«Собиқ иттифоқ тиббиёти асосида юқори натижага эришиб бўлмайди» — Кувайтдаги шифокор билан суҳбат
Кувайтдаги Сабаҳ шифохонасида анестезиолог-реаниматолог сифатида фаолият кўрсатаётган ўзбекистонлик шифокор Жаҳонгир Жўраев Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон тиббиётидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақидаги фикрларини ўртоқлашди.
– Жаҳонгир ака, президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш кераклигини айтмоқда. Лекин Ўзбекистондаги тиббиётнинг даражасини бирданига Саудия Арабистони, Кувайт ёки АҚШдаги даражага кўтара олмаймиз-ку, тўғрими?! Ўзгаришларни нимадан бошлаш керак, нималарни ўзгартирсак одамларимизда тизим яхшиланиши мумкинлигига ишонч уйғонади?
– Чет элда бўлгач, Ўзбекистон тиббиёти билан боғлиқ камчиликлар аниқроқ кўриниб қоларкан. Мен бу бўйича биринчи ўринда Ўзбекистондаги раҳбарлар соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришнинг қайси йўналишини танлашмоқчи деган саволни берган бўлардим. Агар ҳозир Ўзбекистондаги тиббиёт тизимини таҳлил қилсак, унга ҳозир собиқ иттифоқ ва Россия тизимининг давомчиси сифатида қаралади. Агар шу йўналиш ривожлантирилса, бошқа натижа, агар юқорида айтилганидек, Европа ва АҚШ билан мослаштирилса, бошқа натижа бўлади.
Ҳозир фақат собиқ иттифоқ тиббиётини янгилаш ва ривожлантиришга урғу берилмоқда. Бу йўналишда кетадиган бўлсак, юқорироқ натижага эришиш имкони йўқлиги аниқ. Буни Россия тиббиётини бирор Европа давлати билан солиштириш орқали кўриш мумкин. Лекин ҳаммасини бошидан бошлаш ҳам осон бўлмайди.
Тасаввур қилинг: бир ёшнинг мактабдан бошлаб инглиз тилини яхши ўрганиб университетда бакалавр ва магистратурани тўлиқ инглиз тилида ўзлаштиришига қанча вақт кетади. Бу бутун тиббиётдаги авлодни алмаштириш орқали 10 йилдан кейин бошланади. Мана шу муддатдан кейин тайёр мутахассислар кириб келади.
Бундан ташқари, 10 йилгача нима қилиш керак деган савол ҳам бор. Унгача чет элдан ҳар бир тиббиёт муассасасига малакали мутахассисларни олиб келиш керак.
– Сиз фаолият олиб бораётган Кувайт ҳам тарихан мутараққий давлат бўлмаган. Кувайтликлар ҳам қачондир шу босқичдан ўтган бўлиши керак? Уларнинг бу борадаги тажрибалари билан қизиқиб кўрдингизми?
– Гапингиз тўғри, араб давлатлари ҳам ҳудудида нефт аниқлангач, моддий маблағга эга бўлиб, иқтисодий жиҳатдан ривожланган. Лекин уларда малакали мутахассислар етарли бўлмаган. Шунинг учун тиббиёт тизимига четдаги стандартларни олиб кирган, хорижий мутахассисларни ишга чақирган ва шу йўл билан ҳозир ўз тиббиёт ходимларини тайёрлаб келмоқда.
Тизим жуда катта бўлгани учун уни ҳали ҳам ҳамма мутахассислар билан таъминлаб улгургани йўқ. Масалан, мен Кувайтда ишласам, 20 йил олдин 5 нафаргина анестизеолог-реанимотолог ишлаган бўлса, ҳозир уларнинг сони 40-50 нафар. Чунки шифокор бўлиш ҳам осон эмас, бу ерда ўқиш жараёнида талабалар сараланиб боради.
Ўзбекистон ҳам тиббиёт тизимини ривожлантириш учун биринчи навбатда четдан малакали мутахассисларни жалб қилиши керак бўлади. Ҳозир мамлакатдаги шифокорларнинг фикрлаши собиқ иттифоқ йўналишида, Европа қараши эса бизникига тўғри келмайди.
– Сиз ҳам шу тиббиёт таълимини кўргансиз ва ишлагансиз, Кувайтга борганингизда айнан шунинг учун қийналган бўлсангиз керак?
