«Бугунги Ўзбекистон шароитида чекловлар ҳақида камроқ гапиришимиз керак» — Русланбек Давлетов
Адлия вазири Русланбек Давлетов ОАВ эркинлиги масалалари бўйича ташкиллаштирилган давра суҳбатида айрим чегаралар бўлиши кераклиги, лекин бу чегара демократик жамиятда керак бўладиган таомилда оқилона бўлиши лозимлигини айтиб ўтди.
«Ҳамма ҳуқуқда чегара бўлиши керак. Яшаш ҳуқуқида чегара бўлмаслиги керак. Чунки яшаш ҳуқуқи – энг олий неъмат. Бошқа ҳуқуқларда кўришимиз мумкинки, айрим чегаралар бўлиши керак. Бу умумжаҳон ёндашуви, бу дунё миқёсида қабул қилинган стандартларда ҳам белгиланган. «Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси», «Сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт» - у ерда ҳам айтилганки, бу ҳуқуққа чеклов бўлиши мумкин. Фақат демократик жамиятда керак бўлган, оқилона келтирилган чекловлар бўлиши керак. Бу – хавфсизлик, ҳудудий яхлитлик билан боғлиқ бўлган, ёш болаларни ҳимоя қилиш нуқтайи назаридан, интеллектуал мулк билан боғлиқ бўлган, бошқа инсонларнинг ҳуқуқларига дахл қиладиган маълумотлар, туҳмат, ҳақорат ҳақида гап кетади. Ҳеч кимга айнан мана шу чегараларни бузиб ўтиш ҳуқуқи берилмаган», деди Адлия вазири Халқаро пресс-клубда ўтказилган тадбирда.
У бугун чекловлар ҳақида камроқ, аксинча ҳуқуқни таъминлаш тўғрисида кўпроқ гапириш кераклиги ҳақида фикр билдирди.
«Бугунги Ўзбекистон шароитида чекловлар ҳақида камроқ гапиришимиз керак, деб ўйлайман. Чунки чеклашга жуда устамиз. Шу пайтгача буни жуда ҳам зўр уддалаганмиз. Ўйлайманки, бугунги кунда ҳуқуқни таъминлаш тўғрисида кўпроқ гапиришимиз керак. Чунки блогерлар ҳам, нодавлат телевидение ҳам айтяпти, ҳамма тайёрмас дейишяпти. У ёки бу давлат органида ягона ёндашув йўқ дейиляпти.
Мана шуларни шакллантирсак, уларнинг масъулиятини оширсак, бу ердаги диалог яқинлашади, мулоқот, бир-бирини тушуниш яна ҳам яхшиланади деб ўйлайман. Айнан мана шу йўналишда ишлашимиз керак.
Бу ерда жуда чигал муносабатлар шаклланган. Чунки сўз эркинлиги кимнингдир бошқарув эркинлигига дахл қилгани учун давлатнинг бу ердаги асосий вазифаси – ўйлайманки, бу ерда бошқарувни йўлга қўйиш керак. Бу тизимда бўлаётган муносабатларни тартибга соладиган инфратузилмаси бўлиши керак. Давлатнинг аралашиш принциплари, механизмлари аниқ белгиланган бўлиши керак. Бу қонун даражасида бўлиши керак.
Оммавий ахборот воситалари ва қонунчилик ўртасида қандайдир муаммоли масала туғилса, судга борилиши керак. Афсуски, бизда судга берибди дейилса, жуда катта воқеликка айланиб кетяпти. Аслида биз бунга кўникишимиз керак, бу нормал жараён», деди Русланбек Давлетов.
Мавзуга оид
15:00 / 21.12.2024
Kun.uz'нинг YouTube'даги обуначилари сони 3 миллиондан ошди
15:08 / 13.12.2024
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иқтисодчи Отабек Бакиров устидан ҳуқуқ органларига ариза берди
21:49 / 12.12.2024
Австралия интернет компанияларни маҳаллий ОАВ контенти учун пул тўлашга мажбур қилади
19:18 / 04.12.2024