Ўзбекистон | 08:07 / 03.12.2020
4216
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда онкологик хизматни ривожлантиришга қаратилган хайрия жамоат фонди ташкил этилди

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўмагида "Ишонч" хайрия жамоат фонди ташкил этилди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, унинг мақсади онкологик касалликларга чалинган одамларга, уларнинг оилаларига, шунингдек, тиббиёт муассасаларига, саратон касаллигига чалинганларга тиббий ёрдам кўрсатадиган шифокорларнинг фаолияти ҳамда уларнинг илмий тадқиқотларини қўллаб-қувватлашдир.

Фонд Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 октябрда қабул қилинган "Онкологик хизматни янада ривожлантириш ва онкологик касалликларнинг кечки босқичларини бошидан ўтказаётган беморларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ташкил этилди.
 
Шунингдек, фонднинг мақсадлари:

  • дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий асбоб-ускуналар, тадқиқотлар, муолажалар, шунингдек протезлар, ногиронлар аравачалари ва бошқа реабилитация воситалари билан таъминлашни;
  • саратон касаллиги билан оғриётган беморларни бепул парвариш қилиш, қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ва меҳнат реабилитациясини;
  • психологик ҳуқуқий ва ахборий маслаҳат беришни ташкил этиш.

— Ўзбекистонда кўплаб хайрия ташкилотлари мавжуд, уларнинг орасида саратон касаллигига чалинган беморларга индивидуал ёрдам кўрсатаётганлари ҳам кам эмас, — дейди марказ бош шифокори ўринбосари, "Ишонч" фонди ижрочи директори Дилноза Аъзамхўжаева. — Бизнинг мақсадимиз — беморларга тиббий ёрдам кўрсатишдан ташқари, онкологик соҳа ривожига, соғайиш кўрсаткичини янада оширишга ҳисса қўшишдир. Шунингдек, аёллар ва болалардан фарқли ўлароқ, эркаклар бундай хайрия ёрдамларини ҳар доим ҳам олавермайдилар. Кўп ҳолларда эркаклар оғир касаллик билан яккама-якка қолишга мажбур бўлади. Статистика ва амалиёт шуни кўрсатадики, ўрта ва катта ёшдаги эркак учун хайрия ёрдамини олиш анча қийинроқ кечади. Шунинг учун ҳам, "Ишонч" фонди фаолиятининг дастлабки даври учун устувор йўналиш этиб эркаклар саломатлигини яхшилашни танладик. Кейинчалик эса бошқа гуруҳ беморларни ҳам қамраб олиш, онкология соҳасида олиб бориладиган тадқиқотларни қўллаб-қувватлашни ният қилганмиз.

Маълумот учун, 2019 йилда республика онкологик хасталиклар билан 24 648 та янги касалланиш ҳолатлари аниқланган (улар орасида эркаклар 10 511 нафарни ва аёллар 14 137 нафарни ташкил этди). Айни пайтда умумий касалланиш структурасида юқори ўринни кўкрак бези, меъда ва бачадон бўйни саратони сақлаб қолмоқда. 2019 йилда эркаклар орасида умумий касалланиш структурасида етакчи ўринларни меъда, бронхлар ва ўпка, шунингдек, бош миядаги зарарли ўсмалар билан касалланиш эгалламоқда. 

Мавзуга оид