– Ҳа. Фикрлаш доирамни ўзгартириб мослаштиришимга бир йил вақт кетган, бошқаларда ҳам. Малака ошириш учун 1 ойга четга борадиган шифокорлар эса бу қисқа муддатда ҳеч нарса ўргана олмайди.
Лекин мамлакат ҳаммани бир йилга четга юбора олмайди. Шунинг учун ҳам хорижлик мутахассисларнинг ўзини Ўзбекистонга олиб келиш яхшироқ самара беради.
Дунёқарашдаги қолоқлик ҳақида бир қизиқ воқеани айтиб бермоқчиман. Республика шошилинч тиббиёт маркази янги техника ва аппаратуралар билан таъминланиб 2001 йилда очилган эди. Шу ерга ўқишга кириб, шу мактабни битириб, керакли билим олганмиз. Бу ерга вилоятлардан ҳам талабалар келиб, битириб дипломни олиб кетишарди. Улар сунъий нафас бериш аппаратини ишлатишни яхши ўрганиб олишган эди.
Бир талаба шу ерда ўқиб вилоятига қайтганда реанимация бўлимига кирса, янги сунъий нафас бериш ускунаси целлофанга ўраб қўйилган экан. У ускунанинг ўрамини очиб, ишлатишга ҳаракат қилиб турганида бошқа бир шифокор келиб, ундан аппаратга нега тегинганини сўраб тергай бошлайди. Марказда ўқиб кетган талаба шифокорга ускунанинг афзалликлари ҳақида гапириб, уни оғир аҳволдаги беморларга фойдаси борлигини тушунтираётганида бўлим мудири келиб қолади.
Ҳалиги шифокор мудирга: «Янги шифокоримиз сунъий нафас бериш ускунасига билмай тегиб қўйибди, мен унга тегма бузилиб қолади, деб тушунтираётгандим», – дебди. Бизда ўқиб кетган талаба бу ускунани ишлатиш кераклиги, унинг беморларга кўп фойдаси тегишини айтибди. Шунда бўлим мудири: «Мен ва мана бу шифокордан бошқа ҳеч ким бу аппаратга тегмасин», – деб жавоб берибди.
Буни эшитиб кулганмиз. Яъни эски даврда қолиб кетганларнинг эски ускуналарни ишлатиб, янгиларини тушунмагани учун уларда «яхшиси тегмайман, эртага бузилиб қолса, нима деб жавоб бераман» деган тушунча бор. Омборхоналарда жуда кўп аппаратлар ишлатилмай қолиб кетиб, кейин секин ташлаб юборилгани ҳақида кўп эшитганман.
– Четдан мутахассисларни олиб келиб, уларни кадрлар тайёрлаш жараёнига жалб этиб, тиббиёт тизимини ўзгартириш мумкин. Аммо бунинг маҳсулини 10-20 йилча кутишга тўғри келади. Кадрлар тайёрлаш тизимидаги ислоҳотлар билан бир вақтда қайси ўзгаришларга қўл урилса, унинг самараси тезроқ бўлади? Дейлик, соҳадаги ислоҳотларни шифохонага олиб келинган беморни қабул қилишдан тортиб унинг жарроҳлик столига ётишигача бўлган жараёндаги бюрократияни қисқартириш сингари оддий нарсалардан бошлаган маъқул эмасми?
– Ўзи умуман олиб қарасак, бу муаммоларни глобал ва кичикка ажратиш мумкин. Энди ҳозир сиз сўраётган жуда кичик муаммолар ҳақида айтаман. Бу нарсалар жуда кичик усул билан ҳал қилинадиган ишлар. Сиз айтаётган регистрация масаласи чет элда ҳам бор. Бу нарсадан қочиб қутулиб бўлмайди. Сабаби, ҳар битта келган одамни регистрация қилиб, унинг кимлиги, қаердан эканлиги каби маълумотларини билиб олиш керак. Фақатгина бемор қабул бўлимига келган пайтда унинг аҳволини аниқлаштириб олиш керак. Бу тартиб Ўзбекистондаги баъзи бир шифохоналарда бор, баъзиларида эса умуман йўқ. Ўзбекистон касалхоналарида бори ҳам етарли даражада эмас.
