Спорт | 17:50 / 08.12.2020
25052
21 дақиқада ўқилади

ЕЧЛ анонси. «Ўлим гуруҳлари»да ҳал қилувчи ўйинлар, «Реал» ва «ПСЖ» турнирни тарк этиш хавфи остида

Ким плей-оффсиз қолади - «МЮ», «ПСЖ» ёки «Лейпциг»? «Брюгге» қаҳрамонлик кўрсата оладими? «Реал», «Интер», «Боруссия» ва «Шахтёр»дан иборат «ўлим гуруҳи»дан ким омон чиқади?

Фото: AFP

Чемпионлар лигасида гуруҳ босқичи баҳслари якунланмоқда. Бугун «Барселона» ва «Ювентус», балким Месси ва Роналду ўзаро тўқнаш келади, аммо баъзи гуруҳлардаги чигал вазиятлар, йўлланма учун кураш ўзаро ўйинларда ҳал қилиниши туфайли, ҳатто ўша буюк дуэл ҳам сояда қолмоқда. Плей-офф ўйинларида-ку, кейинги босқич масаласи икки ўйинда ҳал қилинади, аммо мана шу гуруҳдаги ўйинларнинг интригаси унданам юқори. Ҳаммаси бир оқшомда ҳал бўлади.

Бундан ташқари, плей-офф иштирокчилари аниқ бўлиб улгурган гуруҳларда натижаси у қадар аҳамиятли бўлмаган, лекин Европа Лигаси учун кураш давом этадиган ўйинлар бўлиб ўтади.

A гуруҳи
«Бавария» – 
«Локомотив» (10 декабрга ўтар кечаси, 01:00)
«Зальцбург» – «Атлетико» (10 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

«Бавария» гуруҳда биринчи ўринни банд қилиб бўлган ва охирги турда жамоа катта эҳтимол билан иккинчи таркибини майдонга туширади. Бу эса «Локомотив»га Европа Лигасига йўлланма олиш учун қўшимча имконият. Агар руслар Мюнхенда ғалаба қозонишса ва «Атлетико» «Зальцбург»га сафарда ютқазишмаса, еврокубоклардаги иштирокини давом эттиришади.

Австрияликларда эса гуруҳдан чиқиш имконияти ҳам бор. Бу жамоа яқин йилларда плей-оффнинг мунтазам иштирокчисига айланиб қолсалар ажаб эмас. Мана иккинчи йилдирки, чекланган имкониятлар билан ҳам «Зальцбург» сўнгги тургача ўз имкониятини сақлаб қолмоқда. Ўтган сафар бунинг учун уларга «Ливерпуль»ни енгиш талаб этилган бўлса, бу сафарги рақиб «Атлетико». Бажарилиши ўта қийин бўлган вазифа, аммо мана шу нуқтага келиш ҳам катта натижа.

Бу ҳолатда айниқса, «Локомотив»нинг ўрни беқиёс. Руслар «Зальсбург»га 4 очко беришди, испанлар билан ўйинларда эса, икки марта дуранг қайд этишди. Мана шунинг ўзи сўнгги тур олдидан икки рақиб масофасини бир ўйин натижасига қадар қисқартира олди. 4 очко жамғарган мезбонлар ғалаба қозонишса, 6 очко билан 2-ўринда турган «Атлетико»ни қувиб ўтадилар. Мадридликлар Испания чемпионатида пешқадамлик қилишмоқда, охирги 10 ўйиндан бери мағлубият нималигини билмайдилар, аммо «Зальцбург» «Атлетико»га қарши камида муносиб бўла олишини биринчи даврадаги ўйинда ҳам кўргандик. Ўшанда 52-дақиқагача меҳмонлар олдинда боришган, «Атлетико» ғалаба голини 85-дақиқадагина уришга муваффақ бўлганди.

