Ўзбекистон | 08:03 / 05.12.2020
4367
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Россия ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказмоқчи

Жорий йилнинг 4 декабр куни Тошкентда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида икки мамлакат тадбиркорларининг ўсиш тенденциясига эга бўлган бизнес шериклигини ўрнатиш ва ривожлантиришга ўзаро қизиқишини давлат даражасида қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Жорий йилнинг саккиз ойида 240 та қўшма корхона ташкил этилди, Ўзбекистонда Россия сармояси иштирок этган ташкилотларнинг умумий сони сўнгги уч йил ичида икки бараварга ошди ва 2 мингтадан ортиқ корхонани ташкил қилди.

Шунингдек, яқин келажакда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш мақсадида икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларини чуқурлаштириш бўйича биргаликда амалга ошириладиган тадбирлар муҳокама қилинди. Савдода мавжуд бўлган тўсиқларни олиб ташлаш ва Ўзбекистон ҳамда Россия компаниялари томонидан ташқи савдо операцияларини амалга ошириш учун шароитларни оптималлаштириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.

Ўтган йил натижаларига кўра, Ўзбекистон ва Россия ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ўсди ва 6,6 миллиард долларни ташкил этди (уч йил ичида 58 фоизга ошди). Жорий йилнинг ўн ойида, пандемияга қарамай, икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 18 фоизга ўсди.

Учрашув доирасида томонлар кун тартибидаги асосий масалалар бўйича фикр алмашди ва саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, соғлиқни сақлаш, банк-молия сектори, таълим соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга ўзаро содиқ эканликларини билдирди.

Иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари тўғрисида суҳбат Россиянинг етакчи компания ва корпорациялари раҳбарлари иштирокида “Ўзбекистон ва Россия корхоналари ўртасидаги саноат кооперацияси” мавзусида ташкил қилинган Ўзбекистон-Россия давра суҳбати чоғида давом этди.

Давра суҳбати давомида инвестиция, технология ва саноат кооперацияси соҳаларида ривожланишнинг юқори динамикаси ҳамда Россия ва Ўзбекистон компаниялари ўртасидаги ҳамкорлик кўлами таъкидланди.

Учрашув давомида Россия корхоналари томонидан нефт-газ тармоғи, қишлоқ хўжалиги, электротехника саноати ва бошқа соҳаларда истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга оширишга қизиқиш билдирилди.

Давра суҳбати якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Россия Саноат ва савдо вазирлиги билан Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида саноат, ташқи савдо ва инвестициявий ҳамкорлик соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум, шунингдек, 2021 йил апрел ойида Ўзбекистонда “Иннопром. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги” халқаро саноат кўргазмасини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси имзоланди.

Мавзуга оид