Мисол учун, қабул бўлимига ўта оғир ҳолатда келадиган ёки реанимацион муолажани кўрсатиш керак бўлган беморлар бор. Шунинг учун мен ўзим ишлаган Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказида қуйи палата деган жойи бўлар эди. Ичкарида 2та койка ҳамда шошилинч ва ўта оғир бўлган ҳолатдаги беморга ёрдам бериш учун шароит қилиб қўйилган. Ҳамма нарса етарли даражада эди. Бундай шароит Ўзбекистонда биринчи бўлиб шу марказда йўлга қўйилганди. Шунга ўхшаган реанимация хоналари ҳар битта шифохонада бўлиши керак.
Бундан ташқари, ўта оғир бўлмаган беморлар ҳам шифохонага келишади. Масалан, қорин, бош, юрак оғриғи билан келадиганлар ётқизиб қўйиладиган кенг бир зал бўлар эди. Йигирматалаб ёки ўттизталаб койка бўлиши мумкин. Шифохона ҳажми ва касалларнинг кўплигига қараб, 20-30талаб беморни ётқизиб қўйиб, ўша жойнинг ўзида бирламчи текширувлардан ўтказилади.
Шунингдек, бемор бу ерда ҳолатига қараб шифохонада қолиши ёки уйга жавоб берилиши ҳал қилинади. Ўзбекистон шифохоналарида эса шифокор қабулига бориб, узоқ навбат кутиб туришади. Ҳатто бу жанжал ва тўполонларга ҳам айланиб кетади. Aгар шуларни текшириш хонасида ётқизиб қўйиб, қон босими, юрак уриши ўлчаб турилса, у ердаги ҳамширалар бемор ҳолати ҳақида докторга айтади.
Шу билан бирга, бу ерда алоҳида доктор ҳам бўлади. Буни «emergency medicine» дейишади. Биринчи ёрдам кўрсатадиган доктор ҳеч қанақа жарроҳ, терапевт ёки реаниматолог ҳам эмас. Шу усулда бемалол 20-30 нафар беморга қараб турса бўлади. Бу ҳам қабул бўлимида ташкиллаштириш керак бўлган йўналиш.
Бундан ташқари, бу жойга етарли даражада тиббиёт ходимини етказиб бериш каби иқтисодий томонлари ҳам бор. Бояги муаммоларнинг орасида яна бир нарсани қўшиб қўймоқчи эдим. Мисол учун, Ўзбекистонда замонавий реанимация талабларига жавоб берадиган фақат бармоқ билан санарли шифохоналар бор ва улар ҳам республика миқёсидаги касалхоналардир.
Масалан, Ўзбекистонда реанимация шароитида ҳисоб бўйича икки беморга бир ҳамшира қўйилган. Чет элда эса ҳар бир беморга бир ҳамшира бириктирилади. Тасаввур қилинг, битта ҳамшира икки беморга қараганида сифат тушиб боради, яъни ҳамшира иккита оғир беморга тўғри келиб қолган пайтда имконияти чекланган бўлади. Бу масалани ўз вақтида юқоридаги органларга олиб чиққанимизда ставка ажратилмаган, мумкин эмас дейишган. У пайтда бу ставкани ўзгартириб бўлмасди ва бу стандартга киритиб қўйилган эди. Ҳозир шу муаммони кўтариш керак, бу нарсани фақат реаниматолог тушунади. Директор ёки жарроҳ бу муаммони тушунмайди.
Реанимацияга касалхонанинг юраги деб қараш керак. Энг оғир ҳолатдаги беморни ҳолатдан чиқариб берадиган бўлим бу реанимация. Ўзбекистонда реанимацияда реаниматологларга муносабат жуда яхши эмас. Реаниматологларни жарроҳлар ёки бошқа мутахассислар назорат қилиб, ўз гапини ўтказмоқчи бўлади. Чет элда реаниматолог ўзининг соҳасини яхши билади ва унинг тавсиясига ҳеч ким қарши бормайди.
Ўзбекистонда бундай ҳолатни фақат Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказ реанимациясида кўрганман. Бу ерда реанимациянинг ўзи мустақил ҳолатда ишлаб турибди. Бунга шахсан бўлим раҳбари Фурқат Йўлдошев ва муассасанинг ўша вақтдаги директори Абдуҳаким Ҳожибоев (ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазири – таҳр.) кўрсатган ёрдамлари эвазига эришилган. Бошқа касалхоналарда ҳам шунга ўхшаш ташкилотлар бўлса, ушбу муаммони кўтарса, бу ҳал қилиниши керак.
