Ўзбекистон | 07:54 / 03.12.2020
21171
8 дақиқада ўқилади

Жалақудуқда хусусий корхона алдов йўли билан одамлардан пул йиғган. Аҳоли бундан норози

Kun.uz таҳририятига Жалақудуқ тумани Бойчеки МФЙда яшовчи фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда «Фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва қўриқлаш хизмати» МЧЖ ходимлари келиб, аҳолидан 35 минг сўмдан пул йиғиб кетгани айтилади.

Мурожаатга бир нечта тўлов квитанциялари, далолатнома ва шартнома нусхалари илова қилинган.

«Шубҳаланган бўлсам ҳам, тўлов қилдим...»

Мурожаатчилардан бирининг айтишича, уйларига номаълум шахслар келиб, ўзларини фавқулодда вазиятлар хизматидан эканини айтиб, президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қайсидир қарорлари асосида юришганини, одамлардан 35 минг сўмдан нақд пул йиғилаётганини, бу мажбурий тўлов эканини айтишган.

«Уйингизга бирор кор-ҳол бўлса, шу пуллардан зарарни тўлаб берамиз», дейишди. Суғурта ташкилотига ўхшамасди. Хуллас, оз-моз сўроққа тутдим ва улар бераётган жавоблари менда шубҳа уйғота бошлади. Кейин нақд пул эмас, пластикда тўлайман дедим. Шубҳаланган бўлсам ҳам тўлов қилдим, квитанция ҳам ёзиб беришди.

Биздан кейин қўшнимиз ҳам бировдан қарз олиб, тўлов қилди. Уйга кириб тақдим қилинган қоғоз билан таниша бошладим. Қарасам, шартнома дейилган ва унда бизга кўрсатилиши керак бўлган хизматлар ёзилган, лекин ўша хизматлар кўрсатилмади. Шартномадаги рақамга телефон қилиб, гапларини ёзиб олдим. Улар: «Англашилмовчилик бўлибди, биздан ўтибди», деб узр сўрашди», – дейди фуқаро.

«МЧС» эмас, МЧЖ экан

Жалақудуқлик фуқаролар ҳали ҳеч қандай хизмат кўрсатилмай туриб, аҳолидан пул йиғиб олинганидан норози бўлишмоқда. Улар МЧЖнинг Козимжон исмли ходими билан телефон орқали суҳбатда масалани кўндаланг қўйишганини айтишди.

Фуқароларга кўра, бу ташкилот ходимлари ўзларини «фавқулодда вазиятлар ташкилотиданмиз», деб таништиришган. Уларнинг гап-сўзлари ҳар қанча шубҳали бўлса-да, ҳарбийларга хос кийимлари, тўлов учун квитанция тақдим этиши, шунингдек гап-сўзлари содда қишлоқ одамларини ишонишга мажбур қилган.

Натижада улар пул тўламасак бўлмас экан, деган хаёлга боришган.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарияти билан боғландик. Вазиятга бошқарма бошлиғиниг ўринбосари Баҳромжон Ражабов изоҳ берди.

«Булар – давлат рўйхатидан ўтган, юридик шахс мақомига эга МЧЖ шаклидаги нодавлат тижорат ташкилотлари саналади. Лекин улар Фавқулодда вазиятлар вазирлигига умуман алоқадор эмас. Хусусан, Андижон вилояти ҳудудида фаолият юритаётган бундай МЧЖлар вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси таркибий тузилмаларига кирмайди.

Шунингдек, вилоят ҳудудида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва содир бўлган ёнғинларни бартараф этиш ишлари тўлиқ бошқармамиз шахсий таркиби томонидан амалга оширилади. Бунинг учун ҳеч қандай тўлов кўзда тутилмайди, яъни барча ишлар беғараз олиб борилади», – деди ФВБ расмийси.

Бу аслида қандай ташкилот?

Мурожаатчи фуқароларни ўйлантираётган саволлар кўп: аҳолидан пул ундириб юрган МЧЖ аслида қандай ташкилот? Унинг асосий мақсади ва вазифалари нималардан иборат? Йиғиб олган пули эвазига аҳолига қачон ва қандай хизмат кўрсатади?

Мазкур МЧЖнинг Козимжон исмли ходими аҳоли эътирозидан хабардор бўлгани учун ундан изоҳ олишга ҳаракат қилдик. У бўлим бошлиғи эканини, барча саволларга раҳбарларидан жавоб олишимиз мумкинлигини, уларга шикоят мазмунини етказиб қўйишини айтиб, телефонини ўчириб қўйди. Ҳатто фамилиясини сўрашга ҳам улгурмадик.

