Жамият | 15:36 / 09.12.2020
12664
8 дақиқада ўқилади

«Энди кимга шикоят қилишим керак?» — ҳазорасплик фермернинг ери қалбаки ҳужжат билан қайтариб олинган бўлиши мумкин

Хоразм вилояти, Ҳазорасп туманидаги «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги ерлари суд қарорига кўра, давлат захирасига қайтарилди. Бунинг учун даъвогар Ҳазорасп тумани ҳокимлиги судга қалбаки ҳужжат тақдим қилган бўлиши мумкин.

Ҳазорасп тумани, Овшар қишлоғи, «Истиқлол» маҳалласидаги «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги 2005 йилда Дўстжон Хакимов томонидан пахта-ғалла йўналиши бўйича ташкил қилинган. 2019 йилдаги «оптималлаштириш» натижасида ер майдонлари 108,6 гектарга етказилган. Касби мелиоратор-ирригатор бўлган 66 ёшли Дўстжон ака шу йилнинг ёзигача ерлардан фойдаланиб келаётган эди.

2020 йил 7 июл куни Боғот туманлараро иқтисодий суди Ҳазорасп тумани ҳокимлигининг даъвосини қаноатлантириб, «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги ерларини туман захира ерлари ҳисобига қайтариш ҳақида қарор чиқарди. Фермернинг сўзларига кўра, ҳокимлик ерни қайтариб олиш учун судга қалбаки ҳужжатларни тақдим қилган. Аммо бу ҳолатга шу пайтгача ўтказилган суд маҳкамаларида ҳуқуқий баҳо берилмай келмоқда.

Нима воқеа юз берди?

2020 йил апрел ойида Ҳазорасп тумани ҳокимлиги «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги ерларини давлат захирасига қайтариш учун биринчи ва муваффақиятсиз уринишни амалга оширган. Бу ҳақда Kun.uz сайтида «Ҳазорасплик фермер ердан маҳрум қилинди, у мутасадди ташкилотлар ишидаги чалкашликлардан шикоят қилмоқда» номли мақола эълон қилинган эди.

2020 йил ёзида Ҳазорасп тумани ҳокимлиги «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги ерларини давлат захирасига қайтариш учун иккинчи уринишни амалга оширади. Жумладан, фермер хўжалигининг 109,8 гектар ерини давлат захирасига қайтариш сўралиб, Иқтисодий судга даъво аризаси киритилган. Эътибор берган бўлсангиз, ер майдони 108,6 гектар эмас, айнан 109,8 гектар деб кўрсатилган. Дарҳақиқат шундай, бу жойда рақамлар тўғри келтирилган.

2020 йил 7 июлда Боғот туманлараро иқтисодий суди Ҳазорасп тумани ҳокимлигининг даъво аризасини қаноатлантирди ва «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалигининг «109,8 гектар ер майдонини» туман захира ерлари ҳисобига қайтариш ҳақида қарор чиқарди. Бу сафар туман ҳокимлигининг уриниши «муваффақиятли» бўлди.

Суд қарор қабул қилишда Ҳазорасп тумани ҳокимлиги билан «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги ўртасида «109,8 гектар ер»дан фойдаланиш учун ижара шартномаси тузилмаганини, бу Ер кодексининг 31-моддасига зид эканини таъкидлаб, фермер ерлардан ноқонуний фойдаланиб келган деб ҳисоблади.

Дарҳақиқат, Ер кодексининг 31-моддасида ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг қачон вужудга келиши баён этилади. Яъни юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади. Оддийроқ шарҳ берадиган бўлсак, ерни ижарага олиш шартномаси тузилиб, имзоланиб, давлат рўйхатига олинмагунча ердан фойдаланиш мумкин эмас.

Ҳазорасп тумани ҳокимлиги судга қалбаки ҳужжат тақдим қилдими?

Фермер хўжалиги раҳбари Дўстжон Хакимов Ҳазорасп тумани ҳокимлиги томонидан судга киритилган даъво аризасига қалбаки ҳужжат илова қилинган бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Фермер иккита ҳужжатга таяниб шу фикрни билдирмоқда.

Жумладан, фермернинг қўлида Ҳазорасп тумани ҳокимлигининг 2019 йил 27 январдаги 444/200қ-сонли қарори бор. Унда Ҳазорасп тумани ҳокимлиги «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалигига 108,6 гектар ер ажратгани қайд этилган. Қарорни собиқ ҳоким Равшан Жаббаров имзолаган.

Қизиғи шундаки, Ҳазорасп тумани ҳокимлиги томонидан 2019 йил 27 январ куни чиқарилган 444/200қ-сонли яна бир қарор бор экан. Унда Ҳазорасп тумани ҳокимлиги томонидан «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалигига 109,8 гектар ер ажратилгани қайд этилган. Ушбу қарорда ҳам собиқ ҳоким Равшан Жаббаров имзоси турибди. Ҳокимлик айни шу қарорни даъво аризасига илова қилган ҳолда судга тақдим этган.

