Ўзбекистон | 09:14 / 20.12.2020
48916
4 дақиқада ўқилади

Давлат хавфсизлик хизмати ўз фаолиятига оид қонунни янги таҳрирда қабул қилишни таклиф этмоқда

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати «Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқди.

Фото: Давлат хавфсизлик хизмати

Амалдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисида»ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш таклиф этилмоқда, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

17 декабр куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси оммавий муҳокама учун тақдим этилди.

 ДХХ маълумотига кўра, амалдаги қонунда давлат чегараси билан боғлиқ асосий тушунчалар берилмаганлиги сабабли, фаолият давомида фуқаролар, вазирликлар ва идоралар томонидан турли тарзда талқин қилинишига олиб келмоқда. Натижада Давлат чегарасини жиҳозлашда, вазирлик ва идоралар томонидан ўз ваколати доирасида белгиланган вазифаларни бажаришида бир қатор муаммо ва тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда.

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида давлат чегарасида содир этилган айрим тоифадаги ҳуқуқбузарликлар (давлат чегараси режими, чегара режими, ўтказиш пунктларидаги режим бузувчилари) таснифланган. Шунингдек, чегараолди ҳудудларда хўжалик ва бошқа фаолиятни юритиш тушунчаси кенгайтирилган ҳолда баён этилган.

Лойиҳада давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда қурол-яроғ ва ҳарбий техникани қўллаш тартиби ёритилган. Бундан ташқари, ДХХ Чегара қўшинлари хизмат фаолиятида давлат чегараси бузувчиларини қўлга олиш жараёнида уларга шикаст етказишни минималлаштиришга қаратилган махсус воситаларни қўллаш тартиби белгиланган.

Қонуннинг янги таҳрири 10та боб ва 71та моддадан иборат бўлиб, ўз ичига қуйидаги қўшимча ва ўзгаришларни олади: 

  • Асосий тушунчалар моҳиятини ва уларнинг таърифларини ҳар хил талқин қилиниши олдини олиш мақсадида, тушунчалар аппарати жорий этилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини ўрнатиш ва белгилаш тартибини батафсил таърифлаш билан қўшимчалар киритилди.
  • «Давлат чегараси режими» тушунчалари ёритилиб, «Давлат чегараси режимини бузиш» тушунчаси, унинг таснифланиши, турлари бўйича қўшимчалар киритилди.
  • Чегара зонасини белгилашдан келиб чиқиб, чегара минтақасига тааллуқли ўзгартиришлар киритилган; чегара зонасига кириш (чиқиш), ўтиш, бўлиш (яшаш), шахсларнинг ҳаракатланиши, хўжалик ва бошқа фаолиятни олиб бориш тартиби ёритилган; «Чегара режимини бузиш» тушунчасига қўшимча киритилди ва унинг бузилиш турлари тоифалаштирилди.
  • «Ўтказиш пунктларидаги режим» тушунчаларини батафсил ёритувчи қўшимчалар киритилди; шахслар ва транспорт воситаларини кириш, чиқиш, товарларни бошқа мол-мулк ва ҳайвонларни ўтказиш пунктларига (пунктларидан) олиб кириш, олиб чиқиш тартиби, йўловчиларни халқаро ташишни амалга оширувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ўтказиш пунктида Давлат чегарасини кесиб ўтувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, «Ўтказиш пунктидаги хўжалик ва бошқа фаолият», «Ўтказиш пунктида режимни бузиш» тушунчалари ёритилди.
  • Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда тегишлилиги бўйича иштирок этувчи вазирлик, қўмита ва идоралар (Фавқулодда вазиятлар, Қишлоқ хўжалиги, Сув ҳўжалиги, Соғлиқни сақлаш, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш, Транспорт вазирликлари, Давлат ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмиталари ва Миллий гвардия) ваколатлари ёритилди.
  • Халқаро тажрибадан келиб чиқиб фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишдаги иштироки алоҳида боб бўлиб киритилди.

Ушбу қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва мулоҳазаларни 2021 йил 1 январга қадар портал орқали билдириш мумкин.

Мавзуга оид