Ҳукумат сўз ва матбуот эркинлигини таъминлашни ўзининг асосий бурчи деб билиши лозим — Сафоев
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунчилигида сўз ҳамда матбуот эркинлиги ва Ўзбекистонда ОАВни ривожлантириш жараёнлари» мавзусидаги давра суҳбатида сўнгги тўрт йил ичида Ўзбекистондаги сўз эркинлиги, ОАВнинг тутгани ўрни кескин равишда ўзгаргани ҳақида гапирди.
«Илгари Сенат ялпи мажлисларига кириш учун аккредитация қилиш қандай машаққат бўлганини ҳамма яхши билади. Ҳозир Сенат мажлислари нафақат онлайн, балки интерактив тарзда ўтмоқда. Сенат мажлисида берилган саволлар, кўтарилган масалаларни шу заҳоти, шу жойнинг ўзида ҳал қилишга интилиш бор.
«Сўзсиз, ҳеч қандай шак-шубҳасиз, ОАВ бугунги кунда халқ овози, тўртинчи ҳокимиятга айланиб бормоқда. Ҳали балки катта кўп чўққиларга етганимиз йўқ, лекин биринчи силжишларни инкор қилиш мумкин эмас. Бу албатта муҳим», деди Содиқ Сафоев.
У сўз ва матбуот эркинлигисиз демократияга эришиб бўлмаслигини таъкидлади.
«БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг эътирофи бўйича сўз эркинлиги бу – инсон ривожланишининг ажралмас бир омилидир. Биз мана шуни билишимиз керак. Агар бугун биз ренессанс ҳақида гапираётган бўлсак, инсоннинг манфаатлари ҳақида гапирмоқчи бўлсак, бунга демократиясиз, сўз ва матбуот эркинлигисиз эришиб бўлмайди. Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги - демократиянинг қон айланиш тизимидир.
Ҳукумат фаолияти ҳақида аҳолини хабардор қилиш, айни вақтда ҳукуматга халқ фикри, умидлари, балки норозиликларини етказиш, ҳокимият шаффофлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жамият барқарор ривожланишининг омилидир. Ҳеч қандай шак-шубҳасиз, буни ҳаммамиз тан оламиз, сўз ва матбуот эркинлиги замонамиз талабидир.
Агар ўз вақтида президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан мана шу ислоҳотлар бошланмаганида, агар жамиятимизда сўз, матбуот эркинлиги жорий этилмаганида пандемия шароитида бизнинг аҳволимиз анча мураккаб бўларди. Биз ОАВ, шу жумладан, электрон манбалар ва блогерларга аҳолининг манфаатларини, пандемия давридаги муаммоларини кескин равишда кўтарганлиги учун, уни ҳокимият олдида дадил қўйганлари учун ҳам марказда, ҳам жойларда чексиз миннатдор бўлишимиз керак. Бугун шу сўзни айтишни бурчим деб биламан.
Биринчи навбатда шуни тушунишимиз керакки, ҳукумат, парламент, фуқаролик жамияти сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, ОАВ ҳуқуқ ва имтиёзларини кафолатлашни ўзининг асосий бурчи ва вазифаси деб билиши керак. Бунинг учун энг муҳими, давлат раҳбарининг сиёсий иродаси бор. Бошидан президентимиз бизнинг бугунги сиёсатимизни амалга оширишда ОАВ ва уларнинг янги шаклларини, блогерлар ҳақида ниҳоятда муҳим фикрларни илгари сурганлар», деди Содиқ Сафоев Халқаро пресс-клубдаги учрашувда.
- Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи охирида Асад Ходжаев номидан бир қатор нашрларга огоҳлантириш хатлари юборилганди. Хусусан, Kun.uz сайтига газ-свет муаммосини ёзгани учун юборилган хатда таҳририят нохолисликда айбланган ва «жиддий ҳуқуқий оқибатлар»дан огоҳлантирилганди. Ўз навбатида, таҳририят буни «босим ўтказиш» деб баҳолади. Бундан ташқари, яна бир огоҳлантириш хати Daryo.uz интернет нашрига юборилганди. Шунингдек, АОКА COVID-19 статистикаси бўйича янгилик сабабли Gazeta.uz’ни огоҳлантирганида, нашр бунга жавобан, «Биз огоҳлантириш хатига таҳририятни «ноқулай» саволлар беришдан тўхташга мажбур қилишга уринишни эслатадиган кескин жавоб деб қараймиз», дея ёзган эди.
- Шундан сўнг БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Ҳелена Фрэйзер ва қатор хорижий давлатларнинг Тошкентдаги элчиларида мамлакатдаги мустақил онлайн-ОАВга Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига келган огоҳлантириш хатларига муносабат билдириб, агентликнинг бу каби хатти-ҳаракатини танқид қилганди.
Мавзуга оид
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
15:20 / 26.10.2024
«Ўзбекистоннинг BRICS'га аъзо бўлиши кун тартибида эмас» – Содиқ Сафоев
12:22 / 28.08.2024
Содиқ Сафоев: Ўзбекистон Афғонистондаги вазият билан боғлиқ масалалар халқаро кун тартибида эътиборсиз қолаётганидан хавотирда
19:55 / 06.08.2024