– Қайсидир соҳа ва йўналишларда ислоҳотлар қилинадиган бўлса, нималарни ўзгартириш, янгилаш масаласи одатда юқори турувчи идораларнинг қайсидир кабинетларида ҳал этилади. Қуйи тизимдаги, соҳанинг муаммоларини яқиндан биладиган мутахассислардан фикр сўралмайди. Шундай эмасми?
– Худди шундай. Тиббиёт соҳасида ислоҳотларни бошлашдан аввал Ўзбекиcтонда ишлаётган шифокорлар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг фаолиятида учраётган муаммоларни ўрганиш, суриштириш керак. Чунки қуйидаги ходимлар ўзининг фикрини юқорига етказолмаётган бўлиши мумкин. Шу муаммолардан бири касаллик тарихини ёзишда учрайди.
Ўзбекистонда бу бюрократизмга жуда катта эътибор берилган. Яъни реанимациядаги беморлар касаллик тарихини кунига 4-5 мартадан ёзиб туриш талаб қилинади. Чунки текширув келса, шу ёзилган касаллик тарихи бўйича текширади.
Чет элда бунга камроқ эътибор берилади. Натижада шифокор кўп вақтини касаллик тарихини ёзишга эмас, бемор ҳолатини ўрганишга сарфлайди. Яъни улар сон эмас, сифатни таъминлашади. Шу каби муаммоларни шифокорлар билан юзма-юз учрашиб сўраш керак.
Чет элда ҳар бир врач – навбатчи шифокорга дам олиш хоналаригача ажратиб қўйилган. Яъни навбатчилик давомида – иш вақтида бемалол кириб, ухлаб, дам олишига шароит қилиб берилган. Ўзбекистон шароитида навбатчи шифокорларга яхши дам олиш тугул, бир хона ажратилмайди. Ким қаерда жой топа олса, ўша ерда ухлашга мажбур. Яъни шароит қилиб бериш керак шифокорларга. Шу масала ҳам – кичкина нарса – лекин иш сифатига таъсир этадиган муаммо.
Телеграмдаги ўзбек шифокорлари жамланган гуруҳлардан бирида соҳадаги муаммолар ҳақида сўз кетганда, умумий амалиёт шифокорлари тайёрлашга эътибор кўпроқ қаратилгани, бироқ айни пайтда уларнинг рисоладагидек ишлашига шароит етарли эмаслиги, қоғозбозликнинг кўплиги, кераксиз 11 хилдаги ҳисоботлар борлиги, раҳбарият томонидан бериладиган асоссиз буйруқлар соҳа ходимларини қийнаб келаётгани, бутун амалиёти давомида терапевт бўлиб ишлаган врач умумий амалиёт шифокори сифатида ишлаб гинеколог ёки педиатр вазифаларини ёки аксини бажаришига тўғри келаётгани санаб ўтилди.
Чет элда умумий амалиёт врачи сифатида махсус магистратура босқичини биритиб келган мутахассислар ишлашади. Бу катта спектр иш фаолиятини ўз ичига олади. Патронаж сабаб врачларнинг уйма-уй юриши бу умуман жаҳон талабларига тўғри келмайдиган ва врачларнинг обрўсига путур етишига сабаб бўлаётган кечириб бўлмас хатодир.
Тизимдаги яна бир жиддий муаммоларидан бири давлат шифохоналарида хўжалик тизимидаги коррупцион ҳаракатлар, яъни пулли хизматлар учун тўланадиган тўловлардан йиғилган пуллар шифокорлар ўртасида тенг тақсимланмасдан маълум гуруҳлар томонидан ўзлаштирилиши, бу жараёнда кимларгадир отнинг калласидай иш ҳақлари ҳисобланиши билан боғлиқдир. Афсуски, бу ишлар аксар ҳолларда амалдаги қонун ҳужжатларига мослаб амалга оширилиши туфайли буни текширувчилар пайқашмайди, шифокорлар эса раҳбарият билан сен-менга бориб ишидан айрилмаслик учун адолатсизликка шунчаки кўз юмиб қўя қолишади.
