Ўзбекистон | 10:42 / 15.12.2020
28745
8 дақиқада ўқилади

Сўх воқеалари иштирокчилари устидан суд жараёни давом этмоқда. 5 нафар судланувчининг кўрсатмалари тингланди

Фото: KUN.UZ

Кеча, 14 декабр куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида Сўх воқеалари юзасидан 22 нафар шахсга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш давом эттирилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Бўлиб ўтган суд жараёнида судланувчилар Баҳодиржон Шодиев, Ёдгоржон Жўраев, Шохзод Махмадалиев, Зайлобидин Зайлобов ҳамда Шохромбек Олимовлар 31 май кун содир бўлган воқеа бўйича сўроқ қилинди.

Суд аввалида адвокат Бурхонжон Мамажонов раислик қилувчига 13 нафар шахснинг хулқ-атворидан келиб чиқиб уларга тайинланган уй қамоғи эҳтиёт чорасини бекор қилиш таклифини киритди. Адвокат таклифи қаноатлантиришдан рад этилди.

Судланувчи Баҳодиржон Шодиев: “Мен Чашмадаги жанжалда қатнашмаган бўлсам, нима учун бу ердаман?”

“Опам Дилором Шодиева Чашмада яшайди. 31 май куни унинг уйига боргандим. Опам пишираётган ошдан олиб, касалхонада ётган акамни кўриб келишни режа қилгандим. Кўчага чиқсам, ҳамма Чашма булоғи томон кетяпти. Қирғиз ва ўзбеклар ўртасида жанжал кўтарилганини эшитдим. Жанжалда мен иштирок этмаганман. 2018 йилда давлатдан кредит олиб, қорамоллар олган эдим. Ўша йили қирғизлар Қайроқ қишлоғида молларимизни ҳайдаб олиб кетишган эди. Ўшанда қирғизлар билан уришган эдик. Чашма қишлоғида бўлган урушда иштирок этмаган бўлсам, нега бу ердаман? Ҳалигача тушуна олмаяпман. Тушунишимча, ўша Қайроқдаги жанжалда ҳақимизни талаб қилиб қирғизлар билан уришганимдан кейин мени ҳам Чашма воқеасида алоқаси бор деб ўйлаган бўлсалар керак. Тергов пайтида бошимга қоп кийгизилган эди. Белдан пастки қисмимга шундай урдиларки, натижада бир ҳафта юра олмай қолдим. Тергов жараёнида ҳеч ким билан юзлаштирилмадим”, — дея кўрсатма берди Баҳодиржон Шодиев.

Судланувчи Ёдгоржон Жўраев: “Чашмадаги жанжал вақтида мен касалхонада бўлганман”

“Оилада онам, опам ва мен яшаймиз. Дадам анча йиллар аввал вафот этиб кетган. Оиланинг боқувчиси менман. 31 май куни далада эдим. Онамнинг қон босими ошиб кетгани боис касалхонага тушиб қолган эди. Даладан қайтиб келиб, касалхонага кетдим. Касалхонага борсам тез ёрдам машиналарида яраланганлар олиб келинаётган экан. У ерда одам жуда кўп эди. ИИБ ходимлари тўпланганларни тарқатишга уринишарди. Касалхонада эрталаб соат 7 дан 7:30 ларгача бўлдим. Онам билан гаплашдим. Амакимнинг ўғли Савриддин Жўраевни ИИБ ходимлари уриб жағини синдиришган экан. Касалхонада амакиваччамни ҳам кўриб қолдим. Менга нисбатан касалхонадаги оммавий тартибсизликларда қатнашганликда айблов илгари суришяпти. Лекин мен унда иштирок этмаганман”, — деди Ё.Жўраев.

Судланувчи Шохзод Махмадалиев: “Менга ИИБ биносига тош отган деган айблов қўйишяпти. Дадам ИИБда ишлаган. Дадам ишлаган жойга тош отмайман”

“Пилорамада ишлайман. Ўша куни Соат 6-7 лар чамасида Чашма томонда жанжал бошланганини эшитдим. Укам билан “Мерседес” юк машинасига ўтириб Чашмага қараб кетдик. Аммам ўша ҳудудда яшайди. У ерга бориб энг аввал аммамнинг уйига кириб, уларнинг ҳолидан хабар олдим. Менга ИИБ биносига тош отган деган айблов қўйишяпти. Дадам ИИБда ишлаган. Дадам ишлаган жойга тош отмайман. Мен бу айбловни тасдиқламайман. Уйимдан соат 11 ларда ИИБ бўлимига олиб кетишди. Ўша куни 23 ларгача ИИБ биносида ўтирдим. Тергов хонасида мени уришди”, — деб кўрсатма берди Ш.Махмадалиев.