Кейин МЧЖ иш юритувчиси Бахтиёржон Тиллақобилов биз билан алоқага чиқди. Унинг айтишича, «Фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва қўриқлаш хизмати» МЧЖ 3 йилдан буён вилоят аҳолисига ихтиёрий тузилган шартнома асосида хизмат кўрсатиб келмоқда.

«Ташкилотнинг асосий вазифаси – фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш учун тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, мўриконларни тозалаш, электр энергия объектлари ва иситиш мосламаларни ёнғин хавфсизлигига қарши кўздан кечириш ҳамда ёнғиндан жабр кўрган оилаларга моддий ёрдам бериш.

Ташкилотимиз МЧЖ сифатида давлат рўйхатидан ўтган. 35 та иш ўрни яратилган. Аҳолига ихтиёрий тузилган шартнома асосида хизмат кўрсатилади. Бизда энг яхши техника ускуналари ва тўртта транспорт воситаси мавжуд. Бир гуруҳ ходимларимиз тарғибот билан шуғулланиб, шартномалар тузса, яна бир гуруҳи бевосита хизмат кўрсатади.

Аҳолидан йиғилган пул маблағларининг бир қисми ёнғин содир бўлган ҳолатларда жабр чеккан оилаларга моддий ёрдам кўрсатишга йўналтирилади. Яъни уларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда пул берилади.

Жорий йилнинг ўзида қарийб 35 та оилага моддий ёрдам кўрсатдик. Бундан ташқари, пандемия кучайган даврда бир қанча аҳоли хонадонларига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди», – дейди МЧЖ иш юритувчиси.

МЧЖ вакили Жалақудуқдаги ҳолат ҳақида нима дейди?

Ундан жалақудуқлик фуқароларнинг шикояти бўйича изоҳ сўрадик. Б.Тиллақобилов бу хусусда шундай дейди:

«Ходимларимиз аҳолидан ихтиёрий равишда пул йиғади. Ҳар бир ходимни ишга олишда қонун талаблари доирасида иш юритиш ҳақида тилхат ёздириб оламиз. Бирорта маҳаллага киришдан олдин ўша МФЙ раисига алоқа хати жўнатилиб, ходимларимиз ҳудудда иш олиб бориши ҳақида огоҳ этиб қўйилади. Аҳолида қандайдир савол ёки шикоят бўлса, ёхуд хизматимизга эҳтиёж туғилса, шартномада кўрсатилган телефон рақамига қўнғироқ қилиш мумкинлиги тушунтирилади.

Жалақудуқдаги ҳолат бўйича шуни айтишим мумкинки, бу масалани жойида ўрганиб чиқамиз. Ўша ерда иш олиб борган ходимларимиз ва маҳалла аҳли билан суҳбатлашамиз. Ўртада юзага келган тушунмовчиликни албатта бартараф этамиз».

Очиқ маълумотлар базасига кўра, «Фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва қўриқлаш хизмати» МЧЖнинг ягона таъсисчиси фуқаро Axmedov Bekzod Ulug‘bek o‘g‘li бўлиб, унинг ўзи жамиятга раҳбарлик қилади.

Ҳар йили шу бўлар такрор...

Дарвоқе, «Фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва қўриқлаш хизмати» МЧЖ бу соҳада фаолият юритаётган ягона фирма эмас.

Фирма номига «ёнғиннинг олдини олиш», «ёнғиндан сақлаш», «ёнғинга қарши курашиш» каби қўшимчаларни қўшиб олган бир нечта хўжалик юритувчи субъектлар мавжуд. Улар ҳам аҳолига муайян миқдордаги тўлов эвазига хизмат кўрсатади. Аҳоли ўзининг қўлига тутқазилган шартномага имзо чекади-да, айтилган пулни тўлайди. Кейин кимга, нима учун пул берганини унутиб ҳам юборади. Лекин ўша фирмалар уларни «унутмайди» ва кейинги йили яна эшик қоқиб келади.

Яна шартнома тузилади, яна пул тўланади. Бу ҳолат ҳар йили такрорланаверади...

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасида ёнғин ва унинг олдини олиш билан боғлиқ ва тўлаб борилиши шарт бўлган бирорта ҳам коммунал тўлов ёки солиқ мавжуд эмас. Август ойида Адлия вазирлиги «ёнғин солиғи» учун пул йиғиб юрган шахслар ҳақида огоҳлантирган эди.

Мавзуга оид