Ўзбекистон | 08:41 / 18.12.2020
11895
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 29 млрд доллардан ошди

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2020 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 29,3 млрд. долларни ташкил этган. Бу ҳақда Марказий банк шарҳида айтилади.

Фото: Shutterstock

Қайд этилишича, бунда 18,7 млрд. доллар давлат секторига, 10,6 млрд. доллар хусусий секторга тўғри келади.

“2020 йил 9 ойи давомида Ўзбекистон тўлов баланси кўрсаткичларининг шаклланишига дунёда COVID-19 пандемияси бошланиши билан боғлиқ ички ҳамда ташқи бозор ҳолатидаги ўзгаришлар, ташқи савдо айланмасининг пасайиши, глобал бизнес фаолияти секинлашиши ва молиявий хатарларнинг ортиши каби омиллар ўз таъсирини ўтказди.

Шунингдек, 2020 йил 9 ойи давомида жорий қилинган карантин чора-тадбирлари маҳаллий характер касб этиб, трансчегаравий пул ўтказмаларининг умумий ҳажмига салбий таъсири бўйича хатарлар рўёбга чиқмади ва резидентларга ўтказмалар 2019 йил мос даври даражасида сақланиб қолди. Бундан ташқари, олтин нархининг жаҳон бозоридаги ижобий динамикаси экспорт ҳажми қисқаришини қисман қоплаш имкониятини яратди”, - дейилади маълумотда.

Таъкидланишича, юқоридаги омиллар таъсирида жорий операциялар ҳисоби 434,2 млн. доллар (2019 йил 9 ойида 1,8 млрд. доллар) ҳажмидаги дефицит билан шаклланди. Шунингдек, савдо баланси (товарлар ва хизматлар) ва бирламчи даромадлар манфий сальдоси (4,2 млрд. доллар) иккиламчи даромадлар ижобий сальдоси (3,7 млрд. доллар) ҳисобига қисман қопланди.

Молиявий ҳисобнинг манфий сальдоси 755 млн. долларни ташкил этиб, бу кўрсаткич резидентларнинг молиявий мажбуриятлари ортиши (6,1 млрд. доллар) ҳамда резидентлар томонидан активлар қабул қилиниши (5,3 млрд. доллар) оқибатида ҳосил бўлди.

Ўзбекистоннинг соф халқаро инвестицион позицияси 2020 йил 1 октябрь ҳолатига 22,3 млрд. долларни ташкил этди. Халқаро инвестицион позициянинг иқтисодиёт секторлари бўйича таҳлили шуни кўрсатдики, 2020 йил 9 ойи якунлари бўйича давлат бошқаруви сектори ҳамда бошқа секторлар “соф кредитор” позициясини сақлаб қолган бўлса, банк сектори “соф қарздор” позициясини эгаллаб турибди.

Мавзуга оид