«Жаҳон бозорида минг куби 150 долларлик газни аҳолига 38 доллардан сотяпмиз» — вазир ўринбосари бозор механизмларига ўтилиши ҳақида гапирди
Олий Мажлис Сенати кенгашининг 11 декабр куни бўлиб ўтган мажлисида ҳисобот берган Энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматов айни пайтда энергоресурслар нархлари субсидия қилингани, жаҳон бозорида минг куби 150 доллардан сотилаётган газни аҳолига 38 доллардан етказиб берилаётгани, Ўзбекистон 2025 йилдан тўлиқ бозор механизмларига ўтишни бошлаши ҳақида гапирди.
Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳудудий студиялардан масъул ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган мажлисда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир билан таъминлаш ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда қайд этилишича, 2020 йилда жами электр энергияси ресурслари 71,1 млрд. кВт соат, шундан ишлаб чиқариш 65,9 млрд. кВт соат импорт 5,2 млрд. кВт соатни ташкил қилган. Жорий йил охиригача табиий газ иқтисодиёт тармоқларига 28,4 млрд. куб метр, аҳолига 11,4 млрд. куб метр газ етказиб берилиши, шунингдек, суюлтирилган газ ҳажми 543,4 минг тоннага етказилиши режалаштирилган.
«Ривожланган давлатларни кўрадиган бўлсак, Германияда газ йўқ (газ конлари – таҳр.), Японияда газ йўқ, Кореяда ҳам газ йўқ. Нима учун ўша чет эл давлатларида яхши етказиб беради, деяпсиз. Чунки биринчидан инфратузилма бор, бозор иқтисодиётига биздан анча аввал ўтган. Масалан, Англияда, адашмасам, 1918 йилдан газлар биржада сотилади.
Халқаро молия институтлари билан ишлаяпмиз, тўғрисини айтишимиз керак, тарифларимиз субсидия қилинган. Жаҳон бозорида газнинг минг куби 150 доллардан сотилаётган ҳозирги пайтда аҳолига бу ҳажмдаги газни ўттиз саккиз доллардан (1 куби 3,8 цент) етказиб беряпмиз. Яна бир муаммо бор, буларни ўз вақтида молиялаштириш», дея Беҳзод Норматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири (Видеода вазир ўринбосари адашиб ўттиз саккиз цент деб юборган — таҳр.).
Сенат раиси унинг сўзларини бўлиб, аниқроқ жавоб беришини, одамларнинг қийналмаслиги учун қанча муддат кераклигини сўради.
«Мана, ҳозирда қисқа муддатли чораларни кўрадиган бўлсак, балансни ҳисоблаётганимизда кейинги йилга аҳолига 1,6 млрд куб метр газ етказиб беришни мўлжалладик. Битта қисқа рақамни айтаман - кунлик режа аввалги йилга нисбатан 21 млн куб метр [кўп], олдинги йил 9 декабр куни 83,3 млн куб метр газ етказиб берилган бўлса, бу йил шу куни 104,7 [куб метр газ] етказиб берилди. Шунда ҳам етмаяпти. Бу дегани газ етказиб беришда эмас, тизимли муаммолар мавжуд дегани», деган вазир ўринбосари.
Норматов вазирлик томонидан айни пайтда ушбу муаммоларни ҳал қилиш устида иш олиб борилаётганини таъкидлаган. У бу йил электр энергияси олдинги йилга нисбатан 26 млн киловатт/соат кўпроқ (кунига) етказиб берилаётгани, лекин шунда ҳам етмаётганини таъкидлаган.
Йиғилиш давомида Сенат раиси Танзила Норбоева вазир ўринбосарини сўроққа тутган. «Сиз манфаатдор вазирликсиз, тўғрими, мана шуни етказиб беришга манфаатдорсиз. Одамлар норози бўлмаслигидан манфаатдорсиз, тўғрими гапим, лекин жойларда ўғрилик бўляпти, коррупцион ҳолатлар бўляпти, тадбиркорлар томонидан ҳам беҳисоб ишлатиляпти, тўғрими?
Сизнинг қуйи тизимингиз одами ўша пулни олиб, тадбиркордан бемалол ҳисоблагичсиз ёқяпти. Мана шу тизимни қачон тўғрилаймиз?», деган у.
Вазир ўринбосари 5 йил ичида керакли ислоҳотлар амалга оширилиб, 2025 йилдан Ўзбекистонда ҳам тўлиқ бозор механизмларига ўтилиши бошланиши мўлжалланганини маълум қилди.