Шу ўринда Ўзбекистонда тиббиёт соҳасидаги илмий унвон ёқлашдаги қаллобликлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Фалон пул бериб илмий ишлар ёздириш врачлар орасида янгилик эмас. Бунинг натижасида Ўзбекистонда илмий иш қилаётган тиббиёт номзодлари савияси йилдан йилга тушиб бормоқда. Бу гап ҳаммага тегишли эмас, албатта. Бироқ кўпчилик осон йўлдан бориб илмий унвонли бўлавергач, ҳалол, аммо машаққатли йўлдан бориб илмий унвон олаётганлар сони камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак.
– Жаҳонгир ака, рақамлаштириш тиббиётга нима беради? Кувайтда, сиз ишлаётган шифохонада бу масала қандай йўлга қўйилган?
– Мен ишлаётган давлатда сиз айтгандек, рақамлаштиришга ҳаракат доим бор. Нафақат тиббиётда, мана шу коронавирус пандемияси даврида ҳам. Мисол учун, бемор Covid-19 вирусига чалинди. У уйда даволанса бўладиган бемор.
Эсингизда бўлса, Ўзбекистонда коронавирус аниқландими, касалхонага олиб бориб ётқизиб қўяверишди. Бу ерда бошидан бундай бўлгани йўқ. Уйда даволаниши мумкин бўлган енгил ҳолатдаги беморлар аниқланди. Бундай беморни изоляция қилиш керак, кўчага чиқмаслиги керак. У эса уйда ўтир дейилса ҳам, ўтирмаслиги мумкин.
Шу жойда ҳам рақамлаштиришга эътибор берилди. Яъни ўша беморга мажбурий телефондан бирор-бир IT-дастури ишлаб чиқилиб, шу дастурдан у рўйхатдан ўтиб, телефон рақамларини ёзиб, телефон орқали локация манзили олинди. Ҳар икки соатда sms-хабар келади, шу усул орқали беморнинг уйда ўтиргани назорат қилинади. Бу ҳам тиббиётдаги рақамлаштиришнинг бир усули. Янги пайдо бўлган муаммога ҳам электронлаштириш усули билан ёндашилди.
Мен ўзим яқинда коронавирусдан қутулдим. Ўн кун уйда ўтирдим. Хоҳласангиз ҳам ҳеч қаерга чиқолмайсиз. Ҳам икки соатда сизга хабар келади, ўзингизни расмга олиб ташлайсиз. Сизнинг манзилингиз бўйича у ёққа кетади. Масалан, телефонни ташлаб, кўчага чиқиб кетиб қолсангиз ҳам, хабарга жавоб ёзмасангиз, сизга катта жарима ёзилади. Шу тарзда рақамлаштириш усули билан бемор мажбуран уйда назоратда бўлди. Бу битта ютуқ ҳозирги замонавий қарашда.
Яна чет элдан учиб келган одамга ҳам аэропортда уй карантинида ўтир дейилса, ҳеч ким назорат қилмайди, бу ерда чет элдан келса ҳам ўша дастур орқали назорат қилиб турилади. Энди даволаш тиббиётидаги рақамлаштириш нима беради? Бу жуда яхши нарса. Қайси томондан? Шифокорнинг вақтини тежайди ва касалликнинг олдинги ҳолатларини аниқлаб, таҳлил қилишга жуда катта ёрдам беради.
Нима учун Ўзбекистонда шу нарсани йўлга қўя олишмайди? Чет элда ҳар бир шифокор бир хил фикрлайди. Бир хил ташхис қўяди. Бу шифокорнинг ёзган, қилинган тактикасини, бошқа шифокор кўрса, шунинг бир хиллигига юз фоиз амин бўлади. Негаки, тиббиёт мактабида бир хил ўқитилиб, охирги чиққан стандартларга риоя қилинади.
Энди Ўзбекистонда тасаввур қилинг, Сурхондарёдаги бир шифокор беморни кўриб, касалликка бошқача даволар, бошқача нарсалар ёзиб қўйса тизимга, уни Тошкентга келганда шифокор кўради, олади, умуман бошқача нарса маълумотлар, бир-бирига тўғри келмайди. Бу шифокорга қийинчилик туғдиради.
– Шундай вазият юзага келишининг сабаби нимада? Таълим тизими битта бўлса, шифокорларимизнинг бири Африкада, бошқаси Америкада ўқиб келмаяпти-ку?! Битта жойда, битта мактабда таълим олган шифокорлар. Нега битта беморга икки хил ташхис қўйишади?
