Ўзбекистон | 07:16 / 22.12.2020
13214
3 дақиқада ўқилади

Охирги 20 йилда Ўзбекистонда болалар нафақаси қамрови фақат қисқариб борган — ЮНИСЕФ

Илгари мамлакатда барча болалар бола нафақасини олган бўлса, ҳозирда у фақатгина энг камбағал оилаларга берилмоқда.

ЮНИСЕФ Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя тизими баҳоланган ҳисоботини эълон қилди. Унда аҳолини ижтимоий муҳофазалашдаги қатор муаммолар санаб ўтилган.

«Сўнгги 10–15 йилда Ўзбекистонда интенсив иқтисодий ўсиш кузатилган бўлса-да, аҳолининг баъзи қатламлари бошқаларга қараганда кўпроқ манфаатга эга бўлиб қолмоқда. Камбағалликни камайтириш ва муносиб иш ўринларини яратиш жараёни иқтисодий ўсиш даражасига мос равишда кечмаяпти», дейилади ҳисоботда.

ЮНИСЕФ мамлакатда оқсаётган ижтимоий ҳимоя тизимининг асосий камчиликлари сифатида қуйидагиларни санаб ўтган:

Ижтимоий ҳимоя тизимида ягона миллий стратегиянинг, турли дастур ва институтлар фаолият координациясининг йўқлиги. Мамлакат ижтимоий ҳимоя бўйича ягона сиёсат ёки стратегияга эга эмас, бу эса мазкур масалага яхлит ёндашув имконини бермайди. Ижтимоий ҳимоя бўйича кўплаб дастурларни белгиловчи қонун ҳужжатлари бўлса-да, бу тизимнинг келажакда қандай ривожланишини кўрсатувчи асосий норматив йўқ.

Ижтимоий ҳимоя тизими учун жавобгарлик турли идоралар орасида тақсимланиб кетган, аммо бу борада ягона давлат сиёсатини юритувчи орган мавжуд эмас. Бундан ташқари, соҳага оид кўплаб идоралар орасида горизонтал координация талаб даражасида йўлга қўйилмаган.

Эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий нафақалар билан таъминланиш қамрови чекланган. Илгари Ўзбекистонда барча болалар бола нафақаси билан таъминланган бўлса, охирги 20 йилда уни олувчилар сони сезиларли даражада қисқариб борган – ҳозирда фақатгина энг камбағал оилалар бу нафақани олади.

Сўнгги тадқиқотлар натижасига кўра, бола нафақасини олиш бўйича барча мезонларга мос келувчи эҳтиёжманд оилаларнинг фақатгина 25 фоизи бу нафақани олмоқда.

Аҳолининг меҳнатга яроқли қатламини ижтимоий ҳимоялаш чекланган. Рўйхатга олинган ишсизларнинг фақатгина 1 фоизи ишсизлик нафақасини олади. Иш билан банд аҳолини ишсизликдан суғурталаш тизими мутлақо мавжуд эмас. Бу эса норасмий секторда меҳнат қилувчилар улушининг юқорилиги (жами меҳнатга лаёқатли аҳолининг 60 фоизи) билан боғлиқ.

Ижтимоий хизмат соҳаси яхши ривожланмаган. Ногиронлар, болалар ва кексаларни парваришлаш кўпроқ оиланинг ўзида амалга оширилади. Мазкур мажбурият кўп ҳолларда оиладаги аёлларнинг зиммасига тушади. Бу эса ўз навбатида аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилган сиёсатга зиддир.

Оила томонидан парвариш бўлмаган ҳолатда эса болалар интернатда, кексалар қариялар уйларида, ногиронлар мурувват уйларида парваришланади. Парвариш ижтимоий хизматлар томонидан уйнинг ўзида амалга оширишга асосланиши керак, дея қайд этилган ЮНИСЕФ ҳисоботида.

Мавзуга оид