Жамият | 12:11 / 04.12.2020
5934
3 дақиқада ўқилади

Пахтакор туманида мамлакатда илк бор «ақлли» оқова тизими ишга тушди

Ўзбекистонда биринчи бўлиб Flygt Concertor интеллектли оқава сув насос тизими муваффақиятли ишга туширилди. Мазкур тизим Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида йўлга қўйилди.

Бугунги кунда қатор шаҳарлар ва туман марказларида оқова тизими қай даражада? Эски тизим қачон йўлга қўйилган ва қандай ишлаяпти? Бу саволларнинг жавоби соҳада янги тизимнинг аҳамияти қай даражада эканини ойдинлаштиради.

Мисол учун, Пахтакор тумани ҳудудида 1970 йилларда марказий оқoва сув иншоотлари ва тармоқлари қурилиши бошланган. 1980 йиллар бошларида тумандаги кўп қаватли уйлар учун канализация тизими ишга туширилган. Аксарият ҳудудлардаги каби йиллар давомида мазкур тизим эскириб, турли носозликлар кузатила бошлаган.

Туманда 7 та оқова сувларни ҳайдаш насос станциялари мавжуд бўлиб, шундан 5 таси 40 фоиз қувватда ишлаб келган, қолган 2 таси маиший чиқиндиларга тўлиб, кўмилиб қолганлиги натижасида мутлақо ишламаган.

Янги тизим эса соҳани яна тўлиқ оёққа турғазиш билан бир қаторда, тизимни замонавий бошқаришга имкон беради. Шу билан бирга аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни кафолатлайди.

Янги тизим имкониятлари ҳақида батафсил маълумот бериш мақсадида “Жиззах оқовасув хизмати” масъулияти чекланган жамияти ташкил этган семинар давомида мутахассислар “Smart” технологияси орқали масофадан бошқариладиган ҳамда энергия тежамкорлиги (электр энергиясини олдинги тизимга нисбатан 40 фоизга тежайди) билан ажралиб турувчи “FLYGT” насосларининг иш механизми ҳақида йиғилганларга атрофлича маълумот беришди.

Швецияда ишлаб чиқарилган “Flugt” концептор насослари бугунги кунда дунёнинг ривожланган мамлакатларида оқова тизимида қўлланилади.

Тизим имкониятлари ҳамда илғор хориж технологияларини фаолиятга татбиқ этиш борасида "Xylem Inc." корпорацияси вакиллари батафсил тўхталиб, томонларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Бу насослар ақлли (смарт) бўлиб, сув остига ўрнатилиб, насос ишлашига инсон омили деярли таъсир қилмайди. Насослар ўзи автоматик равишда келаётган оқова сувлар миқдорига мос равишда ишга тушиб, ўзи ўчиб, ишчилар 8-10 метр чуқурликка тушиб, ис газидан заҳарланиб, оғир шароитларда ишлашига барҳам берилди.

Янги технология нафақат оқова сув тармоғининг янгиланишига, қолаверса, тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг ишларини енгиллаштиришга ёрдам беради. Энг муҳими, аҳолининг яшаш шароитини яхшилашга хизмат қилади.

Семинарда, шунингдек, “Free Line group“ МЧЖ томонидан Ўзбекистонда биринчи маротаба Flygt Concertor интеллектли оқова сув насос тизими муваффақиятли ишга туширилганлиги муносабати билан "Жиззах Сув Таъминоти" МЧЖ раҳбари Зокир Мамарасуловга сертификат топширилди.

«Жиззах сув таъминоти» МЧЖ матбуот хизмати.

Мавзуга оид