Ўзбекистон | 21:25 / 15.12.2020
9514
5 дақиқада ўқилади

Омбудсман пандемия даврида маҳкумлардан кўпроқ қандай шикоятлар тушганини маълум қилди

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев пандемия даврида жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумлар асосан нималардан шикоят қилганини маълум қилди.

«Ҳамма мамлакатларда айнан пандемия шароитида фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, бу жараёнда эса, айниқса, маҳкумларнинг, яъни ёпиқ муассасаларда сақланаётган инсонларнинг ҳуқуқларини таъминлаш устувор масалага айланди. Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси баронесса Вивьен Стерн ўз чиқишида кўпгина қамоқхоналар маҳкумлар билан тўлгани ва улар қийин аҳволдалигини айтди.

Ўзбекистонда ўтган йилдан бошлаб омбудсман ҳузурида миллий примитив механизмлар институти шаклланди ва унинг доирасида биз ҳозир мониторингларни амалга оширяпмиз. Мониторингларимиз пандемия шароитида ҳам тўхтагани йўқ. Ходимларимиз махсус кийимларда, санитар хавфсизликни таъминлаган ҳолда жазони ижро этиш муассасаларига ташриф буюришди.

Мана шу жараёнда йил давомида 4 мингдан ортиқ маҳкум билан учрашувлар ташкил этилди. Учрашувлар давомида уларнинг мурожаатларини ҳам тингладик. Кўплаб маҳкумлар қариндошлари уларни кўришга келиб-кетишга қийналаётганини айтиб, уйларига яқин бўлган муассасаларга кўчиришга ёрдам беришимизни сўрашди. Бу масалага мутасаддилар билан биргаликда ечим топишга ҳаракат қилдим.

Баъзи бир маҳкумлар соғлиғини тиклаш масаласида ҳам мурожаат қилишди. Уларнинг мурожаатларини ҳам кўриб чиқиб, Тошкент шаҳридаги маҳкумлар даволанадиган шифохоналарда муолажа олишларига кўмаклашдик. Шунинг баробарида ушбу шифохонада ҳам ўз мониторингларимизни амалга оширдик.

2020 йилнинг ўзида 70дан ортиқ мониторингни амалга оширдик. Фақат жазони ижро этувчи муассасалар эмас, балки умуман ёпиқ муассасалар фаолияти ўрганилди. Айтайлик, руҳий ёки юқумли касалликлар билан боғлиқ бўлган турли тоифадаги шифохоналар, пандемия даврида коронавирус билан касалланганларни даволаш учун ташкил этилган алоҳида даволаш масканларига ташриф буюрдик. Фуқароларнинг мурожаатлари асосида у ердаги шароитни ўргандик.

Ташриф жараёнида беморларга яратилган шароитлар билан танишиб, нафақат бу ерда даволанаётган фуқаролар, балки тиббиёт ходимларининг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўзимизнинг тавсияларимизни бердик.

Масалан, бизга тиббиёт ходимлари маошини ўз вақтида ололмаётгани ҳақида ҳам мурожаатлар бўлганди, кейинчалик бу масалалар ўзининг ечимини топди. Шу нуқтайи назардан бу мониторинглар жуда ҳам муҳим. Биз парламентга мониторингларимиз натижаси бўйича ўз ҳисоботларимизни тақдим этдик», – деди Улуғбек Муҳаммадиев 11 декабрь куни Ўзбекистон Омбудсман институтининг 25 йиллиги ва Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишлаб ўтказилган онлайн конференцияда.

Омбудсманнинг таъкидлашича, маҳкумларнинг қариндошлари ва уларнинг адвокатлари пандемия даврида учрашувлар бўлмаганидан норози бўлишган.

«Пандемия даврида маҳкумларнинг қариндошлари билан учрашувлари чекланди. Бундан маҳкумларнинг қариндошлари бўлган кўплаб фуқаролар норози бўлиб, омбудсманга мурожаат ҳам қилишди. Шунингдек, адвокатлар ҳам ўз мижозлари билан кўриша олмаётганидан шикоятлар бўлди. Лекин биз уларга шароитни, битта маҳкумга касаллик юқадиган бўлса, у қамоқхонадаги ҳамма маҳкумларга тарқалишини тушунтирдик. Улар ҳам бизни тўғри қабул қилишди.

Ўз навбатида, жазони ижро этиш муассасаларининг раҳбарлари билан келишган ҳолда пандемия энг авжига чиққанда маҳкумларнинг қариндошлари билан телефон орқали мулоқот қилишларига, шунингдек, адвокатларнинг мижозлари билан учрашишларига имконият яратилди. Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш кўрсаткичлари камайиб, энг минимал даражага тушгани учун ҳам яқиндан бошлаб эса қисқа ва узоқ муддатли учрашувларга ҳам рухсат берилди.

Айни пайтда соғлиқни сақлаш тизимидаги экспертлар, мутахассислар яна бир янги тўлқин бўлиши мумкинлигини айтишяпти. Шунинг учун бу тўлқинга ҳам тайёр туришимиз керак. Ички ишлар вазирлиги ҳамда Жазони ижро этиш муассасалари раҳбарлари билан агар янги тўлқин кузатилса, маҳкумларнинг оила аъзолари билан учрашувлар учун янаям яхши бир имкониятлар яратиш, айтайлик, ойна ортидан мулоқот қилиш ёки телефон орқали гаплашишнинг муддатларини узайтириш масалаларини ҳам келишиб олдик. Шунинг учун бу борада муаммо бўлмайди», – дея Омбудсманнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид