Ўзбекистон | 15:56 / 21.12.2020
11646
4 дақиқада ўқилади

«Конституцияни ҳурмат қилайлик!» — ҳуқуқшунос суд тизимидаги ислоҳотлар ҳақида

Ўзбекистонда жамоатчилик муҳокамасини ўтказмай туриб, Конституцияга ўзгартириш киритилиши амалга ошмади. Депутатлар аллақачон қабул қилиб бўлган «сирли» қонун Сенат ялпи мажлиси кун тартибига киритилган эди. Маълум бўлишича, танқидлардан сўнг – ялпи мажлисга бир кун қолганда, бу масала мажлис кун тартибидан ўчирилган.

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш киритилиши шошма-шошарлик билан бўлаётганига эътибор қаратди.

«Хуллас, 2020 йил 24 июлдаги 6034-сонли президент фармони билан 2021 йил 1 январдан умумюрисдикция судларини ташкил этиш ҳақида айтилган эди. Аммо бунақа ўзгариш бўлиши учун энг аввал Конституцияга ўзгариш киритилиши керак. Ана ундан кейин эса «Судлар тўғрисида»ги қонунга. Аммо яқинда Сенат раиси таъкидлаганидек, ҳали Конституцияга ўзгариш киритиш масаласи умуман кўриб чиқилаётгани йўқ (аммо Қонунчилик палатаси бу масалани аллақачон «сирли равишда» кўриб бўлган).

Агар йил якунида Сенатнинг бошқа ялпи мажлиси бўлмаса, унда 1 январдан ҳар қанақасига ҳам умумюрисдикция судлари иш бошламайди. Чунки янги судлар ташкил қилиш, суд тизимини институционал ислоҳ қилиш фақат Конституцияга ўзгариш киритиш билангина амалга татбиқ қилиниши мумкин. Бошқача вариант йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас!

Энди энг қизиғини айтсам. Амалиётда аллақачон умумюрисдикция судлари учун судьялар лавозимга тайинланмоқда. Масалан, яқинда Тошкент шаҳар умумюрисдикция суди раиси лавозимга тайинлангани хабар қилинди. Тасаввур қиляпсизми, ҳали йўқ судга, йўқ лавозимга аллақачон раҳбар тайинланиб бўлинди. Ия, бу қанақаси? Балки Конституцияга ўзгариш киритилмас, балки депутатлар ва сенаторлар бу ўзгаришларни ёқламас, деб савол беришингиз мумкин, албатта. Ҳа, энди бу фақат назарий айтилаётган гаплар холос. Мен бу саволларга жавоб бера олмайман ва жавобини ўзингиз ҳам яхши биласиз.

Хўп, тушундик, барибир ўша ўзгариш бўлади, барибир фармонда айтилган умумюрисдикция судлари ташкил этилади, буни депутат ёки сенаторлар қўллаб-қувватлаши аниқ, яхши. Лекин шу ўзгаришни Конституциянинг ҳурматини жойига қўйиб, кейин қилса бўлмайдими?

Бу худди ҳали отаси тирик бўлса ҳам, лекин аллақачон жанозасига таклифнома чиқариб қўйган фарзандларга ўхшайди. Ҳали Конституция ўзгармади-ку, сал кутиб турсак-чи ҳурматини қилиб?» – деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.

Эслатиб ўтамиз, Сенат кенгаши 11 декабрдаги қарори билан, Конституцияга ўзгартириш киритиш масаласини палатанинг 18 декабрдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритган эди.

Бу қандай ўзгариш экани жамоатчиликка маълум қилинмади. Қонунни депутатлар қачон қабул қилиб улгургани ҳақида ҳам саволлар пайдо бўлди.

Сенат раиси ва унинг ўринбосарлари палатанинг 18 декабрь кунги ялпи мажлисида / Фото: Сенат ахборот хизмати

18 декабрь куни Сенат ялпи мажлисида раис Танзила Норбоева Конституцияга ўзгартиш киритиш ҳақидаги қонун бу мажлисда кўрилмаслигини, бу масалада халқ билан бамаслаҳат иш қилинишини айтди.

Маълум бўлишича, ялпи мажлисдан бир кун олдин Сенат кенгашининг қарори чиқарилган бўлиб, унга биноан «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун ялпи мажлис кун тартибидан олинган.

  • 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясига шу пайтгача 14 марта ўзгартиш киритилган.
  • Конституциянинг энг сўнгги 128-моддаси талабига кўра, Конституцияга ўзгартиш киритишда кенг ва ҳар тарафлама муҳокама ўтказилиши, Олий Мажлис ушбу муҳокамани инобатга олиши лозим.

Мавзуга оид