Тахминий таркиблар:
«Бавария» - «Локомотив»

Бавария: Нюбель; Сарр, Зюле, Аррей-Мби, Ричардс; Рока, Алаба, Гнабри, Мусиала, Коста; Шупо-Мотинг
Ўйнамайди: Эрнандес, Мартинес, Киммих, Дэвис, Толиссо (жароҳат)
Сўроқ остида: Боатенг (жароҳат)

Локомотив: Гильерме; Живоглядов, Чорлука, Райкович, Рыбус; Игнатьев, Криховяк, Магкеев, Миранчук; Эдер, Лисакович
Ўйнамайди: Мурило (дисквалификация), Зе Луиш (жароҳат)
Сўроқ остида: Куликов (касаллик)

«Зальцбург» - «Атлетико»
Зальцбург: Станкович; Ульмер, Вебер, Рамальо, Кристенсен; Собослаи, Ашимеру, Юнузович, Мвепу; Койта, БеришаЎйнамайди: Бернед (жароҳат), Камара (дисквалификация)

Атлетико: Облак; Триппьер, Савич, Фелипе, Эрмосо, Карраско; Льоренте, Коке, Сауль; Жоау Феликс; Суарес
Ўйнамайди: Коста, Хименес, Санчес (жароҳат)

B гуруҳи
«Реал» – «Боруссия» М (10 декабрга ўтар кечаси, 01:00)
«Интер» – «Шахтёр» (10 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

Бу гуруҳ шу даражада чигалки, ҳар қандай жамоада кейинги босқичга чиқиш имконияти ҳам, гуруҳда қолиш хавфи ҳам мавжуд. Фақат немислар энг ёмон ҳолатда ҳам Европа Лигасига илинади, қолган уч жамоа ҳатто баҳорда умуман еврокубокларсиз қолиб кетишлари мумкин. Ҳаммасига албатта, «Реал» «айбдор». «Интер»га очко бермай гуруҳ аутсайдерига айлантирган ҳам, «Шахтёр»га икки бор мағлуб бўлиб, украиналикларга имконият қолдирган ҳам шу – мадридликлар. Энди эса, аввало Зиданнинг ўзи жиддий рақиб қаршилигини енгишига тўғри келади.

«Реал» кейинги босқичга чиқиши учун, «Боруссия» устидан ғалаба қозониши шарт. Дуранг ҳолатида мадридликлар ўзларини тўлиқ омонда ҳис қилмайдилар, параллел учрашувда «Интер»нинг ғалабасига умид қилишларига тўғри келади. Мағлубият «Реал»да ҳеч қандай вариант қолдирмайди.

«Боруссия» кейинги босқичга чиқиши учун Мадриддан ғалаба ёки дуранг билан қайтиши керак. Мағлубиятга учраб ҳам кейинги босқичга чиқиш мумкин – бунинг учун «Шахтёр» ва «Интер» ўйини дуранг билан якунланиши талаб этилади. Шунда ўзаро ўйинлар натижасига кўра, немислар 2-ўринда қолади. Агар «Интер» ёки «Шахтёр»дан бири ғалаба қозонадиган бўлса, «Боруссия» учинчи ўринга тушиб кетади.

«Интер» кейинги босқичга чиқиш учун аввало, ғалаба қозониши шарт. Шу билан бирга, «Реал»нинг ғалабасидан умид қилишлари керак. Ана ўшанда миланликларнинг «Боруссия» билан очкоси тенг бўлади ва ўзаро ўйиндаги устунлик туфайли жамоа 2-ўринга кўтарилади.

«Шахтёр» кейинги босқичга чиқиши учун «Интер»ни енгиши керак. Дуранг билан ҳам кейинги босқичга чиқиши учун «Реал» «Боруссия»ни юта олмаслиги керак бўлади.

