Иқтисодиёт | 15:31 / 10.12.2020
9378
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк иқтисодиётда инфляцияни оширувчи асосий хатарларни маълум қилди

Келгуси ойларда иқтисодиётда инфляцияни оширувчи хатарлар эҳтимоли паст даражада сақланиб қолмоқда. Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган шарҳда айтилади.

Қайд этилишича, асосий хатарлар озиқ-овқатлар бозоридаги қисқа муддатли тенденциялар билан боғлиқ. Мавсумий омиллар, рақобат шароитлари, шунингдек, жаҳон озиқ-овқат бозорлари конъюнктураси таъсирида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларнинг қимматлашиши яқин келажакда инфляцияни оширувчи хатар сифатида қаралиши мумкин.

«Шу нуқтайи назардан, ички бозорда товарлар таклифининг зарур ҳажмини барқарор даражада таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Бунда ушбу товарлар гуруҳи учун тариф ва нотариф чекловларни юмшатиш орқали муҳим истеъмол товарлари нархларининг янада пасайишига эришиш имконияти мавжуд.

Айрим тармоқларда нархларнинг кўтарилишига ишлаб чиқарувчиларни энергия ресурслари билан таъминлашдаги узилишлар сабабли харажатларнинг кўпайиши ва ишлаб чиқаришнинг вақтинча тўхташи сабаб бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, иқтисодиётда кредит юки (иқтисодиётдаги кредит қўйилмаларининг ЯИМга нисбати) ўсиш суръатларининг тезлашиши кузатилмоқда. Йил якуни бўйича ушбу кўрсаткичнинг ЯИМга нисбатан 48-50 фоизгача етиши кутилмоқда, 2017 йил охирида ЯИМга нисбатан 35-37 фоиз атрофида шаклланган», - дейилади МБ маълумотида.

Таъкидланишича, 2020 йил якуни бўйича йиллик инфляция даражасининг 11-11,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Асосий сценарий бўйича 2021 йилда инфляция даражасининг йиллик 9-10 фоиз оралиғида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Мавзуга оид