– Бу жуда катта масала. Уни қисқача қилиб тушунтиришга ҳаракат қиламан. У шифокорга борсангиз, бошқача даволайди, чунки у фалончи писмадончиевичнинг 5-10 йил олдин чиққан китобини ўқиган. Иккинчи шифокорга борсангиз, бир чет эллик шифокорнинг китобини олиб ўқиган, у ерда бошқача ёзилган. Бошқасига борсангиз, умуман чаласавод, шу сабабли мутлақо бошқача муолажа ёзиб беради.
Яъни шифокорларнинг савияси ҳамма жойда ҳар хил. Мен ўзим шифокор бўла туриб, Ўзбекистонда агар маълум бир ўзимнинг соҳамдан ташқари бўлган соҳага мурожаат қиладиган бўлсам, ўзим тажрибали шифокорни сўраб-суриштириб топишга мажбур бўламан.
– Худди шу саволни бермоқчи бўлиб тургандим. Иссиқ жонмиз. Ҳаммамиз касал бўлишимиз мумкин. Шифохонага ишимиз тушса, албатта, яхши мутахассисни қидиришга мажбурмиз. Йўқса, шифохонаям, мутахассислар ҳам сон мингта. Аммо дуч келган шифокорнинг эшигини қўрқмасдан тақиллатиб кириб бора олмаймиз. Албатта, танишлардан сўраб-суриштирамиз, қайсидир шифокорнинг муолажасидан шифо топган одамларнинг маслаҳатига қулоқ тутамиз...
– Барчасининг негизи тиббий таълимга боғлиқ. Тиббий таълим жуда тубан чуқурликка тушиб кетган. Мана бакалавр ўқишида биз ўқиганда 2001 йил битирган бўлсам, ўша даврда нисбатан совет давридаги ўқиш тизими давом этиб, ўшанинг инерцияси билан нисбатан ўқиш яхши эди. Бакалаврни битирдик, кейин клиник ординатурага ўқишга кирганмиз.
Клиник ординатурада биз кўпроқ амалий ишлар билан банд бўлиб, иш ўрганганмиз. Назария томондан бироз заифлашганмиз. Мен бахтимга республика миқёсидаги шошилинч тиббий илмий марказда бўлганим учун магистратурага пойдеворим юқорироқ бўлиб чиққан. Тасаввур қилинг, мен ўша пайтда вилоятдаги бирор-бир ўқишга бориб қолганимда, у ер республика миқёсидаги муассаса эмас, аппаратлар умуман замонавий бўлмасди. Ёндашувлар ҳам ҳаммаси паст даражада бўлиб, менинг ўша пайтдаги пойдеворим суст бўлиб қоларди.
Ҳозир бу йўналиш бўйича ўқитилаётган клиник ординатура, магистратура, мисол учун, ўша жойда шунақа мутахассис етиштириб чиқилса, ўнта жойдан ўн хил мутахассис чиқади. Ўн хил даражадаги мутахассис чиқади. Ҳаммасининг илмий салоҳияти бир хил эмас. Сабаб юқорида айтилган моддий базаси, аппаратлари, кафедра қайси марказда жойлашгани, у ердаги ўқитувчилар қанақа ўргатишига боғлиқ. У йиллар давомида шу нарсалардан келиб чиқиб, кейин шифокорлар вилоятга, туман касалхоналарига бориб жойлашгандан кейин уларнинг илмий даражасини оширадиган кадрлар йўқ, кафедралар йўқ. Муаммолар шундан келиб чиқади.
Масалан, Ўзбекистонда 2014-2015 йиллардаги стандартлардан фойдаланилади, чет элда бундай эмас. 2019 йилги стандарт аллақачон эски деб қаралади. Кейин чет элда бу нарсалар фақат кафедрада ўргатилмайди. Чет элда ҳар бир мутахассисга ўша стандартларни кўрсатувчи китоблар чиқади – электрон вариантда ёки сотувда. Бир йилда бир марта ёки бир йилда икки марта чиқиб қолиши ҳам мумкин. Шуни сотиб олиб мутахассис ўзи учун ўрганиб, ўзи учун билиб олади. Ҳар битта мутахассис замонавий тиббиётдан ортда қолмаслик учун шу китобни олиб, ўқийди. Стандартлар ҳам янгилаб турилади.