Хуллас, 4 жамоанинг 3тасида имконият ўз қўлида, ғалаба ёки дурангга эришиш орқали кейинги босқичга чиқа оладилар. Фақат «Интер» масалани ҳал қилиши учун аввало ўзи ғалаба қозониши ва нариги ўйиндан керакли ҳисобни умид қилишига тўғри келади.

Тахминий таркиблар:
«Реал» - «Боруссия» М

Реал: Куртуа, Менди, Начо, Варан, Васкес, Каземиро, Кроос, Модрич, Жуниор, Родриго, Бензема;
Ўйнамайди: Вальверде, Азар (жароҳат)
Сўроқ остида: Карвахаль (жароҳат), Мариано (хабар қилинмаган)

Боруссия М: Зоммер, Лайнер, Янчке, Гинтер, Вендт, Крамер, Лазаро, Нойхаус, Тюрам, Плеа, Штиндль.
Ўйнамайди: Бенсебаини (касаллик), Ҳофманн (жароҳат)

«Интер» - «Шахтёр»
Интер: Ханданович, Бастони, Врей, Шкриньяр, Дармиян, Янг, Гальярдини, Брозович, Барелла, Мартинес, Лукаку.
Сўроқ остида: Барелла, Видаль, Наингголан, Пинамонти (жароҳат)

Шахтёр: Трубин, Додо, Витао, Бондарь, Матвиенко, Коваленко, Степаненко, Тете, Марлос, Тайсон, Мораес.
Ўйнамайди: Корниенко, Исмаили, Коноплянка, Жуниор Мораэс, Фернандо (жароҳат)
Сўроқ остида: Дентиньо (хабар қилинмаган), Хочолава (жароҳат)

С гуруҳи
«Манчестер Сити» - «Марсель» Олимпик (10 декабрга ўтар кечаси, 01:00)
«Олимпиакос» - «Порту» (10 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

«Манчестер Сити» — биринчи экани аниқ, «Порту» ҳам иккинчи ўриндан тушиб кетмайди ва биринчига кўтарилмайди (бу жамоаларнинг ўзаро учрашувларида инглизлар устун — 3:1 ва 0:0). «Марсель» эса Европа Лигасига йўлланма олиш учун Манчестерда «Олимпиакос» параллел учрашувда қўлга киритадиган очколардан кўпроқ очко олиши зарур. Тенглик юзага келса греклар ўзаро учрашувларда сафарда урилган гол эвазига французларни ортда қолдиришади (Пирейда 1:0, Марселда 1:2).

 

Тахминий таркиблар:
«Олимпиакос» - «Порту»

Олимпиакос: Са; Рафинья, Семеду, Сиссе, Олебас; Камара, М'Вила, Бухалакис; Врусаи, Эль-Араби, Фортунис\
Ўйнамайди: Ҳассан (касаллик), Вальбуэна, Брума, Дрегер (жароҳат)

Порту: Марчесин; Манафа, Сарр, Мбемба, Зайду Сануси; Фабиу Виейра, Груич, Урибе, Накадзима; Марега, Тареми
Ўйнамайди: Мбай, Пепе (жароҳат)

«Манчестер Сити» - «Марсель» Олимпик
Манчестер Сити: Эдерсон; Уокер, Стоунз, Гарсия, Зинченко; Родри, Фернандиньо, Торрес, Бернарду Силва, Фоден; Жезус
Сўроқ остида: Агуэро (жароҳат)

Олимпик: Манданда; Сакаи, Альваро, Чалета-Цар, Амави; Кюизанс, Камара, Ронжье; Товен, Бенедетто, Пайет
Ўйнамайди: Радоньич (жароҳат)

D гуруҳи
«Митьюлланд» - «Ливерпуль» (10 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

«Аякс» – «Аталанта» (10 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

«Ливерпуль»ни биринчи ўриндан ҳеч ким қўзғата олмайди, «Мидтьюлланн» энди ҳеч нарсага даъво қилмаяпти. Плей-оффга иккинчи йўлланма тақдири Амстердамда ҳал бўлади.

