«Ўзбекистон пандемия шароитида ҳам суверен рейтингини сақлаб қолди» — Жамшид Қўчқоров
Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон пандемия шароитида иқтисодий ўсишни сақлаб қолиши кутилаётган МДҲнинг камдан кам мамлакатларидан бири эканини қайд этди.
10 декабр куни онлайн форматдаги II Халқаро рейтинглар форуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ҳукумати расмийлари, тадқиқотчилар ва халқаро экспертлар қатнашди.
Тадбирда сўз олган бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон томонидан кўрилаётган иқтисодий чоралар ҳамда уларнинг халқаро рейтинг ва индексларга таъсири ҳақида гапирди.
«Ўзбекистон Республикаси ўзининг суверен рейтингини 2020 йилда пандемия шароитида ҳам сақлаб қолди. Шу билан бирга, «Глобал инновацион индекс», «Рақобатбардош саноат унумдорлиги индекси» ҳамда «Тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни тартибга солиш индекси» бўйича ҳам Ўзбекистон биринчи бор натижаларини эълон қила бошлади.
Халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг натижалари яхшиланиши ҳамда халқаро майдонда ижобий нуфузини яратиш табиийки амалга оширилаётган ислоҳотлар билан боғлиқдир», – дея Жамшид Қўчқоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
У ўз нутқида давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш ва давлат активларини хусусийлаштириш учун тайёрлаш чораларига ҳам тўхталди.
«Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштириш учун тайёрлаш ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш чоралари ҳам белгилаб олинди.
Бунда 32та йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари трансформация қилинади. 15та кўчмас мулк объектлари эса хусусий секторга сотилади», – деди Жамшид Қўчқоров.
Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон пандемия шароитида иқтисодий ўсишни сақлаб қолиши кутилаётган МДҲнинг камдан кам мамлакатларидан бири эканини қайд этди.
«Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиё, шунингдек, ҳамдўстлик мамлакатлари орасида глобал пандемия шароитида ижобий иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиши кутилаётган камдан кам мамлакатлардан бири», – таъкидлади Жамшид Қўчқоров.
Маълумот учун, 2020 йил давомида S&P Global Ratings ва Fitch Ratings халқаро кредит рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини «BB-» даражада сақлаб қолди. Fitch Ratings апрел ойида рейтинг прогнозини «Барқарор» даражада сақлаб қолган бўлса, июн ойида S&P кутилмани «Барқарор»дан «Салбий»га ўзгартирди.
Ҳукумат 2020 йилда ЯИМ ўсиши 1,0–1,5 фоиз атрофида бўлишини прогноз қилган. 2021 йилда эса Ўзбекистон иқтисодиёти 5,1 фоизга ўсиши мўлжал қилинмоқда.
Мавзуга оид
19:28 / 18.12.2024
Тошкентда иссиқлик таъминоти нархлари 2 йилда 4 марта оширилади. Лекин бу ҳам етарли эмаслиги айтилмоқда
14:14 / 18.12.2024
“Энергетика соҳасини субсидиялаш 2028 йилдан тўхтатилади” – Жамшид Қўчқоров
18:33 / 26.11.2024
“Жудаям мураккаб савол” — Қўчқоров тиббиёт ходимларининг маоши ҳақида
17:11 / 26.11.2024