Жамият | 10:39 / 17.12.2020
36526
4 дақиқада ўқилади

«Буни ўйлаб топганлар ислоҳотларнинг душмани» – Блогер UZIMEI биносидаги «бардак» ҳақида ёзди

Фото: Эффект Макаренко

2019 йил 1 апрелдан Ўзбекистондаги мобил телефонлар махсус IMEI коди бўйича рўйхатга олиниши тартиби жорий этилган эди. Шундан буён ушбу тартиб мобил қурилмалардан фойдаланишда қатор муаммоларни туғдираётгани ҳақида кўп ва хўп ёзилди.

Таниқли блогер Никита Макаренко ўз каналида IMEI кодни рўйхатга қўйиш қанчалик мураккаб жараён экани ҳақида қатор постлар эълон қилди. У мобил қурилмасини рўйхатдан ўтказиш учун UZIMEI ташкилоти биносига боргани ва у ерда қандай тартибсизликка гувоҳ бўлгани ҳақида ёзган.

Макаренко аввалига ўзига хос сўровнома эълон қилди:

«Ҳозир чет элдан келган телефонга IMEI код олиш учун бораман. Мени нима кутаётганини тахмин қилиб кўринг!

1. Керакли бинони топа олмайман;

2. Топаман, лекин у ерда тушлик вақти бўлади;

3. Тўплаган ҳужжатларим етарли бўлмайди;

4. Кейинроқ келинг, дейишади;

5. Ҳаммаси ўхшайди!

Кўпчилик ўқувчилар «Ҳужжатлар етмайди», деган вариантни белгилашган.

Кейинги постларида Макаренко UZIMEI биносида бошидан кечирганларини ҳикоя қилган: «Хўш, мен UZIMEI биносини топдим. Фақат дўстим қаердалигини тушунтирганидан кейин. Бино «Себзор» маҳалласи ичида жойлашган, унга олиб борадиган ҳеч қандай йўл кўрсаткич йўқ. Ичкарида катта навбат. Ҳеч қандай электрон навбат ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, фақат «Ким охирги?» дейиш амалда.

Рақамли хизмат кўрсатадиган (!) бинода 11 нафар тирик одам (!) навбат кутаётганди. Дижитал! Инновация! Ренессанс!

Ҳурматли Шуҳрат Содиқов (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири), Баҳром Олматов (вазир ўринбосари) пастга тушиб, тизимингиз қандай ишлаётганини кўринг.

UZIMEI'ни рўйхатдан ўтказиш 1 соат вақт олди. Агар телефонни почта орқали олиб келишган бўлса, божхона декларациясини кўрсатишингиз керак бўлади. У ерда шунчаки «бардак» ҳукм сурмоқда, навбат, фарзандлари совға қилиб юборган телефонлардан фойдалана олмаётган қариялар йиғламоқда, хорижликлар ҳайратдан ёқа ушлаб турибди.

IMEI кодни ҚЎЛДА ёзишмоқда. Қоғозда! Дижитал! Ва буларнинг ҳаммаси учун пул тўлаш керак.

Ўзбекистонда бундай тизим бўлмаслиги керак. Унинг мавжудлигини фақат коррупция билан изоҳлаш мумкин. Бу шунчаки уқувсизлик ва нопрофессионаллик. Бундай нарсани ўйлаб топган ва жорий қилганларни лаънатлайман. Улар ислоҳотларнинг ҳақиқий душмани», деб якунлаган Никита Макаренко серияли постларини.

Яна бир таниқли блогер, иқтисодчи Отабек Бакиров Макаренконинг постига муносабат билдирди. «UZIMEI халқ ва мамлакатга зараркунандалик қилиш эвазига бойлик орттириш учун яралган. Уни ислоҳ қилиб бўлмайди. UZIMEI тугатилиши керак. Зараркунандалик билан бойлик орттираётган, халқ ва мамлакатни талаётганлар эса маҳкамага тортилиши лозим», деб ёзган Бакиров.

Маълумот учун, янги сотиб олинган телефоннинг IMEI коди 30 кун ичида рўйхатдан ўтказилмаса, у ишламай қолади. Ишламай қолган телефонларни хорижга чиқиб келган бошқа инсоннинг паспорти ёрдамида рўйхатдан ўтказиб бериш «қора бозор»да ривожланганди. Бу хизматдан фойдаланганлар битта код олиш 20 долларга тушганини айтишганди. Кейинчалик четга чиқиб келган одамлар ўзларининг паспортига IMEI код ололмаётганини, чунки уларнинг паспортига бошқа телефон рўйхатга олинганини маълум қилиши ортидан Божхона қўмитаси текширув бошлаганди.

Мавзуга оид