Топ юлдузларга эга бўлишмаса-да, ўз услуби, ҳужумкорлиги билан кўпчиликнинг эътирофига сабаб бўлган икки жамоанинг тўқнашуви албатта, қизиқ бўлади. Алоҳида эътиборли томони шундаки, одатда ўз дадиллиги билан донг таратган жамоаларни биз энди бошқа ракурсдан, яъни аниқ бир натижа учун ҳаракат қилганда, қай даражада ўз анъаналарига содиқ қолишлари мумкинлиги билан ўлчаб кўрамиз.

«Аталанта» 8 очко билан иккинчи ўринда, «Аякс»да эса бир очко кам, аммо нидерландияликлар ўз майдонларида тўп суришади. Меҳмонларни дуранг ҳам қониқтиради, мезбонлар эса фақат ва фақат ғалаба учун тўп суришга мажбур. Ҳатто плей-оффларда ҳам бундай муносиб рақиблар ва сценарийни топиш мушкул.

«Аякс» бор эътиборини шу ўйинга шу даражада қаратмоқдаки, ички чемпионатдаги охирги ўйинда асосий таркиб тушишига қарамасдан, «Твенте»дан мағлубиятга учралди. Футболчиларнинг фикр-у хаёли «Аталанта»га қарши ўйинда тургани шубҳасиз. «Аталанта» эса сўнгги турда «дам олди», демак жисмоний тарафдан рақибга нисбатан устунликка эга. Жамоанинг «Удинезе»га қарши учрашуви ноқулай об-ҳаво туфайли қолдирилди. Лекин йўқотишлар борасида бергамоликларда вазият жиддийроқ – Пашалич, Миранчук ва айниқса Госенс каби етакчи футболчиларда кичик жароҳатлар бор эди. Уларнинг бу ўйинга тайёр бўла олмасликлари эҳтимоли юқори.

 

Тахминий таркиблар:
«Аякс» - «Аталанта»

Аякс: Онана, Мазрау, Схюрс, Блинд, Тальяфико, Алварес, Классен, Гравенберч, Тадич, Лабяд, Траоре;
Ўйнамайди: Кудус (жароҳат)
Сўроқ остида: Нерес, Траоре (жароҳат)

Аталанта: Спортьелло, Гимсити, Ромеро, Паломино, Хатебур, Ружжери, Пессина, Фройлер, Гомес, Муриэль. Сапата.
Ўйнамайди: Кальдара, Пашалич, Мохика (жароҳат), Госенс (касаллик), Миранчук (касаллик).

«Митьюлланд» - «Ливерпуль»
Митьюлланд: Хансен; Коолс, Святченко, Шольц, Паулиньо; Андерсон, Систо, Оньека; Дрейер, Каба, Мабиль

Ливерпуль: Адриан; Александер-Арнолд, Р. Уильямс, Куметьо, Цимикас; Жонс, Вейналдум, Кейта; Жота, Минамино, Ориги
Ўйнамайди: ван Дейк, Гомес, Алькантара, Окслейд-Чемберлен, Алиссон, Милнер (жароҳат)
Сўроқ остида: Шакири (жароҳат)

Е гуруҳи
«Ренн» - «Севилья» (9 декабрга ўтар кечаси, 01:00)
«Челси» - «Краснодар» (9 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

Бу гуруҳдаги жамоаларнинг ўринлари ўтган турдан кейиноқ аниқ бўлиб улгурганди: «Челси» — биринчи, «Севилья» — иккинчи, «Краснодар» — учинчи, «Ренн» — тўртинчи. Ўзаро учрашувлар натижаларига кўра инглизлар испанлардан (0:0, 4:0), россияликлар эса французлардан устун (1:1, 1:0).