Албатта, тасаввур қилинг, бир бемор келди. Уни даволашда сиз икки йил олдинги даволаш стандартини тавсия қилсангиз, ёнингиздаги шифокор ҳозирги стандарт бўйича бундай ёндашилмоқда, дейди. Шу пайтда у билан сизнинг орангиздаги фарқ сезилиб қолади. Ўзининг савиясини тушириб юбормаслик учун доимий равишда ўзининг малакасини ошириб бориши керак бўлади.
Юқорида Аброр ака гапириб ўтдилар, даволашни ҳамма ҳар хил белгилаши ҳақида. Шу нарса коронавирус пандемиясида кўзга яққол қўриниб қолди. Нима учун ўлим кўрсаткичлари кўп бўлди. Бошида давлатимизда шифокорларга қарата бу касаллик тарқаб кетганда бундай ёндашилади, деган маълумот берилмади. Фақат шу белгиланган касалхоналарда ушлаб турилди-да, касаллик назоратдан чиқиб кетгач, тарқаб кетиб қолди, симптомлари гриппга ўхшаб бошлангани учун ҳамма шифокорлар уни грипп каби даволаб, антибиотиклар бериб, касалларни оғирлаштириб, вазият назоратдан чиқиб кетди.
Кейин ССВ ҳамманинг қўлига стандарт бериб, шундан четга чиқмайсизлар, деб мажбурланди. Бир томондан тўғри бўлди, лекин врачларимизга шу стандартни берса, у ерда савол бор, шу стандартлар ҳам касалликнинг даражасига қараб бериладиган босқичлари бор-да, шуни шифокорларимиз тушунмаган ҳолатда вирусли касалликни бошланғич босқичидан бошлаб, стандартда ёзилган ҳамма дорини битта қилиб, компот қилиб қўшиб бериб юборган ҳолатлар бўлди. Ана ўшандан кейин ҳамма асоратлар бошланди. Бу ҳам нотўғри.
Агар касаллик бошланғич белгилари бўйича даволаб борилса, 90 фоиз ҳолатда касаллик ҳеч қандай асоратсиз тез чиқиб кетади. Шахсан ўзим чет элда турган бўлсам ҳам Ўзбекистондан 30га яқин бемор телефон ёки телеграм орқали мурожаат қилишди. Шундан бештаси оғир беморлар эди, 30га яқини энди касаллик бошланган беморлар эди. Енгил, энди бошланган беморларда чет элдаги стандартларни қўллаганимда, ўзимнинг 84 ёшли отам, опам, аёлим ёки ўзим, бошқа яқин танишларимда ҳаммаси енгил ўтиб кетди. Яъни бошланғич босқичда белгиланган дориларни бериб, касаллик даражасини текшириб, назорат қилиб туриш керак. Баъзи ҳолатда касаллик 2-босқичга ўтиб кетади. Шуни вақтида аниқлаб, 2-босқич учун дориларни бериб назорат қилинганда асоратларнинг олди олиб борилади.
Ўзбекистонда, боя айтилганидек, у ердан эшитиб, бу ердан эшитиб, каша қилиб даволаниб, асоратлар келиб, ўлим кўрсаткичи ошиб кетди. Худога шукр, ҳозир эшитишимиз бўйича, касаллик юқтирганлар сони анча камайиб, оғир беморлар сони ҳам қисқарибди анча. Шунда ҳам касаллик қайси даражада кетаётгани, қайси босқичидалигини билган ҳолда даволаш механизми тўғри олиб борилса, оғир ҳолатлар кам бўларди. Ҳозир биз ишлаб турган давлатда бундай ҳолатлар йўқ, бу даражада эмас.
Жамшид Ниёзов суҳбатлашди
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов
Мавзуга оид
09:43 / 23.04.2024
Хорижга кетган ёшларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда
18:15 / 10.03.2023
“Наркоз меъёридан кўпроқ берилиши ўлимга олиб келмайди” – анестезиолог
18:44 / 27.08.2022
“Донорнинг ўлими жуда камдан кам кузатилади” — шифокор Самарқанддаги муваффақиятсиз жигар трансплантацияси ҳақида
10:54 / 20.08.2022