«Мансабдорларнинг хорижда мол-мулк орттиришини тартибга солиш вақти келди» — Акмал Бурхонов
Коррупционерлар шахси ҳақидаги маълумотлар эълон қилиниши кутилмоқда. Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жиноий жавобгарлик ҳам белгиланиши мумкин.
Давлат амалдорларининг хорижда активлар сотиб олишини тартибга солиш вақти келди, деб баёнот берди Аксилкоррупция агентлиги директори Акмал Бурхонов. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар қилди.
«Ноқонуний бойлик орттириш ёки мансабдор шахсларнинг чет элларда мол-мулкларни харид қилиши масалалари тартибга солинмаган. Бугунги кунда давлат хизматчиси бўлган хоҳлаган мансабдор шахс чет элда банк ҳисобрақамини очиши ва исталган мол-мулкни сотиб олиши мумкин. Буларни ҳам тартибга солиш вақти келди, деб ўйлаймиз», – деди Бурхонов 9 декабрь куни журналистларга берган интервьюсида.
Агентлик раҳбарининг қайд этишича, айни пайтда «E-antikor» платформаси устида иш олиб борилмоқда.
«Шу платформада коррупцион жиноятларга қўл уриб, жавобгарликка тортилган шахсларни ҳар бир соҳа кесимида очиқлашни режалаштирганмиз. Ҳар олти ойда ёки муайян даврий оралиқда бу маълумотларни интернетга жойлаб борамиз.
Бунинг вақти келди ва энг асосийси, вазирлик-идораларнинг ўзлари ҳам бунга – соҳаларини тозалашга тайёр.
У ёки бу давлат идорасида битта коррупцион хатти-ҳаракат бўлса, бутун тизим нуфузига путур етишини раҳбарлар тушуниб етишди. Бугунги кунда коррупциявий хатар юқори бўлган соҳаларнинг раҳбарияти ҳам, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳам мана шундай жиноятга қўл урганларни очиқ-ойдин кўрсатишга тайёрлигини билдиряпти», – деди у.
Акмал Бурхонов Ўзбекистондаги қайси соҳаларда коррупциявий хавф-хатар юқори эканини ҳам маълум қилди.
«Ҳозир биз тадқиқотлар ўтказяпмиз. Яъни ҳар бир соҳадаги коррупция занжирини, қайси соҳаларда энг кўп коррупция хавфи мавжудлигини ўрганяпмиз. Албатта, ижтимоий соҳада коррупциявий хавф-хатарлар энг кўплигини кўряпмиз.
Афсуски, у ёки бу соҳада ишлайдиганларнинг ойликлари кам бўлса, ўша ерда коррупцион хавф-хатарлар кўпроқ учрамоқда. Умуман, соҳалар танлаб олинган. Бу – доим айтиб келинадиган таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш ва пандемия даврида энг кўп коррупция аломатлари кузатилган давлат харидлари соҳаларидир.
Биз бу муаммоларни ўрганяпмиз. Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида амалдаги қонун ҳужжатларига давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик масаласи киритилди, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ҳозирча фақат маъмурий жавобгарлик масаласи киритилмоқда. Биз энди давлат харидлари соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳам қонунчиликка киритиш, умуман, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш устида ишлаяпмиз», – дейди Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори.
Мавзуга оид
17:20 / 17.12.2024
Хитойда катта миқдорда пора олишда айбланган партия мулозими қатл этилди
12:00 / 11.12.2024
Нетаняҳу коррупция бўйича иш юзасидан судда кўрсатма беришни бошлади
21:00 / 09.12.2024
200 долларлик фотосурат, “иш битирган” курка болалари ва қўшмачининг “танка”си – ноодатий поралар
22:14 / 19.10.2024