 

Тахминий таркиблар:
«Ренн» - «Севилья»

Ренн: Сален; Траоре, да Силва, Ньямси, Трюффер; Бурижо, Н'Зонзи, Леа Силики; дель Кастильо, Ньянг, Тет
Ўйнамайди: Ругани, Гомис, Мартен, Гирасси, Агерд, Террье (жароҳат)
Сўроқ остида: Ньямси (хабар қилинмаган)

«Севилья»: Буну; Кунде, Серхи Гомес, Диего Карлос, Рекик; Оливер Торрес, Гудель, Оскар, Сусо; Идрисси, Эн-Несири
Ўйнамайди: Акунья, Эскудеро, Мунир, Вацлик (жароҳат), Навас (дам берилган), Хордан (дисквалификация).

«Челси» - «Краснодар»
Челси: Кепа; Аспиликуэта, Томори, Рюдигер, Эмерсон; Ковачич, Жоржиньо, Гилмор; Ҳадсон-Одои, Абраҳам, Пулишич
Ўйнамайди: Зиёш (жароҳат)

Краснодар: Сафонов; Смольников, Мартынович, Кайо, Рамирес; Камболов, Вильена, Вандерсон, Классон, Кабелла; Берг
Сўроқ остида: Газинский, Ульссон (жароҳат)

F гуруҳи
«Лацио» – «Брюгге» (9 декабрга ўтар кечаси, 01:00)
«Зенит» - «Боруссия»
 (9 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

Дортмунднинг «Боруссия» клуби Чемпионлар лигасининг кейинги босқичига йўлланмани нақд қилиб бўлган, «Зенит» баҳорги еврокубокларда иштирок этишдан умид узган. Бу жамоаларнинг ўйини натижаси аҳамиятсиз ва немислар Санкт-Петербургда иккинчи таркибни ўйнатади.

«Лацио» гуруҳда мағлубиятга учрамаган ягона жамоа бўлса-да, бу кейинги босқичга чиқиш учун ҳали етарли эмас – сўнгги турда ҳам мағлубиятга учрамаслик керак. Табиийки, римликлар «Брюгге»га қарши учрашувда фаворит, аммо масала биргина ўйинга қолган экан, бельгияликлардан ҳам ҳар қандай хавфни кутса бўлади. Жамоа ўз вақтида «Сантьяго Бернабеу»да ҳам муносиб тўп сура олганди, демак тажриба етарли. Вазият қанчалик жиддийлигини «Лацио» мураббийи Симоне Индзаги ҳам ҳис қилаётгани шубҳасиз. У А Серия доирасида «Специя»га қарши кечган учрашувда Кейседо, Корреа каби асосий футболчиларга дам берди.

Бундан ташқари, «Брюгге» ҳимояда тартибли ўйин кўрсатиши билан ҳам эътирофга лойиқ. Миллий чемпионатда Филипп Клемент шогирдлари кам гол ўтказиш бўйича энг яхши кўрсаткичга эга – 15 ўйинда 30та гол урилиб, 11та гол ўтказиб юборилган. Аслида ЕЧЛда ҳам вазият ёмон эмасди, фақат «Боруссия» билан ўйинларда одатдагидан кўпроқ гол ўтказиб юборилгани (0:3, 0:3) картинани бузиб турибди.

Турнирдаги вазиятга баҳо берадиган бўлсак, италияликларда 9, «Брюгге»да 7 очко мавжуд. Демак, дуранг ҳисоби мезбонларни кейинги босқичга олиб чиқади. «Брюгге» эса гуруҳда 2-ўринни олиш учун ғалаба қозониши шарт.

Тахминий таркиблар:
«Лацио» - «Брюгге»

Лацио: Рейна, Сколари, Ачерби, Раду, Ладзари, Фарес, Лейва, Милинкович-Савич, Алберто, Корреа, Иммобиле;
Ўйнамайди: Мурики (жароҳат)
Сўроқ остида: Корреа ва Патрик (жароҳат)

Брюгге: Миньоле, Мата, Мечеле, Коссону, Собол, Риц, Ланг, Ванакен, Вормер, Диатта, Деннис.
Ўйнамайди: Митрович (жароҳат).

