Ўзбекистон | 20:05 / 16.12.2020
23981
4 дақиқада ўқилади

Президент видеоселекторида энергетика соҳасидаги ўғриликлар ҳақида маълумот берилди

Давлат раҳбари бугунги видеоселектор мавзулари бўлган куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ниҳоятда муҳимлигини яна бир бор таъкидлади.

«Кўмир етказиб бериш бўйича кундалик назорат ўрнатганимиз ҳисобига аҳоли ва ижтимоий соҳага маҳаллий кўмир етказиб бериш тизимли йўлга қўйилди.

Бироқ, аҳолига етказиб берилган маҳаллий кўмирнинг 60 минг тоннаси ҳали эгаларига етказиб берилмасдан, омборларда турибди.

Кўмирнинг сифати бўйича ҳам баъзи вилоятларда ҳали ҳам эътирозлар бор», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Йиғилишда электр энергияси, табиий газ ва кўмир таъминотида ноқонуний хатти-ҳаракатларга ҳам йўл қўйилаётгани қайд этиб ўтилди.

Тошкент вилояти Янгийўл тумани электр таъминоти корхонаси бош муҳандиси ўз ходимлари билан 500 доллардан 2 минг долларгача пора олиб, ҳеч қандай расмий ҳужжатларсиз истеъмолчиларни электр тармоғига улаб келгани маълум бўлган.

Жорий йил декабр ойида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида республика бўйича 1 минг 525та ҳолатда 59 миллиард сўм қийматдаги энергоресурслар талон-торож қилингани аниқланган.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги вакилларининг бепарволиги оқибатида аҳолига мўлжаллаган 80 тонна суюлтирилган газ ўғирланишига йўл қўйилган.

Муборакда ғишт ишлаб чиқариш заводи ер остидан ўтган газ қувурига ноқонуний уланиши оқибатида 4,3 миллион куб метр газни талон-торож қилган. Бу – қарийб 8 минг хонадоннинг бир ойлик газ таъминотидир.

Тошкент шаҳридаги «Тошиссиққуввати» корхонасига қарашли «Саноат энергия» қозонхонаси ҳудудида ташкил этилган оҳак ишлаб чиқариш цехи газ тармоғига ноқонуний уланиб, 571 минг куб метр газ сарфлаган.

Шу билан бирга, жорий йилда 74та тумандаги аҳоли пунктларида йирик газ тармоқларига замонавий ўлчагичлар ўрнатиш натижасида 2 мингдан зиёд улгуржи истеъмолчилар томонидан 7 миллион куб метр табиий газ ноқонуний ўзлаштирилгани аниқланган.

«Мана нима учун ўлчагичларга зарурат бор? Агар биз шу масалани 25 йил аввал қилганимизда эди, бугун бундай ҳолатга тушмасдик», деган президент.

Бош прокуратура ва солиқ идоралари кўмир олди-сотдиси билан боғлиқ 110та ноқонуний ҳолатни аниқланган.

Наманганда – 54та (362 тонна), Андижонда – 33та (145 тонна), Фарғонада − 9та (88 тонна), Навоийда – 7та (21 тонна), Қорақалпоғистонда – 3та (12 тонна) ҳолат аниқланган.

Президент Бош прокуратурага ушбу масалани кундалик назоратга олиб, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича топшириқ берди.

«Бу йил қишни қандай ўтказамиз? Бугун ҳамма раҳбарлар шу саволга жавоб бериши керак. Ҳақиқатан ҳам, муаммолар жуда кўп. Уларни фақат маҳаллабай кесимда чуқур ўрганиш ва ҳал қилишгина натижа беради», дея таъкидлаган президент.

Иссиқлик таъминотидаги 153та қозонхонани ва 2 минг 802 километр тармоқларни таъмирлаш, 1 минг 784та кўп қаватли уйни иссиқлик таъминоти билан қамраб олиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Энг кўп таъмирталаб иссиқлик тармоқлари Тошкент шаҳри (1,9 минг километр), Бухоро (130 километр), Фарғона (98 километр), Наманган ва Хоразмга (50 километрдан) тўғри келади.

Мавзуга оид