Судланувчи Зайлобидин Зайлобов: “Прокуратурада ниқоб таққан шахслар оёғимга уришди”

“Дадам билан бирга устачилик қиламиз. Ўша куни телефоним пули тугаб ўчиб қолган экан. Пул қўйиш учун марказга пайнетга бордим. Чашмада қирғиз ва ўзбеклар ўртасида жанжал бошланганини шу ерда эшитдим. Одамлар машиналарда ўша ёққа кетишаётганини кўрдим. Телефонимга пул тушириб уйга қайтдим. Орадан бир қанча вақт ўтиб, телефон сотиб олиш мақсадида марказга бордим. ИИБ ходимлари эрталаб соат 8 ларда марказдан ушлаб кетишди. ИИБ биносида соат 17 гача ушлаб туришди. 17 дан кейин прокуратурага олиб кетишди. Фуқаро кийимидаги шахс у ерда менга “Лавҳага тушиб қолгансан”, деди. Шундан сўнг ниқоб таққан шахслар оёғимга уришди. Умримда биринчи маротаба ИИБ ходимларидан калтак ейишим. Бу калтаклар зарбидан шокка тушиб қолдим. Улар уришаётганида “Нега айбсиз одамни уряпсизлар”, десам “Сен ИИБ биносига тош отгансан”, деб яна уришди. Тергов пайтида 3 нафар кимсанинг исм-фамилиясини ўқиб “Шу кимсаларни танийман деб қўл қўйиб берсанггина уйингга кетасан, йўқса уйингга кетмайсан”, дейишди. Мен қандай мазмундаги айбловга қўл қўяётганимни билмаганман. Қўрққанимдан қўл қўйиб берганман. Тергов жараёнини видеога олишмади. Прокуратурадан кеч соат 2:30 ларда уйга қайтдим”, — деб кўрсатма берди З.Зайлобов.

Судланувчи Шохромбек Олимов: “Калтак зарбидан шокка тушиб қолдим, қўл қўймасанг подвалга тушасан, деб қўрқитишди”

“31 май куни 1:30 ларда кўчага чиқдим. Ҳамма ёқда Чашмада жанжал бўлаётганлиги ҳақида шов-шув хабар тарқалганди. 3-4 та “Damas” бўлиб одамлар Чашмага кетаётганлигини кўрдим. Чашмага бормоқчи бўлиб йўловчи машиналарни тўсишга ҳаракат қилдим. “Cobalt” машинаси тўхтади. Унга ўтириб Чашмага қараб кетдим. Чашмага етиб борсак, у ерда тумонат одам йиғилган экан. Тепаликка чиқаётганимда қонга беланган одамни олиб келишаётган экан. Яраланган одамни кўриб қўрқиб кетдим. Ўзимга кела олмадим анча вақт. Шу сабаб тошбўрон бўлаётган томонга бормадим. Бироздан кейин қирғизларнинг биз томонга тинмай тош отишаётганини кўрдим. Мен ҳам уларга тош отдим. 2 соат атрофида жанжални томоша қилдик. Кейин “Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев келди”, деган гап эшитдим. Ҳоким оқ кепкада экан. Уни 50-100 метрлар чамаси узоқликдан кўрдим. Қирғизлар отган тошлардан бири лабимга келиб урилди. Тош зарбидан ерга йиқилдим. Зудлик билан мени тез тиббий бўлимига олиб боришиб лабимни тикишди. Иккита чок тушди. Касалхонага тинимсиз жароҳат олганлар келаётганлиги боис мени у ерда узоқ олиб ўтиришмади. Уйдагилар келиб мени тез тиббий бўлимидан олиб кетишди. ИИБ ходимлари 12 сентябр куни уйга келишган экан. Мен ўша куни кўчада эдим. Эрталаб соат 7 ларда ИИБга бордим. ИИБ биносида “31 май куни қаерда эдинг”, деб юзимга уришди. “Нега Чашмага боргансан”, дея яна урдилар. Шу орада мени ураётган шахснинг шериги “Кўкарадиган жойига урма”, деди. Бу орада “Вилоят ҳокимига тош отгансан”, деб яна уришди. Икки киши навбат билан калтаклашди. Айблов варақасини кўрсатишиб, шуни кўчириб берсанг, уйга кетасан дейишди. Калтак зарбидан шокка тушиб қолгандим. “Қўл қўймасанг, подвалга тушасан”, деб қўрқитишди”, — деди Ш.Олимов.

Шохромбек Олимов кўрсатмалари сўнгида прокурорнинг “Ҳарбийнинг қалқонига ҳақиқатан ҳам тепганмисиз?” деган саволига аниқ жавоб бера олмади.

5 нафар судланувчиларнинг кўрсатмалари тинглангач, суд ишида 18 декабрга қадар танаффус эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 9 декабр куни бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчилар Давлатжон Маллаев, Фирдавс Аҳроров, Ойбек Оташев ҳамда Шохбоз Мирзожоновлар Сўх воқеалари бўйича сўроқ қилинган эди.

Мавзуга оид