Жаҳон | 19:20 / 17.12.2020
26680
4 дақиқада ўқилади

Коронавирус, Тоғли Қорабоғ, чегараларнинг очилиши ва навбатдаги президентлик. Путин матбуот анжуманида нималар ҳақида гапирди?

Москвада Россия президенти Владимир Путиннинг йиллик матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Путин журналистлар ва россияликларнинг саволларига жавоб берди.

Фото: Reuters

Kun.uz Россия президентининг матбуот анжумани давомида берилган энг муҳим саволларга жавобларини жамлади.

Коронавирусга қарши эмлаш ҳақида

«Вакцина менга ўхшаганларга ҳали етиб келмади. Ҳозирча эмланганим йўқ, лекин имкон бўлиши билан буни амалга ошираман. Оммавий вакцинацияга келсак – буни қилиш керак. Энг аввало, бизнинг вазифамиз мамлакатда вакцинацияни амалга ошириш. Бизда кенг миқёсда эмлаш учун ҳалигача жиҳозлар етишмаяпти.

Вируснинг келиб чиқиши ҳақида

«Айбдорларни излаш эмас, курашда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш керак, қийин аҳволда қолганларга қандай ёрдам бериш, пандемияни енгиш учун қайси йўналишлардаги санкцияларни олиб ташлаш тўғрисида ўйлаш керак».

Чегараларнинг очилиши ҳақида

«Касалланиш даражаси қандай? Гап шу ҳақда. Шифокорлар рухсат бериши биланоқ чегаралар очилади».

Фото: ТАСС

Рус ҳакерларининг АҚШдаги сайловга аралашгани ҳақида

«Россиялик хакерлар бу буюк давлатнинг ишларига аралашмаган. Бу муносабатларимизни ёмонлаштириш, Трампнинг ҳаётини бузиш учун баҳона. Бу уларнинг ўзлари учун ёмон, аммо буни улар ўзлари танлашди. АҚШнинг сайланган президенти нималар бўлаётганини тушунади деб ўйлаймиз, у тажрибали одам. Ҳеч бўлмаса муаммоларнинг бир қисми ҳал бўлади деб ҳисоблаймиз».

Тоғли Қорабоғ ҳақида

"Халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан, бу ҳудудларнинг бари Озарбойжон Республикасининг ажралмас қисми ҳисобланади. Арманистоннинг ўзи Тоғли Қорабоғ мустақиллигини тан олмаган ва буни назарда тутадиган бўлсак, Тоғли Қорабоғ ҳам Озарбойжон".

 Қуролланиш ҳақида

"Ҳарбий бюджетимиз қанча эканлигини биласизми? 46 млрд доллар. Буюк Британияники сал кўпроқ. АҚШники - 770 млрд. Россия ҳарбий харажатлар бўйича дунёда олтинчи ўринда туради. АҚШ, Хитой, Саудия Арабистони, Буюк Британия, Франция, Япония – уларнинг барчаси биздан олдинда. Хўш, ким оппоқ ва юмшоқ, ким тажовузкор экан?"

Конституцияга тузатишлар киритиш ҳақида

«Ҳамма нарса ўз вақтида бўлгани яхши. Конституция охирги марта 1993 йилда қабул қилинганди, Москвада танклар юрган, одамлар ўлганди. Конституция ана шундай шароитда қабул қилинганди, у барқарорлаштирувчи ролни ўйнади, фуқаролик дунёсини тиклашга ёрдам берди. Аммо ҳозир бошқа вазият, қонунни шунга мувофиқ ўзгартириш керак эди, ўзгартириш эмас, тузатишлар киритиш керак эди».

 Яна президентликка номзодини қўйиш ҳақида

«2024 йилги сайловда қатнашиш ёки қатнашмаслик борасида ҳозирча қарор қабул қилмадим. Халқ бунга расман рухсат берди».

Бу йил Владимир Путин 16-бор матбуот анжумани ўтказди. Тадбирга 774 нафар журналист аккредитациядан ўтди. Путиннинг бу галги матбуот анжумани 4 соату 29 дақиқа давом этди. Бу вақт давомида у 50дан ортиқ саволга жавоб берди. 2019 йил декабрда матбуот анжумани 4 соату 18 дақиқа давом этганди.

Путин 2001 йилдан буён катта матбуот анжумани ўтказиб келади. Фақат бош вазир лавозимида ишлаган даврида - 2008 йилдан 2012 йилгача танаффус бўлган.

Мавзуга оид