Ўзбекистон | 12:56 / 14.12.2020
82137
4 дақиқада ўқилади

«Янгиариқдан келдим, у йўл йўл эмас» — Мирзиёев Хоразм йўлларини яхшилаш бўйича топшириқ берди

Президент Шавкат Мирзиёев 12-13 декабрь кунлари Хоразм вилоятида бўлиб қайтди. Ташриф якуни бўйича Урганч шаҳрида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда президент вилоятдаги автомобиль йўллари ҳолатини танқид қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Хоразмда ички йўллар йўқ десак адолатдан бўлади. Янгиариқдан келдим, у йўл йўл эмас. Ички йўлларни сифатли таъмирлаш керак. Шундай қилингларки, келгуси йилда ҳар бир маҳалла Хоразмда ички йўллар бўйича ўзгариш бўляпти, десин», – деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев иқтисодиётни ўстиришда солиқ ва банк соҳаларининг ўрни ҳақида ҳам гапириб ўтди.

«Хоразмда иқтисод комплексида 5 мингга яқин одам бор. Энди туманнинг 3–4та банкларининг 30–40 нафарлаб ходимлари, солиқчилар кабинетни қўриқлаб ўтирмайди. Маҳаллаларга бориб, аҳоли билан бевосита ишлайди. Одамлардан сўрайди, муаммосини ҳал қилади.

Банк – ислоҳотнинг қони. Солиқчи ҳам тушуниши керак, ислоҳот бўлса, солиқ тушуми ошади. Шу тизимни йўлга қўйсак, натижа бўлади», – таъкидлади президент.

Давлат раҳбари қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам тўхталди.

«Мен 80 фоиз туманлар ҳокимлари билан суҳбатлашдим. Олган жавобларим қониқарли эмас. Ҳар битта туман ҳокими муовини, сектор раҳбарлари элим учун хизмат қиламан деса, Хоразмда ҳаммаси яхши бўлади.

Ҳозир пахтани 75–80 фоиз қайта ишлаяпмиз. Кластер қилиб ишлатилса, натижа бутунлай бошқа бўляпти, ип калава эмас, тайёр маҳсулот тайёрланяпти.

[...] Нима учун Хоразмда мева-сабзавот кам, чунки сувдан фойдаланиш сиёсати йўқ? Эски тизим билан ишлаб бўлмайди. Дунё бўйича 2021 йилда озиқ-овқат муаммоси бўлиши мумкинлиги айтиляпти. Биз бунга тайёрмизми?

Масалан, Наманганда адолатли тизим йўлга қўйилди, тадбиркорларга шароит қилиб берилди. Фарғона билан Наманганни тенглаштириб бўлмайди, Фарғонада катта-катта корхоналар бор. Хоразм Намангандан ҳам анча орқада. Наманганга бориб, кўриб келинглар, қанча ишлар қилинган. Ҳокимга кўп нарса боғлиқ, изланиш керак. Наманганда Бозоров ҳоким вақтида 10 фоиз қишлоқ хўжалиги билан шуғулланган, Хоразмда ҳокимлар 90 фоиз шуғулланяпти, лекин фойда йўқ.

Қайси соҳа бўйича Хоразм бошқа вилоятларга намуна ҳозир? Шоли ва олмани бренд қилсак бўладими? Шолини «Темир дафтар»дагиларга эктирамиз. Шунда камбағалликдан чиқариш йўли адолатдан бўлади.

Хоразм вилояти йилига 80 млн долларлик текстил маҳсулотлари экспорт қилади. Андижонда бу кўрсаткич 512 млн доллар. Фарқ борми? Битта давлат, қарорлар бир хил-ку. Эгилиб пахта терасизлар, ҳузурини бошқа жойлар кўради. 25 йил пахта экиб, Хитойга ва Бангладешга сотдик. Бангладешда пахта йўқ, бир йилда 35 млрд долларлик тайёр маҳсулот экспорт қиляпти», – деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, ташриф давомида президентга қишлоқ хўжалигига оид лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди. Лойиҳалардан бирига кўра, Хоразмда шоличиликдан йилига икки марта ҳосил олиш учун Хитой тажрибаси ўрганилади.

Шавкат Мирзиёев Хонқа туманидаги инновацион иссиқхонани бориб кўрди. Туманларни ихтисослаштириш, янги ерларни ўзлаштириш, ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Мавзуга оид