Жамият | 21:26 / 18.12.2020
19394
2 дақиқада ўқилади

Гулжаҳон Йўлдошева иши. Молиявий айбловлар бўйича судланувчилар кўрсатмалари тингланди

17 декабр куни Тошкент вилояти бош инфекционисти иши юзасидан суднинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Гулжаҳон Йўлдошева ва бошқа судланувчиларнинг бюджет маблағларини талон-тарож қилинишига доир айбловлар юзасидан кўрсатмалари тингланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Гулжаҳон Йўлдошева судда давлат бюджетидан ажратилган пул маблағлари нималарга сарфлангани, мукофот пуллари шифокорларга нима учун ва қанча миқдорда берилганига тушунтириш берди.

Карантин даврида шифохонага тегишли бўлган компьютер, принтер ва планшетни Йўлдошева уйига олиб бориб ишлатгани ҳолати ҳам айблов эпизодларидан жой олган бўлиб, Йўлдошева бу ҳолатни ушбу буюмларни фақатгина карантин давридагина уйига олиб боргани ва шифохона ишлари билан боғлиқ ҳолатларда ундан фойдалангани, кейинчалик компьютер, принтер ва планшетларни шифохонага қайтариб олиб келгани, уларга ҳеч қандай зарар етмагани билан изоҳлади.

Суд мажлисида судланувчилар Aлишер Дадаматов ва Жаннат Ҳакимоваларнинг ҳам кўрсатмалари тингланди.

Суд мажлиси тафсилотлари билан батафсил Kun.uz'нинг YouTube'даги каналига жойланган видеорепортажлар орқали танишиб боришингиз мумкин.

Суд иши 21 декабр куни соат 11:00га қадар танаффус эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалги суд мажлисида Гулжаҳон Йўлдошева коронавирусга чалинган бемор (марҳум) Рустамовнинг бошқа шифохонага кўчирилишига доир вазият бўйича кўрсатма бериб, айбловларни рад этган эди.

Мавзуга оид