Ўзбекистон | 13:37 / 10.12.2020
18057
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусга қарши рекомбинант вакцинанинг учинчи синов босқичи бошланди  

Жорий йилнинг 10 декабр куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Ўзбекистонда янги коронавирус рекомбинант вакцинаси (CHO ҳужайра) халқаро клиник синовларининг III фазаси бошланишига бағишланган маросим ўтказилди. 

Фото: DPA

Инновацион ривожланиш вазирлиги хабарига кўра, Инновацион ривожланиш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан Хитой Фанлар академияси Микробиология институтининг ишланмаси асосида Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co., Ltd компанияси ишлаб чиққан коронавирусга қарши вакцинанинг учинчи босқич клиник синовларини ўтказиш ишлари бошланди.

Хитойдаги Ўзбекистон элчихонаси ёрдамида Ўзбекистонга Zhifei компанияси томонидан 6000 дона синов вакцинаси (50 фоизи ҳақиқий вакцина, 50 фоизи плацебо), 12 минг дона ПЗР тестлар, 8 минг дона антитаналарни аниқловчи тестлар ҳамда барча ишлатиладиган ёрдамчи материаллар (шприц, ниқоб, кўзойнак, криопробиркалар, ҳомиладорлик тестлари) олиб келинди.

Клиник синовларни ўтказиш учун жами 5 минг нафар кўнгиллилар танлаб олинди. Жараённинг этик жиҳатларини эътиборга олган ҳолда кўнгиллиларнинг шахси ошкор қилинмаслигига келишилди.

Ўз навбатида, Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компаниясининг 8 нафар мутахассиси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги Вирусология илмий-тадқиқот институти ходимлари билан биргаликда синов ўтказиладиган поликлиникалари врач ва ҳамширалари учун вакцинация тадбирларини амалга ошириш бўйича тренинглар ўтказди.

Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компанияси томонидан ишлаб чиқилган ва ҳозирда клиник синовдан ўтиши бошланадиган вакцина коронавирус юза антигенининг генетик-муҳандислик оқсили бўлиб, у аденовирус ҳамда инактивлашган вакцина турлари билан таққосланганда юқори даражада хавфсиз ҳисобланади. Яъни рекомбинант оқсил кўринишидаги вакцина вируснинг бир бўлагини юқори технологиялар асосида сунъий кўпайтириб олишга асосланган.  Генетик-муҳандислик оқсили зарарланган организмда айнан унга қарши антитаначалар ишлаб чиқаради.

Ушбу вакцина I ва II фаза клиник синовларда нисбатан юқори хавфсизлик профилига эгалигини намоён этди. Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбариятининг 20 нафар кўнгилли оила аъзолари Хитойдан олиб келинган рекомбинант вакцина билан биринчи дозада эмланди, дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид