Жамият | 16:20 / 20.12.2020
35304
14 дақиқада ўқилади

Сериаллар ва биз: Қутб айиғи ҳолидамизми?

Истанбул университети докторанти, киношунос Отабек Тиллаев «ARTICLE» рукнидаги навбатдаги мақоласида хориж сериалларининг мафкуравий ва психологик таъсирлари хусусида сўз юритади.

Қутб айиғи ҳолидамизми?

Овчилар қутб айиқларини қандай овлаши ҳақида ҳеч эшитганмисиз? Турк психологи Саид Чамлижанинг бир рисоласида ўқиганларим, очиғи, мени ҳайратга солди.

Овчилар қутб айиқларининг терисига ҳеч қандай зарар етказмаган ҳолда уларни овлай олишар экан. Хўш, қандай қилиб?

Қутб айиқлари табиатан қонни яхши кўришади. Овчилар эса уларнинг айнан мана шу нозик нуқтасидан устомонлик билан фойдаланишади. Улар ўткир болта ёки учи ўта кескир бир қуролни тупроқ остига учи хиёл кўринадиган қилиб кўмиб қўйишади. Кейин эса қуролнинг ана шу уч қисмига бироз қон суртишади. Қон ҳиди атрофга обдон тарқалгунча кутиб туришади. Табиийки, бу орада қон исини олган айиқлар ушбу ҳудудга атрофни искалай-искалай етиб келишади ва кела солиб, қонни ялашга тушишади.

Тупроқ остига кўмиб қўйилган ўткир тиғ айиқларнинг тилини кесиб, тилкалаб ташлайди. Лекин айиқлар қон исидан шунчалар сармаст ва карахт бўлиб қолишадики, ҳатто ўз тилларининг яраланганини ҳам сезишмайди. Айиқ қонни ялайверади, тилидан эса қон оқаверади. Аслида, ўзининг қонини ўзи ялаётганини билмаётган айиқни энди бу ажал тузоғидан ҳеч ким ва ҳеч нарса қутқара олмайди. Алалоқибат, у кўп қон йўқотгани туфайли ерга юзтубан йиқилиб жон беради. Шафқат нималигини билмаган овчилар эса айиқнинг жон таслим қилганига ишонч ҳосил этгач, унинг терисини осонликча шилиб олишади.

Нима учун буни эсга олдим? Сабаби – бугун телевидение орқали намойиш этилаётган, биз ва фарзандларимиз киприк қоқмай, телеэкранга «михланиб» томоша қилаётган сериаллар ҳам, аслида, одамларни ана шундай маккорона тузоққа туширишга ўхшайди.

Яъни сериалнинг биринчи қисмини томоша қилдингизми, тамом – тузоққа илиндим, деяверинг. Энди бу чангакдан осонликча қутула олмайсиз. Айниқса, кўраётганингиз хориж сериаллари бўлса...

Энг даҳшатлиси, овчилар панада пайт пойлаб тургани ҳатто хаёлимизнинг бир кунжагига ҳам кирмаслигидир.

Тарихнинг аччиқ сабоғи

Сиёсий фанлар доктори Бахтиёр Омонов АҚШ тарихидан шунга ўхшаш реал бир мисол келтиради.

Олимнинг айтишича, 1970 йилларда Америкада янги элитанинг ҳукмронлиги ўрнатилади. Бу даврда телевидение, санъат, томоша индустрияси кишилар онгига ғоялар, тимсоллар, қарашлар ва қадриятларни сингдириб, тамоман янги миллатни шакллантиришга интилади. Бунинг оқибатида эса миллионлаб одамлар ўз юртида ўзини бегонадек ҳис эта бошлайди. Ҳайвоний майл ва гедонистик – ҳаётнинг мазмун-моҳияти айш-ишрат ва лаззатланишдан иборат, деб ҳисоблайдиган қарашлар тизими илдиз отади. Қадимий байрамлар йўқолади. Илгариги қаҳрамонлар тимсоли сўниб, маданий майдонни куч, зўравонлик, беҳаёликни тарғиб этаётган супер қаҳрамонлар эгаллайди.

Одамлар гарчи аждодларидан мерос қолган азалий маънавий қадриятлар таг-томири билан юлиб ташланаётганини кўриб туришган бўлса-да, худди қутб айиқлари сингари иложсиз қолишади. Охир-оқибат, Киплинг тасвирлаган «бозор ҳукмдорлари» жинсий майл, шуҳрат, бойлик, ҳокимият билан янги Американинг янги ҳукмдорларига айланишади.

Бугун телеканалларимизда эфирга узатилаётган айрим кўрсатув ва сериаллар ҳам ҳашаматли ҳаёт, жон койитмай пул топиш, никоҳдан ташқаридаги ғайриахлоқий муносабатлар, жирканч иллатлар ва қадриятларимизга мос келмайдиган хатти-ҳаракатларни акс эттирмоқда.

Бу эса жамиятда жиноятчиликнинг ортиши, маънавий-ахлоқий бузилишлар ва оилаларнинг парокандаликка юз тутиши каби мисолларда акс-садо бермоқда. Бу акс-садони эшитиш шарт эмас, шундоқ ён-атрофингизга қаранг, ўз кўзингиз билан кўрасиз...

Узоққа боришнинг кераги йўқ, бугун телеканалларимизни «ишғол» қилиб олган хорижий сериалларнинг салбий таъсири ҳатто у суратга олинган мамлакатларда ҳам яққол сезилмоқда. Масалан, Туркиянинг Она-бола соғлиғини сақлаш ва оилани режалаштириш маркази ўтказган сўровномада сериаллар оила бирлигини бузади, деган хулосага келинди.

Чорум адвокатлар ассоциациясининг адвокатларидан бири Деря Ўзтекин эса ажралиш ҳолатлари бўйича бир тадқиқот ўтказди. Тадқиқот натижаларига кўра, 2012 йилда Туркиянинг Чорум шаҳрида 656 жуфтлик турмуш қурган бўлса, 640 жуфтликнинг никоҳи бекор қилинган. Яъни муайян бир ҳудудда турмуш қурган ва ажрашган ёшларнинг сони деярли тенг ҳолга келиб қолган. Адвокат ушбу даҳшатли манзара оилавий ажримларни оддий ҳол сифатида кўрсатган сериалларнинг натижаси эканини таъкидлади.

«Эр-хотинлар ажрашишни худди телесериаллардаги каби осон ва содда деб билишади ва никоҳларини бекор қилишади. Баъзи сериаллардаги воқеалар занжири одамларни ҳалокат жари томон судраяпти. Шу нуқтайи назардан, сериалларнинг фойдадан кўра зарари кўпроқдир», – дейди у.

Яна бир тадқиқот сўровномасида иштирок этган инсонларнинг катта қисми, яъни 33,8 фоизи муайян сериални охиригача кўрмаслигининг сабабини унинг ахлоқий қадриятларга зид экани билан изоҳлаган.

Оппоқ қоғоздаги доғ...

Атрофингизга синчиклаб назар солинг, ғарбона дунёқараш ва маданиятимизни синтез қилишга уриниш бизнинг ҳам қадриятларимизни йўқ қилмоқда. Эндиликда нафақат болалар ва ўспиринлар, ҳатто катталар ҳам экранда кўрганларини ўз ҳаётларига олиб киришга ҳаракат қилишмоқда.

Аммо гап болалар ҳақида борар экан, масаланинг нақадар оғриқли ва долзарб экани янада ойдинлашади.

Бу – барчамизни сергак ва ҳушёр торттириши лозим. Чунки болалар бамисоли оппоқ қоғоз. Аммо, афсуски, бу оппоқ қоғозга бугун ажнабий сериалларнинг доғи ва нуқси урмаяпти, деб ҳеч ким айта олмайди.

Сериалларнинг ёшлар онги ва руҳиятига, маънавий дунёсига жиддий рахна солиши кўплаб илмий мисоллар билан исботланган. Ноттингем университетининг болалар психологи, профессор Элизабет Нюсоннинг айтишича, бола балоғат остонасига қадам қўйгач, ўзи учун намуна излайди. Ушбу модел унинг ўз оила аъзоси ёки бирон санъаткор ва ҳатто у томоша қилган фильмлардаги зўравонлик тимсоли ҳам бўлиши мумкин. Бола ўзи интилган ушбу моделга беихтиёр тақлид қилишга уринади.

Энди яқин ўтмишимизга қайтамиз. Эсингизда бўлса керак: «Рамаяна» сериали намойиш этилганда, аксар болалар Рам ва Лакшманга айланиб, камон-пайкон билан бир-бирининг кўзини чиқарган, «Жумонг» намойиш этилганда эса ўзича қилич ясашга тушиб кетганди. Бу – бизнинг хулоса чиқаришимиз керак бўлган, ёш авлод ўзининг бой тарихи бўлгани ҳолда ўзга юртнинг ўтмиши ва маданиятига маҳлиё бўлиб ўсган яқин тарихимиздир.

Хўш, бугун-чи, бугун? Болаларимиз нималарни томоша қилиб улғайяпти? Куннинг неча соатини ижтимоий тармоқлар ёки телевизор қаршисида ўтказяпти? Мактаб дарсликларидан ташқари охирги марта қайси китобни ўқиди?

Қанча умримиз елга совурилмоқда?

Аслида, барча сериалларнинг муштарак бир хусусияти бор: сериалнинг ҳар бир қисми, одатда, энг кулминацион нуқтада якунланади ва «Кейинги қисмда нима бўларкин?» деган савол томошабин миясида айланаверади... Бу ҳолда у кейинги қисмни энг камида бир кун, баъзан эса ҳафталаб юрак ҳовучлаб кутишига тўғри келади. Бунга эса ҳамманинг ҳам сабри дош бера олмаслиги аниқ ва табиийки, энди уйда, кўча-кўйда ва ҳатто ишхонада ҳам сериал муҳокама мавзусига айланади.

Яъни қизиқиш мароққа, мароқ ҳаяжонга, ҳаяжон эса телбавор тутқунликка айланади. Кунлар шу йўсин ўтаверади, олтинга тенг умр эса елга совурилаверади.

Агар бугун телевизор, интернет ва ижтимоий тармоқларда кечираётган вақтимиз ҳисоблаб чиқилса, ишонаверингки, лабимизга учуқ тоширадиган даражадаги даҳшатли рақамлар пайдо бўлади.

Тадқиқотларга кўра, кунига уч соат телевизор томоша қилувчи инсон бир йилда 45 суткани, айтайлик, у 75 йил умр кўрса, шундан нақ 9 йилини телевизор экранига термилиб ўтказади.

Бугун янги мультимедиа платформаларининг умумлаштирилиши биз одатланган телевидение истеъмоли ўрнини ҳам эгаллаб бормоқда: энди айрим одамлар ҳар ҳафта сериалнинг янги қисми чиқишини кутиш ўрнига, бутун бир мавсумни биттада томоша қилиб тугатиб қўя қоляпти. Netflix хизмати, ҳатто бунинг учун янги атама ҳам ўйлаб топди: binge-racer (қарам пойгачи).

Хўш, binge-racer ким? Бундай одам дастур ёки сериал қисмларини кетма-кет томоша қилган ҳолда ҳатто тунларини уйқусиз ўтказади. Яъни унинг ашаддий гиёҳванддан деярли фарқи қолмайди.

Netflix маълумотларига кўра, 2013 йилда бундай фойдаланувчилар сони қарийб 8,4 миллион кишини ташкил этган.

Агар бу рақам кундан кунга ортиб бораётганини ҳисобга олсак, афсуски, бугун бутун бошли «зомби» авлодлар етишмоқда, деб айтиш мумкин.

Сериалларнинг мафкуравий таъсири

Ҳукмрон сиёсий элита ва унинг фикри телесериалларга ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Буни биз томоша қилаётган турк сериаллари мисолида ҳам кўриш мумкин. Бугунги кунда ҳукмрон партия – АKP (Адолат ва тараққиёт партияси) вакиллари Туркия Республикасини Усмонли империясидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди, деб билишади.

Уларнинг фикрича, Туркия – Усмонли империясининг давомидир. Шунинг учун Усмонли империясининг улуғворлиги, устунлиги ва умумий меросини бот-бот эслатиб туришади ва улар бугун Усмонлилар руҳини тиклашга ҳаракат қилишмоқда.

Ушбу нео-усмонизм концепциясига параллел ҳолда сўнгги ўн йилликда кўплаб фильм ва сериаллар суратга олинди. «Тирилиш: Эртуғрул», «Муҳташам юз йил», «Фотиҳ» каби сериаллар шулар жумласидандир.

Таъкидлаш жоизки, инсон дунёқараши ва мафкурасига хорижий сериалларнинг таъсири салмоқли. Чунки улар кишига гиёҳванд моддадай таъсир кўрсатиб, уни ҳақиқий ҳаётдан узиб қўяди.

Аён ҳақиқат шуки, бугунги кунда кино индустрияси пардасининг ортида турганлар фақат рейтинг ёки пул ишлаш учунгина фильм суратга олишмайди. Шубҳасиз, уларнинг бошқа бир мақсади бор. Шунинг учун ҳам аксар сериалларда ижтимоий қадриятларнинг умумий негизига мутлақо қарама-қарши бўлган мавзулар тарғиб этилади.

BBC cиёсий муҳаррири Хардиман Скотт таъкидлаганидек, сиёсатчилар телевидениенинг қудратини яхши билишади ва ундан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга интилишади. Хусусан, сериалларда сиёсий қарашлар ва мафкуравий гегемонизм концепцияси турли яширин ташвиқ-даъватлар, манипуляциялар орқали «экспорт» қилинади.