«Зенит» - «Боруссия» Д
Зенит: Кержаков; Сутормин, Ловрен, Ракицкий, Жирков; Малком, Оздоев, Дуглас Сантос, Дриусси; Азмун, Дзюба;
Сўроқ остида: Ерохин (жароҳат)

Боруссия Д: Бюрки; Джан, Хуммельс, Загаду; Пасслак, Беллингем, Витсель, Геррейру; Санчо, Ройс, Азар.
Ўйнамайди: Аканжи, Холанн, Менье, Рейниер (жароҳат)
Сўроқ остида: Дилейни, Геррейру (жароҳат)

G гуруҳи
«Барселона» - «Ювентус»
 (9 декабрга ўтар кечаси, 01:00)
«Динамо» Киев - «Ференцварош»
 (9 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

«Барселона» ҳам, «Ювентус» ҳам 1/8 финалдаги иштирокини кафолатлаб қўйган, энди охирги турда G гуруҳи ғолиби ким бўлиши аниқланади. Гуруҳда каталонларни ортда қолдириш учун Андреа Пирло жамоаси камида уч гол фарқи билан ғалаба қозониши талаб этилади. Агар биринчи ўйиндаги натижа такрорланса (2:0), кўк-аноранглилар тўплар нисбати яхшилиги эвазига биринчи ўринда қолишади. Каталонияликлар ЕЧЛда сўнгги 13 мавсумда гуруҳни биринчи ўринда якунлашган ва бу сафар ҳам шу анъанани давом эттиришмоқчи.

Катта эҳтимол билан бугун биз 33 ёшли Лионель Месси ва 35 ёшли Криштиану Роналдунинг сўнгги ўзаро қарама-қаршилигига гувоҳ бўламиз.

Киевда «Динамо» ва «Ференцварош» Европа Лигаси плей-оффига ким ўтишини аниқлаб олишади. Сергей Ребров агар ғалабага эришса ёки 3:3 (Венгриядаги биринчи ўйинда 2:2 ҳисоби қайд этилганди) ва ундан йирикроқ ҳисобдаги дурангни қайд этса, собиқ жамоасини еврокубоксиз қолдиради. Бошқа ҳар қандай натижа украинларга учинчи ўринни қолдиради.

Тахминий таркиблар
«Барселона» - «Ювентус»

Барселона: тер Стеген; Дест, Араухо, Лангле, Альба; Пьянич, де Йонг; Месси, Гризманн, Педри; Брейтвейт
Ўйнамайди: Пике, Роберто, Фати, Дембеле (жароҳат)

Ювентус: Буффон; Данило, Бонуччи, Алекс Сандро; Куадрадо, Артур, Маккенни, Кьеза; Рэмзи; Мората, Роналду
Ўйнамайди: Демирал, Кьеллини (жароҳат)

«Динамо» Киев - «Ференцварош»
Динамо: Бушчан; Кендзера, Попов, Забарный, Миколенко; Сидорчук, Шапаренко, Циганков, Шепелев, Родригес; Вербич
Ўйнамайди: Дуэлунн, Тимчик, Костевич, Русин, Буяльский (жаоҳат)

Ференцварош: Дибус; Ботко, Блажич, Фримпонг, Двали, Хайстер; Харатин, Сомалиа, Зубков, Узуни; Нгуэн
Сўроқ остида: Чивич (хабар қилинмаган)

Н гуруҳи

«ПСЖ» - «Истанбул» (9 декабрга ўтар кечаси, 01:00)
«Лейпциг» – «Манчестер Юнайтед» (9 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

