Сўх воқеалари иштирокчилари устидан суд жараёнлари давом эттирилди
Кеча, 9 декабр куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида Сўх воқеалари юзасидан 22 нафар шахсга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш давом этди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, 23 ноябрга тайинланган суд мажлиси айрим сабабларга кўра 9 декабр кунига қолдирилган эди.
Бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида судланувчилар Давлатжон Маллаев, Фирдавс Аҳроров, Ойбек Оташев ҳамда Шохбоз Мирзожоновлар 31 май кун содир бўлган воқеа бўйича сўроқ қилинди.
Давлатжон Маллаевнинг сўзларига кўра, у Сўх-Фарғона йўналишида таксичилик қилиб келган. 31 май куни 12:30 лар чамасида кўчага чиққанида Чашмада жанжал кўтарилганини эшитган, ўша томонга одамлар кетаётганини кўрган. Шунда у ҳам ўз машинасига ўтириб Чашма булоғига борган. Тўполон кўтарилган жойга етиб борганда унинг кўзи дастлаб ҳарбийлар ва ИИБ ходимларига тушган. Қирғизлар аслида бир кун аввал бу урушга тайёргарлик кўрган. Давлатжон Маллаев Чашмага борганида қирғизлар бу пайтда аллақачон чегарани бузиб ўтиб, ов қуролидан сўхликларни отганини кўрган. Ҳамқишлоқлари қирғизлар томонидан аёвсиз тошбўрон қилинган. Давлатжон Маллаевнинг айтишича, у ҳам ўз ватанини ҳимоя қилиш учун қирғизлар томонига тошлар улоқтирган. У ёнаётган уйлардаги ўтни ўчиришга уринган. Назиржон Жўраевнинг девор устига чиқиб урушни тўхтатишга уринганини кўрган. Ёнғин хавфсизлиги бўлими машиналари ёнаётган хонадонлар томонга ўтишга уринганида қирғизлар уларнинг йўлини тўсиб ўтказмаган. Ёнаётган уйлардаги ўтни ўчириш учун қўлида белкурак ишлатгани лавҳага тушиб қолган.
Давлатжон Маллаевнинг қўшимча қилишича, у қўлга олингандан кейин терговчилар томонидан тазйиққа учраган.
Шундан сўнг судланувчи Фирдавс Аҳроров сўроқ қилинди. У бўёқчи (маляр) уста бўлиб ишлашини, жанжал бўлаётганини эшитиб Чашмага борганини, мазкур булоқдан 15 та маҳалла сув ичишини, агар сув тўхтаб қоладиган бўлса, сўхликларнинг аҳволи танг бўлишини айтди. Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев келганда уни 6-7 метр узоқликдан кўрганини, собиқ вилоят ҳокимининг “ҳаммаси изига тушиб кетади” деган гапини эшитганини, бош вазир келганида эса ундан дадаси Қирғизистон фуқароси бўлганлиги боис унга Ўзбекистон фуқаролигини беришда ёрдам беришини ҳамда ўзи спорт билан мунтазам шуғулланиб келгани учун спортга имконият яратиб беришларини сўраган. Бош вазир унинг бу мурожаати бир ой ичида ҳал бўлишига ваъда берганини таъкидлади. Фирдавс Аҳроровнинг судда билдиришича, юзига ниқоб таққан шахслар “Ватан хоинисан” деб қорнига уриб, вертолётга олиб чиқишган ва у ерда ҳам уни дўппослашган. У 244-моддага тортадиган ҳеч қандай иш қилмаганини суд жараёнида алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг судланувчи Ойбек Оташев судда кўргазма берди.
“Ўша куни эрталаб соат 8ларда уйда эдим. Синфдош дўстим ўша куни вафот этган эди. Таъзияни ўтказиб уйга қайтдим. Бир оз вақт ўтказиб, таъзия бўлган хонадон — дўстимнинг уйига қайтиб боришни режалаштиргандим. Бироқ Чашмада жанжал кўтарилганини эшитиб, таксига ўтириб воқеа жойига бордим. У ерда қий-чув, тўс-тўполон бўлаётган эди. Лекин вазиятни кўриб туриб ҳам Қирғизистон томонига тош отмадим. Дўстларим ўқ еган экан. Боришим билан шу ҳақда хабар беришди. Буни эшитиб стрессга тушдим.
Келган одам вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев эканини билмасдим. Унинг “ақл билан иш қилайлик” деганини эшитдим. Бундан бироз аввал белим сингани учун синган жойга вазелин суртиб юрардим. Ғаниевга “Вазелин суртсангиз белингиз тузалиб кетади” деб айтдим. Мен бу сўзни самимий гапирганман. Ҳоким кетганидан кейин унинг вилоят раҳбари эканини билиб мени кечиришини сўраб унга хат ҳам ёзганман. Орадан бир қанча вақт ўтиб, уйимга участка нозири келди ва 15 дақиқада қайтиб келишимни айтиб машинасига ўтқазиб олиб кетди. Бир жойга борганимизда қўлимга кишан тақишди ва бошимга қоп кийдиришиб Фарғона шаҳрига олиб кетишди”, — дея сўзига якун ясади Ойбек Оташев.
Шундан сўнг Cўх воқеалари бўйича Шохбоз Мирзожонов кўрган-билганларини сўзлаб берди. Жанжални эшитиб, жанжал бўлаётган ҳудудда жияни яшагани учун уни ҳимоя қилгани Чашмага борганини, у ердаги ҳолатни кўриб, вазият жиддий эканини ҳис қилганини, қирғизлар Ўзбекистон томонга тинмай тошлар улоқтирганини, у ҳам ўз ватани ҳимояси учун қирғиз томонига тошлар улоқтирганини, ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимларига ёрдам берганини, қирғизлар одатда ҳар йили сув масаласида уруш қўзғашини, сўхликларнинг тирикчилиги асосан деҳқончилик (картошка, олма)дан иборат эканини, агар ягона ҳисобланган сув манбаи тўхтаб қоладиган бўлса сўхликлар танг аҳволда қолишини айтди.
Унинг қўшимча қилишича, ҳарбийлар халқни ҳимоя қилмаган. Улар қалқон ортида фақат ўзларини тошбўронлардан ҳимоя қилиб турган холос. У ярадор бўлиб ҳушидан кетган ҳолда ётган қарияга ёрдам бериш учун астойдил ҳаракат қилган. Чалқанча ётган отахонни қутқариш учун у ҳарбийлардан бирининг қўлида бўлган қалқонни олишга уринган. Лекин ҳарбий қалқонни унга бермаган. Шунда дайди тошлардан бири унинг юзига келиб урилган. Яраланган Шохбоз Мирзожонов акаси тез тиббий бўлимида ишлаши боис унинг ёнига бориб ярасига дори суртиб боғлатган.
Судланувчиларнинг кўрсатмалари тинглангач, адвокатлар ва прокуратура ходимлари уларга саволлар билан мурожаат қилди. Шундан сўнг суд ишида 14 декабрга қадар танаффус эълон қилинди.
Мавзуга оид
13:10 / 10.11.2024
“Баҳордан бошлаб қишга тайёрланамиз” – қиш қаршисидаги фарғоналиклар
10:06 / 10.10.2024
Фарғона вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
12:23 / 07.10.2024
Фарғонада Lacetti уриб юборган шахс ҳалок бўлди
15:48 / 06.10.2024