Жамият | 19:51 / 03.12.2020
4002
2 дақиқада ўқилади

Давлат божхона қўмитасида очиқ эшиклар куни ташкил этилди

Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан антикоррупцион ҳафталик тадбирлари доирасида 3 декабрь куни Давлат божхона қўмитасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда очиқ эшиклар куни ташкил этилди. Кенг жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва талабалар иштирокида бўлиб ўтган тадбирда агентлик директори Акмал Бурхонов коррупциянинг олдини олишдаги муҳим омиллар ҳақида тўхталди.

«Ҳаммамиз биламиз, коррупциянинг олдини олишнинг энг муҳим йўналиши - ҳар қанақа давлатда ҳам, ривожланган давлатларда ҳам давлат идораларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг фаолияти имкон қадар жамоатчиликка очиқлигини таъминлаш ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам мана шу антикоррупцион ҳафталик доирасида вазирлик ва идораларга агентлик томонидан таклиф юборилди. Коррупция хавфи юқори бўлган, кўпроқ фуқаролар билан, тадбиркорлар билан ишлайдиган давлат идоралари томонидан ўзларининг фаолияти тўғрисида жамоатчиликка очиқ-ошкора маълумот бериш.

Нафақат коррупцияга қарши курашиш борасида, балки амалга оширилаётган ишлари ҳақида очиқ эшиклар кунларини ташкил этишларини тавсия қилган эдик. Биз хурсанд бўлдик, Давлат божхона қўмитаси биринчилардан бўлиб шу таклифимизни қабул қилиб, бунга тайёр эканликларини билдиришди», дейди агентлик раҳбари.

Йиғилишда Давлат божхона қўмитаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида «Коррупцияга қарши курашишда ўзаро ҳамкорлик тўғрисида»ги меморандум имзоланди.

Акмал Бурхонов Давлат божхона қўмитаси тизимида яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш бўйича янги тизим ва янги механизмлар жорий этилганини қайд этди. Шу ўринда камчиликлар ҳам айтиб ўтилди. Хусусан, айрим фаолият турларини амалга оширишда ҳалиям инсон омили мавжудлиги, тартибга солувчи ҳужжатларда бўшлиқлар борлиги, имтиёзларни қўллаш механизмларининг мураккаблиги, норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳаддан зиёд кўплиги, улардаги айрим жиҳатларнинг ўзаро номувофиқлиги қайд этилди.

Мавзуга оид