«Манчестер Юнайтед», «ПСЖ» ва «Лейпциг» сўнгги турга 9тадан очко жамғарган ҳолда етиб келди. Энг яхши вазият парижликларда, улар нафақат гуруҳдаги энг кучсиз жамоани қабул қилишади, балки ўзаро учрашувларда инглизлардан ҳам (1:2, 3:1), немислардан ҳам (сафарда 1:2, уйда 1:0) устун. «ПСЖ» фақатгина «Истанбул»га ютқазса ва Лейпцигдаги ўйин дуранг ҳисоб билан якунлансагина Европа Лигасига тушиб кетиши мумкин. Бу немислар «МЮ»ни енгмасдан ЕЧЛ плей-оффига чиқиши мумкин бўлган ягона вариант. Бошқа ҳолларда Юлиан Нагельсманн жамоаси рақиблардан пастда бўлади. Уч жамоа натижалари алоҳида олинганда «Лейпциг» тўрт очко билан учинчи бўлади, «ПСЖ»да 6, «МЮ»да 7, инглизларга қарши биринчи ўйинда немислар 0:5 ҳисобида мағлуб бўлишганди.

Яна бир интрига шундаки, «Лейпциг» ўз майдонида муваффақиятли тўп суриш бўйича ҳатто Европада ҳам энг яхши кўрсаткичлардан бирига эга. Нагельсман шогирдлари сўнгги бир йилдан кўпроқ вақт мобайнида ўз уйида атиги икки марта мағлуб бўлган, холос. «МЮ» эса АПЛда қаторасига 9 ўйиндан бери сафарда фақат ғалаба қозонмоқда. Умуман, барча мусобақаларда Сульшер жамоаси охирги марта январь ойида «Ливерпуль»га сафар ўйинида мағлуб бўлган, холос. Шундан бери ҳеч қайси жамоа «МЮ»ни ўз майдонида енга олмаган. Немислар бу серияни бузишнинг уддасидан чиқа олишадими?

Таркибларга келсак, мезбонлар таркибида етакчи ҳимоячи Дайо Упамекано дисквалификация туфайли майдонга туша олмайди. Шунингдек, Ҳенриксда ҳам жароҳат бор. Меҳмонлар сафида эса Фред «ПСЖ» билан ўйинда қизил карточка олганди. Марсиял ва Кавани «Вест Ҳэм»га қарши ўйинда кичик жароҳат олиб, Германияга сафар қилишмади. Лекин Давид Де Хеа ва Люк Шоу бу сафар жамоа билан бирга.

Тахминий таркиблар:
«ПСЖ» - «Истанбул»

ПСЖ: Навас; Флоренци, Маркиньос, Кимпембе, Кюрзава; Верратти, Данилу, Паредес; Мбаппе, Кен, Неймар
Ўйнамайди: Бернат, Икарди, Сарабия, Дракслер (жароҳат)
Сўроқ остида: Кимпембе (тирноқларини қайириб олган)

 

Истанбул: Мерт Гунок; Рафаэл, Епуряну, Понк, Ҳасан Али Калдирим; Беркай Эзжон, Ирфон Қаҳфачи, Дениз Туруч; Шодли, Гулбраннсен, Ба
Ўйнамайди: Кайсара, Болинголи (жароҳат), Шкртел (дисквалификация)
Сўроқ остида: Вишча (жароҳат), Мехмет Топал (хабар қилинмаган)

«Лейпциг» - «МЮ»
Лейпциг: Гулачи; Мюкиле, Орбан, Конате, Анхелиньо; Айдара, Кампл, Забитцер; Нкунку, Ольмо; Поульсен
Ўйнамайди: Лаймер, Клостерманн, Ҳенрикс, Хван (жароҳат), Упамекано (дисквалификация)

МЮ: де Хеа; Туанзебе, Магуайр, Линделеф; Уан-Биссака, Мактоминей, Погба, Теллес; Бруну Фернандеш; Гринвуд, Рэшфорд
Ўйнамайди: Фред (дисквалификация), Шоу, Марсиял, Кавани (жароҳат)

Мавзуга оид