Бир сўз билан айтганда, оғу сингдирилган қанд зарқоғозга ўралган ҳолда тақдим этилади. Натижада эса жамиятнинг ижтимоий тузилиши аста-секинлик билан таназзулга юз тутади. Тили, дини, маданияти ғорат қилинган миллатни эса осонлик билан енгиш мумкин.

Сериалларнинг психологик таъсири

Сериалнинг янги қисмини томоша қилиш ва миядаги мукофот тизими ўртасида боғлиқлик борлиги аниқ. Каталония университети неврологи Диего Редоларнинг фикрича, олдинда бемалол кўрса бўладиган серияларнинг мавжудлиги асаб тизимига ёрдам беради, чунки асаб тизими кутишга, фаолликка ва сериалга қарам бўлиб қолишга тоқат қилолмайди. Кейинги қисмни томоша қилолмаслик безовталикни келтириб чиқаради ва кундалик ҳаётдаги бошқа вазифалар ҳақида ўйлашни қийинлаштиради.

Бир ўтиришда сериалнинг жуда кўп қисмларини томоша қилиш эса когнитив ва психологик зарарнинг юзага келишига сабабчи бўлади. Бундай хатти-ҳаракатлар охир-оқибатда яккаланишга ва ҳатто кундалик шахсий ҳаётнинг қадрсизланишига ҳам олиб келиши мумкин.

Шунингдек, сериал томошасидан сўнг жисмоний чарчоқ ва ҳиссий тушкунликка тушиш ҳолатлари ҳам кўп кузатилади. Шу боис олимлар ҳар қандай сериални томоша қилишдан олдин бу ҳақда обдон ўйлаб кўришни маслаҳат беришади.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, сериаллар, айниқса, ёшларнинг ахлоқи, руҳий-маънавий дунёсига жиддий салбий таъсир ўтказиши мумкин. Улар болаларнинг ўз ота-оналари билан ўзаро муносабатига, уларнинг ўқиши ва фикрлашининг чегараланишига, маданий бегоналашувга, тилнинг бузилишига, болалик ва беғуборликнинг эрта йўқотилишига сабабчи бўлади.

Масалан, Англиядаги бир мактаб-интернатда 13–16 ёш тоифасидаги болаларни икки гуруҳга бўлган ҳолда тадқиқот ўтказилди. Биринчи гуруҳ 15 кун давомида ҳажвий ва ижтимоий дастурларни, иккинчи гуруҳ эса зўравонлик акс этган дастур ва сериалларни томоша қилди. Қизиғи шундаки, ушбу тадқиқот натижалари биринчи гуруҳдаги болаларда бағрикенглик ва киришимлилик, иккинчи гуруҳдагиларда эса аксинча, жисмоний зўравонлик, ахлоқий бузилишга мойиллик ортганини кўрсатди.

Нима қилмоқ керак?

Ҳар қандай дастур ва сериал эфирга узатилар экан, жамиятнинг ижтимоий тузилиши, урф-одатлари, қадриятлари, ахлоқий фазилатлари суиистеъмол қилинмаслиги шарт. Телевидение тизими учун масъул бўлган мутасаддилар масаланинг мана шу жиҳатини ҳеч қачон эсдан чиқармасликлари лозим.

Шу билан бирга, дастур ёки сериални телевидение эфиридан олиб ташлаш бу ҳали ечим дегани эмас.

Энг аввало, биз савиясиз, енгил-елпи, реал ҳаётдан йироқ, фақат маиший масалалар атрофидагина ўралашиб қолган миллий «сериал»ларни суратга олишни бас қилишимиз, ўзаро рақобатда аудиторияни хорижий сериалларга бой бериб қўймайдиган ҳақиқий киноасарларни яратиш устида жиддий бош қотиришимиз лозим.

Агар биз диний, миллий ва ахлоқий қадриятларимиз, шунингдек, тарихий қаҳрамонларимиз ҳаёти ҳақида ўткир сюжетли сериаллар ва фильмлар яратмас эканмиз, эртага ҳам кимлардир томонидан суратга олинган ва отнинг калласидай маблағ эвазига харид қилинган хорижий сериалларнинг жамиятимизга кўрсатаётган салбий таъсири ҳақида нолиб ўтираверамиз.

Унутмайлик: кўп қон йўқотмаслик ва қутб айиқларининг ҳолига тушиб қолмаслик ўз қўлимизда!

Отабек Тиллаев

Мавзуга оид