Бой давлатлар вакцинани талотўп қилиши фонида ночорроқ мамлакатлар четда қолиши мумкин
Дунё аҳолисининг ўндан тўққиз қисми келаси йили коронавирусга қарши вакцина ололмаслиги мумкин.
Тахминларга кўра, бой давлатлар ҳали савдога чиқмаган вакцинага олдиндан пул тўлаб қўйгани сабабли, бошқа давлатлардаги 90 фоиз аҳоли эмланиш имконига эга бўлмайди.
Аҳолини вакцинация қилиш альянсининг маълум қилишича, бой давлатлар барча аҳолисини эмлашга етарли вакцинанинг керагидан 3 баробар ортиғига ҳақ тўлаб бўлишди.
«Ҳукуматлар, Amnesty International ва Oxfam каби нодавлат ташкилотлар шошилинч чоралар кўрмаса, камида 67 мамлакат бор-йўғи 10 фоиз аҳолисини эмлай олади», дея огоҳлантирган Аҳолини вакцинация қилиш альянси.
67 давлатдан 5таси - Кения, Мьянма, Нигерия, Покистон ва Украинада жами 1,5 миллион киши коронавирусга чалинган.
Аксинча, дунё аҳолисининг 14 фоизи истиқомат қиладиган бой давлатлар эса ҳали савдога чиқмаган вакциналарнинг 53 фоизини сотиб олиб бўлишди.
Улар Евроиттифоқ давлатлари, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Япония, Швейцария, Австралия, Янги Зеландия, Макао, Ҳонгконг, Исроил ва Кувайт.
«Вакцинанинг бу тарзда улгуржи савдоси ҳар ким, ҳар ерда коронавирусдан ҳимояланишга бўлаётган глобал уринишларни йўққа чиқаради. Бой давлатлар нафақат вакцинани ҳаммаёққа тарқатишга тўсқинлик қилмаслик, балки унга муҳтож давлатлар билан ҳамкорлик қилиш ва уларга кўмак беришга ҳам бурчлидирлар», деган Amnesty International вакили Стив Кокберн.
Тубдан ўзгаришлар зарур
Oxfam маълумотларига кўра, Канада аҳолисининг беш баравари миқдорида вакцинага ҳақ тўлаб қўйган.
Дунёнинг яна бир иқтисодий гиганти Жанубий Корея 50 миллион аҳолисининг 88 фоизига етарли вакцина сотиб олган.
Айни дамда ривожланаётган давлатлардан бири Филиппин атиги икки миллион олти юз минг доза вакцинага буюртма берган. Ваҳоланки, бу 100 миллионлик аҳолининг 1,3 фоизи, холос.
«Ҳеч ким яшаётган давлати ва чўнтагидаги пулига қараб ҳаёт учун зарурий вакцинадан бебаҳра олмаслиги керак. Бироқ воқеалар ривожи тубдан ўзгармаса, дунёдаги миллиардлаб одамлар йиллар давомида хавфсиз ва самарали коронавирус вакцинасини ололмасликлари мумкин», дея фикр билдирган Oxfam’нинг саломатлик масалалари бўйича раҳбари Анна Марриот.
Буюк Британия дунёдаги қарийб икки миллион кишининг ёстиғини қуритган касалликка қарши эмлашни бошлаган илк давлат бўлди.
Ҳисоботда айтилишича, альянс давлатлар ва фармацевтик компаниялар ўртасидаги шартномаларини таҳлил қилиб чиқди.
3-фаза синовларидан ҳам муваффақиятли ўтиб, тасдиқдан деярли ўтган 3 вакцинадан иккитаси Moderna ва Pfizer/BioNTech препаратлари аллақачон бой давлатлар томонидан сотиб олинган.
Аҳолини вакцинация қилиш альянси вакили доктор Моҳга Камол Яннининг айтишича, жорий тизим фармацевтик компаниялар тадқиқотларни жамоат фондлари маблағлари ҳисобига қилаётгани, эксклюзив ҳуқуқларни ўзларида олиб қолишаётганига диққатни қаратган. Бу тизимда бир томонда компаниялар пул ишлаб топса, бошқа томонда кўплаб инсонлар ҳаётига нуқта қўйилади.
«Чегара билмас шифокорлар» вакили доктор Сидней Вонг Pfizer ва Moderna каби фармацевтик компанияларни вакцина ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга чақирди.
«Биз вакцина дунё бўйлаб тарқалишини кўришни истаймиз. Вакциналар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг критерийлари асосида тақсимланиши керак, давлатларнинг тўлов лаёқатига қараб эмас», дейди Сидней Вонг.
Ташкилот, шунингдек, компаниялар интеллектуал мулк технологиялари, маълумотлар ва «ноу-ҳау»ни баҳам кўришлари шарт. Шундагина вакцина кенгроқ кўламда ва расо нархларда ишлаб чиқарилиши мумкин.
«Тадқиқот, синовлар ва ишлаб чиқаришга оид харажатларни сир тутиш ортидан давлатлар ва фармкомпаниялар солиқ тўловчилар ва жамоат институтлари олдидаги масъулиятларидан қочяптилар. Ахир улар эмасми вакциналар ишлаб чиқишга пул берган ва сотиб олишга ҳам пул тўламоқчи бўлганлар?
Шаффофлик бўлмаса, жамоатчилик адолатли нархни билолмайди. Давлатлар эса, вакцинанинг асл қийматни билмай туриб, савдолашишлари қийин бўлади. Бирортаям компания пандемиядан чўнтаги қаппайиб чиқиши керакмас», дея ҳайратини изҳор қилган «Чегара билмас шифокорлар» ташкилотининг америкалик маслаҳатчиси Дана Гилл.
Мавзуга оид
14:28 / 16.11.2024
Буюк Британияда фирибгарларни алдовчи “нейрон буви” ишга туширилди
20:45 / 12.11.2024
Англияда биринчи аккумуляторли поезд синовдан муваффақиятли ўтди. У соатига 120 км тезликка чиқди
18:15 / 12.11.2024
Буюк Британия мудофаа эҳтиёжлари учун ядровий ёқилғи ишлаб чиқаришни қайта тиклаши мумкин
19:02 / 10.11.2024