Иқтисодиёт | 18:53 / 21.12.2020
24297
2 дақиқада ўқилади

Суннатилла Бекенов Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбарлигидан кетди

Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбари Суннатилла Бекенов лавозимдан озод этилиб, агентликка янги раҳбар тайинланди.

Kun.uz'нинг агентликдаги манбаси хабар қилишича, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келган Акмалхон Ортиқов Давлат активларини бошқариш агентлиги директори этиб тайинланган.

Акмалхон Ортиқов / Халқаро пресс-клуб

Акмалхон Ортиқов 1980 йилда Наманган вилоятининг Чортоқ туманида туғилган, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган.

2001–2013-йилларда Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги тизимида, 2013–2015-йилларда Наманган вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси, 2015—2017 йилларда Фарғона вилояти ҳокимлиги молия бошқармаси бошлиғи, 2017 йилда Наманган вилояти ҳокимининг иқтисодий ислоҳотлар ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

2017–2018-йилларда Иқтисодиёт вазирининг демография, ижтимоий соҳани ривожлантириш ва аҳолини турмуш даражасини ошириш масалалари бўйича ўринбосари, 2018–2019-йилгача Фарғона вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, 2019–2020-йилларда Вазирлар Маҳкамаси Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими ва хусусий тадбиркорлик масалалари котибиятининг мудири лавозимида фаолият юритган.

Акмалхон Ортиқов 2020 йилнинг мартидан буён Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Бундан аввалроқ Марказий раиси ўринбосари Саидқаҳҳор Холхўжаев Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинлангани хабар қилинганди. 

Маълумот учун, турли йилларда Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда, президент маслаҳатчиси ўринбосари, иқтисодиёт вазири, иқтисодиёт вазири ўринбосари, молия вазири ўринбосари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимларида фаолият юритган Суннатилла Бекенов 2019 йил сентябрида Давлат активларини бошқариш агентлиги директори этиб тайинланганди.

Суннатилла Бекенов

Мавзуга оид