Фарғона дербисида ҳакамни тепган футболчига жиноий иш очилган. Ҳакам уни кечирмоқчи
Про-Лига 20-туридан ўрин олган «Нефтчи» – «Турон» ўйини тугагач, бош ҳакам Шавкат Насибуллаевга оёғининг таг қисми билан зарба берган «Нефтчи» футболчиси Жамшид Тўрақуловга нисбатан жиноий иш очилган.
Tribuna.uz мухбирининг аниқлашича, Тўрақуловнинг хатти-ҳаракатлари Жиноят кодексининг 277-модда 2-қисми «в» банди билан (оммавий тадбирлар вақтидаги безорилик қилиш) таснифланган. Бу айблов исботланса, 277-модда 2-қисмининг санкциясига кўра, футболчи уч йилдан беш йилгача қамалиши мумкин.
Футболчининг отаси Лочинбек Тўрақулов агар ўғли тепган ҳакам Шавкат Насибуллаев аризасини қайтиб олса, вазият енгиллашиши мумкинлигидан хабар топган ва Тўрақуловлар оиласи ҳакам билан шу масалада гаплашишган. Шавкат Насибуллаев футболчининг онасига аризани қайтариб олишини ваъда қилган.
Маълумот учун, 1 декабр куни Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида ўтказилган «Нефтчи» – «Турон» ўйини мамлакат юқори дивизиони – Суперлига йўлланмаси учун ҳал қилувчи баҳс бўлганди. Учрашувда Яйпаннинг «Турон» клуби ғолиб бўлиб, Про-Лига ғолиби сифатида Суперлигага йўлланма олганди. Ўтиш ўйинида қатнашиш ҳуқуқини сақлаб қолган «Нефтчи» эса Суперлиганинг 13-жамоаси «Андижон»га ўз майдонида енгилиб, Суперлига йўлланмасидан қуруқ қолди.
«Нефтчи» – «Турон» ўйинидаги тартибсизликдан сўнг 5 киши 15 суткага қамалган ва 6 кишига нисбатан жиноий иш очилганди. Кейинчалик ЎФА этика қўмитаси «Нефтчи» клубини учта ўйинни мухлисларсиз ўтказиш ва 100 миллион сўм миқдоридаги жарима билан жазолади. Жамоанинг кўплаб аъзолари дисквалификация қилинди, Жамшид Тўрақулов эса 10 йилга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлатилди.
Ўйиндан кейин жиноий иш очилган 6 кишидан бири айнан Жамшид Тўрақулов бўлгани ҳақида хабарлар тарқалгач, мухлислар футболчининг қамалгани нотўғри бўлгани ҳақида гапира бошлашди. Кўпчилик «МЮ» афсонаси Эрик Кантона худди шу услубда мухлисни тепгани учун қамалмагани ва 8 ойга футболдан четлатилганини эслади.
Видео: Фарғонада Про-лиганинг ҳал қилувчи ўйини оммавий тартибсизлик билан тугади
ПФЛ Фарғонадаги жанжалли ўйин бўйича баёнот берди. Ҳакам можароли вазиятда тўғри қарор чиқарган
Мавзуга оид
16:50 / 18.10.2023
Чемпионлик 22 йил ўтиб, пойтахтдан ташқарига чиқадими? Бош совринга қайси жамоа асосий даъвогарлиги ҳақида
10:15 / 29.09.2023
Хайрулло Бозоров биринчи ўринбосарини «Нефтчи» клуби президенти этиб тайинлади
22:12 / 20.09.2023
Турон чўллари ЮНЕСКО Бутунжаҳон табиий мероси рўйхатига киритилди
14:11 / 12.08.2023