Яъни Ҳазорасп тумани ҳокими томонидан бир хил санадаги ва айни бир хил сондаги, аммо мазмунан икки хил бўлган 2та қарор қабул қилинган бўлиб чиқмоқда. Қарорларнинг биринчисида фермерга 108,6 гектар, иккинчисида 109,8 гектар ер ажратилгани кўрсатилган.

Балки қарорни ёзишда техник хато бўлгандир, рақамлар бир-бирига ўхшашлиги учун чалкашлик юзага келгандир?

Ушбу саволга йўқ деб жавоб бериш мумкин. Чунки иккинчи қарорда фермерга ажратилган ерларнинг контур рақамлари 2тага кўпайган. Яъни, биринчи қарорда кўрсатилган контурларга 651 ва 653 контурлар қўшилган. Бу эса ер майдонининг кўпайганини англатади.

Балки, ҳокимлик ўз қарорини ўзгартиргандир, янги, қўшимча қарор чиқаргандир?

Ушбу саволга ҳам йўқ деб жавоб бериш мумкин. Чунки бундай ҳолатда қарор бошқа сон билан қабул қилиниши керак эди.

Фермер Дўстжон Хакимов «109,8 гектар ер» ва ундаги 651 ва 653 контурлар кўрсатилган қарор ҳақида умуман хабари йўқлигини, бу ҳақда суд ҳужжатлари билан танишаётган пайтда тасодифан билиб қолганини айтмоқда.

Ҳазорасп тумани ҳокимлигидан бу қарорлар ҳақида изоҳ сўрадик, аммо ҳеч қандай жавоб ололмадик.

Хўш, 2та қарор бўлса нима бўлибди, масаланинг моҳиятини ўзгартирадими?

Ҳа, албатта ўзгартиради.

Гап шундаки, фермер Дўстжон Хакимов айнан 109,8 гектар ер майдони ажратилиши кўрсатилган ва судга тақдим қилинган иккинчи қарор бўйича ердан маҳрум қилинмоқда. Бундай қарор борлиги ҳақида унинг хабари бўлмаган, табиийки, 109,8 гектар ер майдонини ижарага олиш шартномаси ҳам унда йўқ.

Аммо фермер 108,6 гектар ер майдони кўрсатилган биринчи қарор бўйича ерни ижарага олиш шартномасини имзолаганини ва Ҳазорасп тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига топширганини таъкидламоқда.

Ҳазорасп тумани ҳокимлиги ва Ҳазорасп тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими фермер Дўстжон Хакимов томонидан имзоланган ерни ижарага олиш шартномаси борлигини инкор қилаётган бўлса-да, ҳозирда бу ҳужжат бор. У «Ўздаверлойиҳа» Хоразм вилояти бўлинмасида 1424-1-сонли папкада сақланмоқда. Ҳужжатни туман ҳокими ва кадастр раҳбари ҳам имзолаган.

Судлардаги «футбол» ўйини

Фермер Дўстжон Хакимов 2та бир хил сонли, аммо мазмунан турлича бўлган қарорлар борлигини таъкидлаб, судларда адолат излашга уриниб кўрди. Жумладан, Боғот туманлараро иқтисодий суди қарори устидан Хоразм вилояти иқтисодий судига апелляция шикояти берди. Ҳазорасп тумани ҳокимлигининг 2та қарори ҳақида қўшимча шикоятни ҳам тақдим қилди. Аммо бу ҳолатларга суд томонидан ҳуқуқий баҳо берилмади.

Шундан сўнг, фермер Олий судга шикоят ёзиб, Ҳазорасп тумани ҳокимлигининг 2та қарори ҳақида маълумот берди. Бироқ Олий суд ҳам ҳолатга ҳуқуқий баҳо бермади ва фермернинг шикоятини судлов ҳайъатига ўтказишни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқарди.

Қайд этиш жоизки, суд қарорлари ва ажримида Ҳазорасп тумани ҳокимлигининг бир хил сана ва рақамга эга 2та қарори ҳақида лом-мим дейилмаган.

«Энди мен кимга шикоят қилишим керак? Қандай йўл тутай?» демоқда Дўстжон Хакимов.

Муҳтарам фермерлар, хотиржамликка берилманг. Қўлингизда ҳокимлик чиқарган қарор, ерни ижарага олиш тўғрисидаги шартнома бўлиши мумкин. Аммо бу сизга ҳеч қандай ҳуқуқий кафолат бермайди. Қаердандир сиз билмаган яна бир қарор пайдо бўлиши мумкин. Албатта бу қарор бўйича сизда шартнома йўқ, демак, судда ердан маҳрум қилинишингиз ҳеч гап эмас. Афсуски, сиз фермерларда ҳуқуқ йўқ, фақат мажбурият бор.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид