семинарларда муваффақиятли иштирок этди.
Янги туғилган чақалоқлар шаҳардаги 4 та болалар шифохонасида ва барча 15 та туғруқ марказларида эшитиш қобилиятининг скрининг текширувидан ўтказилиши мумкин.
Эшитиш қобилиятининг нуқсони аниқланса, ҳар бир чақалоққа махсус диагностикадан ўтиш ҳамда эшитиш ва нутқни ривожлантиришга қаратилган зарур чора-тадбирларни кўриш учун РИПИАТМга йўлланма берилади.
Эшитиш қобилиятининг скринингидан ўтган янги туғилган чақалоқлар тўғрисидаги маълумотлар РИПИАТМ қошида яратилган трекинг-марказда тўпланади ва қайта ишланади. Ушбу лойиҳа 1 йиллик синов муддатидан муваффақиятли ўтгандан сўнг республикадаги барча туғруқ марказларига татбиқ қилинади.
2020 йил 2 декабр куни Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида эшитиш қобилиятининг скринингини ўтказиш синов лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
«Zamin» фонди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева лойиҳанинг дастлабки натижалари билан танишди, туғруқ марказлари шифокорлари ва янги туғилган чақалоқларнинг ота-оналари билан суҳбатлашди, уларга энг эзгу тилакларни билдирди. Шунингдек, тиббиёт ходимларига мардонавор меҳнатлари учун алоҳида миннатдорчилик билдирилди, дейилади хабарда.
Мавзуга оид
17:54 / 16.10.2024
«Замин» фонди Қорақалпоғистондаги 180 та мактабни сув тозалаш ускуналари билан жиҳозлади
16:23 / 31.08.2024
Бўстонлиқда инклюзив IT оромгоҳи ташкил этилди
18:42 / 27.06.2024
Зироат Мирзиёева Самарқанддаги “Меҳрли мактаб” ўқувчилари билан суҳбатлашди
21:43 / 09.11.2023