Ўзбекистон | 17:30 / 08.12.2020
11601
5 дақиқада ўқилади

Экопартиянинг янги раиси — мораторий, экологик полиция ва экилган арчалар қуриб қолиши ҳақида

Ноябрь ойи ўрталарида Ўзбекистон Экология партиясига Комилжон Тожибоев раис этиб сайланган эди. Куни кеча Ботаника боғида партиянинг янги етакчиси иштирокида журналистлар учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда қатнашган Kun.uz мухбири Комилжон Тожибоевнинг экологияга доир қатор масалалар юзасидан фикрлари билан қизиқди. Партия раҳбари ўз сўзида муаммолар ҳал этилиши учун аввало жамиятда яшилликка нисбатан муносабат ўзгариши лозимлигини таъкидлади.

«Мораторий тугашини кутиб турганлар бор»

— Тўғрисини айтганда, мораторий тугашини ва давом этмаслигини кутиб турганлар бор. Мораторийни чўзиш тўғрисидаги таклиф тайёрланиб, тегишли ваколатли давлат ташкилотларига топширилган.

Дарахтларни буташ ниқоби остида дарахтларни каллаклаш (бу кундаки кесиш ҳам дейилади) ҳолатлари кузатиляпти. Биз мораторийга киритиладиган ўзгариш билан каллаклаш ҳолатлари бўлмаслигига ҳам эришишимиз керак.

Комилжон Тожибоев

Масалан, биз чинорга нима деб қараймиз? Қўлига арра олиб, чинорни кесишга борган одамнинг мақсади нима бўлади? У чинорни нимагадир халал бераётган объект деб кўради. Ваҳоланки, чинорга – нафақат соя бериб турадиган дарахт, балки у Марказий Осиёнинг, Ўзбекистоннинг норасмий миллий рамзларидан бири сифатида қарашни шакллантиришимиз лозим.

Ёки бўлмаса, қайрағоч. Ҳудудларда кўкаламзорлаштириш учун қайрағочдан фойдаланайлик, десак, қайрағоч йўқ. Қайрағоч қаерлардадир сақланиб қолди холос. Узоқ йиллик қадимий қайрағоч дарахти бизда оддий бир дарахт сифатида қабул қилиниб келиняпти, холос.

Экологик полиция ташкил этиш ҳақида

210478877815.JPG (800×500)
Фото: KUN.UZ

— Бу – энг оғриқли масалалардан биттаси. Буни, ўзингиз яхши биласиз, бугундан бошлаб, Экологик полицияни ташкил қилган тақдиримизда ҳам, бу бир кунда бўладиган ҳолат эмас. Бу – жамиятдаги яшилликка бўлган муносабатни ўзгартирмагунча, ҳеч қачон бунга эриша олмаймиз.

Бунинг йўли қанақа? Тушунтириш, жарима солиш, қонунчиликни такомиллаштириш билан баробар олиб борилиши лозим.

Экологик полиция тўғрисидаги биринчи таклифлар чиққан пайтда, мен ҳам бу масалада кўп ўйладим. Кейинчалик, экологик прокуратура ташкил этилганидан кейин, балки шу орқали қанчадир функция бажарилар, деган масала ҳам келди. Лекин экологик полицияни ташкил этишга оид жараёнларни ҳам давом эттириш керак.

Экологик полиция жойида, тез реакция бера оладиган бўлиши, маълумот қачон етиб борса, кейин келиб муносабат билдирадиган бўлмаслиги керак. Бу таклифни албатта кўриб чиқамиз.

«Ҳудудларга баҳо беришда яшиллик даражаси инобатга олиниши лозим»

187170eqe7.jpg (800×499)
Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани маркази Жума шаҳри (2019 йил, сентябрь) Фото: KUN.UZ

— Нима учун кесилаётганининг яна бир томони – кесилаётган дарахтнинг баҳосига нисбатан мавжуд нормаларнинг такомил эмаслиги. Табиатга етказилган зарар миқдорини ҳисоблашдаги камчиликлар, жарималар миқдори пастлиги, тегишли чоралар кўрилмаётгани оқибатида йирик-йирик корчалонлар бир нечта чинорни кесиб ташлаяпти.

Экологик партия бир таклифни илгари суришни режалаштирмоқда. Масалага бошқа томондан ҳам қараб кўриш керак-да. Дарахтлар кесилишининг сабабларини қидиравериш керак. Нима учун кесиляпти? Энергия танқислиги сабабли, бизнеснинг орқасидан кесилаётгандир.

Таклифларимиздан бири (биз буни ҳали шакллантиряпмиз, маромига етказамиз) – ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларини баҳолашда у ердаги яшил майдонларнинг фоиз кўрсаткичи ҳисобга олиниши зарур. Шунда, маҳаллий ҳокимият ўйлайди: агар ҳозир мана буни кесиб ташласак, яшил ҳудудлар кўрсаткичи маълум миқдорда камаяди.

Ура-урачилик билан экилган арчалар кўп ўтмай қуриб қолиши ҳақида

k7nuUDBkrEQnjGPMS0eiZIgonnv3pDAx.jpg (800×499)
Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани марказидаги Афросиёб маҳалласи (2019 йил, август) / Фото: KUN.UZ

— Ура-урачилик бўлаётгани ҳақидаги фикрга қўшиламан. Айниқса, арча экиш. Арчани ёзнинг чилласида ёки ҳатто баҳорда экамиз. Ваҳоланки, арча – бизнинг ўсимлигимиз эмас.

Ўзимиз ҳам шунақа акция ўтказганмиз. Ўн мингдан кўпроқ арча кўчати олдик. Лекин агар бозорга борсангиз, арчадан бошқа нарса йўқ. Тўғрими? Чинор ҳам йўқ. Қайрағоч ҳам йўқ. Ёки бошқаси ҳам. Бўлса ҳам, ўта қиммат бўлади.

Битта дарахтнинг пулига ўнта арча берса, албатта, шу экилади. Ҳақиқий даҳшатли масала эса ундан кейин бошланади: экилган арча бирпасдан кейин сарғаяди, қуриб қолади.

45XwTqeZRx_UMfO8srLTjWqyeMGUCnAw.jpg (800×499)
Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани марказидаги Афросиёб маҳалласи (2019 йил, август) / Фото: KUN.UZ

Бир неча ой олдин бўлган юқори даражадаги мажлисда бу масала муҳокама қилинди. Арча ўтқазишни тизимли ташкил этиш ва яратилган боғни (боғ деб атайлик) қайсидир структура балансига ўтказиш, рақамлаш, паспортлаш ва унга жавобгарлик масаласи ҳам кўтарилди. Ўзим ҳам иштирок этганман, бу масала кўтарилган.

Ўйлайманки, экологик полиция масаласи бўйича ҳам, экилган дарахтларни парваришлашни кимнингдир зиммасига ўтказсак, менимча, оз бўлса-да олдинга силжиш бўлади.

Мавзуга оид