Ўзбекистон | 18:10 / 21.12.2020
173648
2 дақиқада ўқилади

Хонанда Жасур Умиров қамоққа олинди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида лицей ўқувчисининг номусига теккани гумон қилинаётган эстрада хонандаси Ж.У. (Kun.uz'даги маълумотга кўра, Жасур Умиров) эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Kun.uz ёритган воқелик юзасидан жиноят иши октябрь ойида қўзғатилган эди.

Самарқанд вилояти прокуратураси ахборотига кўра, хонандага нисбатан 21 декабрь куни суд ажримига асосан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жасур Умировга Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми «а» банди (шахснинг 18 ёшга тўлмаганини била туриб номусга тегиш) билан айблов эълон қилинган.

Айблов судда исботланса, судланувчи 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Дастлабки терговни вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси олиб бормоқда. Терговни вилоятнинг янги прокурори алоҳида назоратга олган.

«Вояга етмаган Ш.М. адвокати М.Рустамова билан биргаликда вилоят прокуратурасига мурожаат этган.

Мурожаат Самарқанд вилоят прокурори Р.Машарипов томонидан ўрганилиб, ариза муаллифи адвокати М.Рустамова иштирокида ўзи раҳбарлигида вилоят прокуратураси ва ИИБ масъуллари иштирокида 2020 йил 18 декабрь куни қабул қилиниб, жиноят иши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олингани ва тез кунларда қонуний қарор қабул қилиши таъкидланди.

Жиноят иши тергови вилоят прокурори Р.Машарипов томонидан алоҳида назоратга олинди», – дейилади Самарқанд вилояти прокуратураси ахборотида.

Равшан Машарипов ноябрь ойида Самарқанд вилояти прокурори этиб тайинланган эди.
Фото: Самарқанд вилояти прокуратураси

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz Самарқандда лицейнинг биринчи курсини эндигина тамомлаган самарқандлик қизнинг номусига тегилган бўлиши мумкинлиги ҳақида сентябрь ойида журналист суриштируви эълон қилган эди. Бунга қадар Каттақўрғон туман ИИБ мазкур ҳолатда жиноят аломатлари бўлмаган, деб топиб, жиноят иши қўзғатишни рад этган.

Мавзуга оид