Ўзбекистон | 15:29 / 16.12.2020
23786
3 дақиқада ўқилади

Шоҳрух Ғиёсов қандай ҳолларда ИИВ ходимларини тасвирга олиш ва тарқатиш мумкин эмаслигини тушунтирди

15 декабр куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов давлат хизматчилари, яъни ИИВ ходимларини хоҳлаган одам, хоҳлаган вақтда тасвирга олиши ва исталган платформага ушбу видеони қўйиши мумкинлигини айтган эди.

Шу билан бирга бунда ходимларнинг ишига халақит бериш мумкин эмаслиги маълум қилинган.

Вазирлик матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ходимларни қандай ҳолатларда тасвирга олиш мумкин эмаслиги, қайси ҳолатлар уларнинг ишига халақит бериш ҳисобланиши ва ходимларнинг фуқаролар билан мулоқоти давомида юзага келадиган ҳолатлар бўйича қўшимча изоҳ берди

“ИИВ ходимларининг хизмат фаолиятини ҳар бир фуқаро тасвирга олиб, ижтимоий тармоққа қўйишга ҳақи бор. Лекин бу ерда учта тақиқланган истисно ҳолатлар бор.

Биринчидан, ички ишлар органларининг маъмурий бинолари махсус тартибли маъмурий идоралар ҳисоблангани боис у ерга телефонларни олиб кириш ва тасвирга олиш тақиқланади. Фақат идора раҳбари рухсат этган тақдирдагина мумкин. Чунки бу бинолар махсус тартибли бўлиб, у ерда махфий иш юритуви, фуқароларнинг шахсий маълумотлари билан боғлиқ материаллар, қурол-аслаҳа мавжуд.

Шоҳрух Ғиёсов 

Иккинчидан, ходимларнинг хизмат фаолиятига халақит бериш мумкин эмас. Яъни ходимларни хизмат вақтида турли сўроққа тутиш, унга тегиш мумкин эмас. Бунда хавфсиз жойдан туриб, халақит бермасдан тасвирга олиш мумкин. Баъзи ҳолларда кўрамиз, йўлнинг қатнов қисмига чиқиб олиб ёки хизмат фаолиятига халақит берган ҳолда амалга оширилади. Албатта, бундай ҳолларда ходимлар фуқаролардан ҳуқуқбузарлик содир бўлган жойни тарк этишни талаб қилишга, агар талаб бажарилмаса уларга мажбурий чораларни қўллашга ҳаққи бор. Агар ходим огоҳлантиргандан кейин шу ҳаракатлар давом этса, тасвирга олаётган фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилади.

Учинчидан, ички ишлар органлари ходимларининг хизматдан ташқари вақтда шахсий ҳаёти ва оиласи билан боғлиқ вазиятларни тасвирга олиш ва тарқатиш, шахсий ҳаёти билан боғлиқ маълумотларни ошкор қилиш тақиқланади. Бу уни фуқаро сифатида ҳуқуқини поймол қилиш ҳисобланади.

Бундан ташқари, ИИВ ходимлари журналист-блогерлар ва фуқароларнинг саволларига жавоб беришга мажбур эмас. Агар журналистлар, блогерлар ва бошқа турли фуқаролар ИИО ходимларига турли тушунтиришлар сўраб мурожаат қилишса, у жавоб бермасликка ҳақли, бунинг учун ҳар бир вилоят ИИББларида Ахборот хизматлари мавжуд, улар томонидан берилган маълумот расмий ҳисобланади. Агар ахборот хизматлари журналист ва блогерларнинг сўровларига жавоб бермаса ёки жавобни сабабсиз кечиктирса, уларга интизомий жазо чоралари қўлланилади.

Шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари ҳар бир фуқародан шахсини тасдиқловчи ҳужжатини талаб қилишга ҳақли, хоҳ у автомобил ҳайдовчиси, хоҳ пиёда бўлсин.

Агар фуқаролар ходимларнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлса 11-02 қисқа рақами орқали ишонч телефонига қўнғироқ қилиб ёки юқори турувчи ташкилотга мурожаат қилса, албатта, тегишли чоралар кўрилади”, — дейди ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов.

Мавзуга оид