Пандемия устидан ғалабага бюрократ раҳбарлар эмас, муҳожир олимлар туфайли эришилмоқда — Ботир Қобилов
«Инновация керак, лекин инновация бўлиши учун хилма-хиллик керак. Одамлар, фикр ва ғоялар хилма-хиллиги ўзгача ёндашув ва прогрессга имкон беради», – дейди АҚШда яшаётган ўзбекистонлик иқтисодчи.
АҚШнинг Ҳарвард университети тадқиқотчиси, иқтисодчи Ботир Қобилов коронавирусга қарши вакцина борасида муваффақиятга эришаётган олимлар ичида муҳожирлар сони салмоқли эканига эътибор қаратди.
«Пандемия устидан ғалаба ҳеч қандай бюрократ, раҳбар, бошлиқ ёки мутасадди ташкилот сабабли деб бўлмайди. Аксинча, уларнинг айримлари халақит қилади фақат.
Moderna'нинг вакцинаси Венгрияда туғилган олим Каталин Карико томонидан яратилган технология асосида ишлайди. Moderna'нинг таъсисчиларидан бири Ливанда туғилган. Pfizer вакцинаси Германиядаги турк муҳожирлари Уғур Шахин ва Озлем Туреcи томонидан яратилган ва ўша вакцинани бозорга олиб чиқишда компания бош директори (CEO) Алберт Бурла катта рол ўйнади, у эса грециялик муҳожир…
Ўзингизга савол беринг: ўша венгер, грек, турк ўз ватанларида шу нарсаларни амалга ошира олармиди? Вақт билан мисли кўрилмаган пойгада ғолиб бўлишармиди, яъни вакцинани бир йилдан кам муддатда бозорга чиқаришармиди? Албатта йўқ», – дейди Ботир Қобилов.
Унинг айтишича, АҚШда биотехнология соҳасида ишлайдиганларнинг учдан бири хорижда туғилган меҳнат мухожирларига тўғри келади. Умуман олганда, илм-фан, инновация нафақат АҚШда, балки аксарият ривожланган мамлакатларда айнан иммигрантлар ёрдами билан ривожланади.
«Инновация керак. Лекин инновация бўлиши учун хилма-хиллик керак. Одамлар, фикр ва ғоялар хилма-хиллиги ўзгача ёндашув ва прогрессга имкон беради.
Ва энг муҳими – эркинлик керак. Инсон эркинлиги, унинг фикрлаш эркинлиги ва ҳеч қандай майда-чуйда муаммолар, ташвишлар, қоғозбозлик ва буйруқлар билан чалғитмайдиган муҳит керак», – деб ёзди Ботир Қобилов ўзининг Telegram'даги «Иқтисодчи қайдлари» (Заметки экономиста) каналида.
Қайд этиш лозим, АҚШнинг ваколат муддати тугаб бораётган президенти Доналд Трамп мамлакатга муҳожирлар оқимини чекловчи бир қатор қарорлар чиқарган эди. Сайланган президент Жо Байден инаугурациядан кейиноқ бу қарорларни бекор қилишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Pfizer (АҚШ) ва BioNTech (Германия) компаниялари ҳамкорликда ишлаб чиққан COVID-19'га қарши вакцина билан оммавий эмлаш тадбирлари Буюк Британия, АҚШ ва Исроилда бошлаб юборилган.
Куни кеча Moderna (АҚШ) компаниясининг вакцинаси ҳам АҚШда хавфсиз ва самарали деб топилди. Тез орада Канада ва Германияда ҳам оммавий эмлаш бошланиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
08:30 / 01.11.2024
Пенсия тайинлаш ва тўлашда бюрократия қисқартирилади
20:25 / 23.10.2024
Британияда норовирусга қарши дунёдаги биринчи вакцинани синовдан ўтказиш бошланди
20:48 / 04.10.2024