Жаҳон | 14:43 / 10.12.2020
4868
1 дақиқада ўқилади

Ҳакерлар Pfizer-BioNTech вакцинасига оид ҳужжатларни қўлга киритишди

Ноябрда шимолий кореялик ҳакерлар Британиянинг коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиққан AstraZeneca компанияси ходимлари қурилмаларини бузиб киришга уринганди.

Фото: AFP

Европа дори воситалари агентлиги (EMA) ҳакерлар ҳужумига учради, Pfizer ва BioNTech компанияларининг коронавирусга қарши вакцинаси бўйича айрим ҳужжатлар ҳакерлар қўлига тушди. Бу ҳақда BioNTech компанияси маълум қилди.

“Бугун Европа дори воситалари агентлиги (EMA) киберҳужумга учрагани маълум қилинди. Pfizer ва BioNTech компанияларининг коронавирусга қарши BNT162b2 номзод вакцинасига оид айрим ҳужжатлар ноқонуний тарзда қўлга киритилган”, — дейилади компания хабарида.

Ҳакерлар тадқиқотлар қатнашчиларига оид маълумотларни қўлга киритган-киритмаганлиги компанияга маълум эмас.

“Ҳозирда EMA суриштируви бўйича қўшимча маълумотларни кутмоқдамиз ва ЕИ қонунчилигига мувофиқ ҳолда тегишли чора кўрамиз”, — дейилади компания томонидан.

Аввалроқ шимолий кореялик ҳакерлар Британиянинг коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиққан AstraZeneca компанияси ходимлари қурилмаларини бузиб киришга урингани хабар қилинганди.

Мавзуга оид