«АСКУЭ (электр энергияси ҳисобини автоматик назорат қилиш) тизими йил охиригача 100 фоиз бўлади. АСКУГ (газ таъминоти ҳисобини автоматик назорат қилиш) тизимини тўлиқ ўрнатиб бўлиш кейинги йилнинг июл ойига мўлжалланган. Яъни 2021 йилда бизда 2022 йилга режалаштириш учун кўпроқ аниқ маълумотлар йиғиш имкони бўлади. Ўзимиз ислоҳотларни белгилаганимизда халқаро молия институтлари билан тўла-тўкис бозор иқтисодиётига ўтиш ва энергия ресурслари биржаларини яратишни якунлаш, яъни қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш, норматив ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва ҳамма механизмларни яратиш 2025 йилга мўлжалланган.
Туркияда бу ишга 15 йил кетган бўлса, бу нарсани биз 5 йилда амалга оширмоқчимиз. Бунинг учун биз бошқа давлатларда шу ислоҳотларни олиб борган мутахассисларни жалб қилган ҳолда улар қилган хатоларни қайтармаслик, камчиликларнинг олдини олган ҳолда ўзимизга 15 йил эмас, 5 йил белгилаб олганмиз. Бу ҳақда маълумотга киритилди, 22 октябр куни Тошкентда давра суҳбати бўлиб ўтди. Жаҳон мутахассислари ва вазирликлар, корхоналар билан биргаликда. У ерда ҳам шу нарса муҳокамаси бўлди. 2025 йилда бу соҳада ислоҳотлар тугатилади. Бу дегани ўшангача биз ҳамма ислоҳотларимизни бозор иқтисодиётига ўтишимизни белгилаб олганмиз.
Лекин ҳали айтиб ўтганимдек, 2021 йилда рақамлаштиришнинг асосий қисми тугагандан кейин бизда аниқ картина ҳосил бўлади, қаерда нима камчилигимиз бор, қаерга етказиб бериляпти, қаерда хатолик бор, қаерда ўғрилик бор.
Керак бўлса режага ўзгартириш киритиб, менимча, 2021 йилда катта ўзгариш бўлади. Мана, ўзимизда кўпроқ ҳажмларни олганмиз, 2022 йилга бориб бу муаммолар ҳақида ўйламаслигимиз ҳам керак бўлади. 2022 йилнинг баланси янгича ёндашув, янгича методология бўйича ҳисоблаб чиқса, қўлимиздан келган имкониятларни ишлатиб, бу нарсани бартараф қилишга ҳаракат қиламиз.
Ўзимизда бу нарсани 2021 йилга ҳам қўйганмиз, мен очиқ-ойдин айтяпман, 2021 йилда рақамлаштириш тўла-тўкис охирига етадиган бўлса, бизда аниқ маълумотлар бўладиган бўлса, 2021 йилдан 2022 йилга ўтадиган куз-қиш мавсумига яхшироқ тайёргарлик кўрган бўламиз», деди Беҳзод Норматов.
Йиғилишни олиб борган Сенат раиси мутасаддининг берган жавобидан қониқмади. У тизимдаги қатор муаммоларни санаб, вазирликдаги мутасаддилар уларни ҳал қилиш бўйича етарлича иш қилмаётганини маълум қилган.
«Бу йил шундай ўтаверадими? Ҳисоблагичлар ўрнатилмаётганида ҳам манфаатдорлик бор биласизми? Шуни ўрнатиб қўйса, ўғрилик бўлмайди-да! Назорат кучаяди, ким қанча ишлатганлиги билинади. Шунинг учун уни ўрнатмасликка ҳаракат қилишади. Атай узиб қўяётганлар ҳам бор. Шуни ким назорат қилади? Сизнинг пастдаги тизимингиз.
Ҳозир сенаторимиз айтдилар, ҳаммаси тарқоқ, ҳар хил тизимлар бўлди, тўғрими, реформа, лекин уларнинг орасида ҳамкорлик, мувофиқлаштириш йўқ вазирлик томонидан. Ходимларнинг масъулияти йўқ. Ҳудудий бошқармаларда масъулият йўқ. Шуни сиз қилишингиз керак, шунда ислоҳотларингизнинг қанчадир фоизини амалга оширгунингизча, қанчадир муаммоларни ҳал қилган бўламиз. Ўғриликларни йўқ қиламиз. Шуни қилмаяпсизлар-да. Буни қандай тушуниш керак, билмадим», деган Танзила Норбоева.
Эслатиб ўтамиз, кунлар кескин совиб, аҳолининг свет-газ таъминотидаги узилишлар юзасидан шикоятлари кўпайгани ортидан Фарғона водийсида энергия муаммосини ўрганиш мақсадида Сенат ишчи гуруҳи тузилган, ўрганиш давомида тизимдаги кўплаб муаммолар юзага қалқиб чиққанди.
Мавзуга оид
21:05 / 22.12.2024
Қатар Европага газ етказиб беришни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди
13:29 / 22.12.2024
Самарқандда табиий газ ва электрдан қарздорликни йўқ қилиб бермоқчи бўлган ходимлар ушланди
15:57 / 21.12.2024
Ўзбекистонда газ, нефт ва бензин ишлаб чиқариш камайишда давом этяпти
07:40 / 21.12.2024