«Қашшоқ, лекин қул эмас» — The Economist сайловдаги сохталикни енгган Малавини «Йил мамлакати» деб топди
Бу йил энг катта ўсишга эришган давлат сифатида Африка жанубидаги Малави давлати эътироф этилди. The Economist Малавида сайлов натижаларини сохталаштиришга қарши ҳаракатларни эътироф этган. «Одамлар демократия учун оёққа турган давлат – олдинга томон энг катта қадам ташлаган давлатдир», дея қайд этган нашр.
The Economist турли мамлакатлардаги вазиятни, коронавирус пандемияси даврида тутилган йўлни таҳлил қилган. Нашр Янги Зеландияда коронавирус билан боғлиқ ҳолат барқарор бўлгани, фақатгина 25 киши инфекция туфайли вафот этганини қайд этади. Тайван эса сезиларли иқтисодий ўсиш кўрсатгани, коронавирусга қарши самарали кураш олиб боргани учун эътироф этилади.
Нашрга кўра, гарчи АҚШ коронавирусга қарши курашда Италия, Испания ва Буюк Британия каби ёмон ҳаракат қилган бўлса-да, штатларда вакцина дастури аҳамиятга эга бўлди. Шунингдек, АҚШда сайловчилар ноябрда Доналд Трамп номзодини рад этиб, популизмнинг, яна бир глобал табиий офатнинг, тарқалишини тўхтатишга муваффақ бўлдилар.
«Бироқ йил мукофоти бу сафар Африка жанубидаги давлатга насиб қилди. Таҳлилларга кўра, дунёнинг 80 давлатида инсон ҳуқуқларига бўлган ҳурмат пасайган бўлса, биз танлаб олган давлатда эса, аксинча, инсон ҳуқуқлари яхшиланди. Бу – Малави давлатидир.
Малавида 2019 йилда президентликка сайлов ўтказилгач, унда Питер Мутарика ютиб чиқади. Бироқ сайлов натижалари сохталаштирилган эди. Сайловчилар эса «штрих билан ўзлаштирилган» ғалабага қарши намойишга чиқдилар ва суд сайлов натижаларини бекор қилди. Шу йил июн ойида ўтган сайловда оппозицион партиядан номзод Лазарус Чаквера президентликка сайланди.
Малави – қашшоқ, лекин қул эмас. Одамлар демократия учун оёққа турган давлат – олдинга томон энг катта қадам ташлаган давлатдир», – деб ёзади The Economist.
Эслатиб ўтамиз, The Economist 2019 йилда Ўзбекистонни «Йил давлати» деб эълон қилганди.
1843 йилдан буён чоп этиладиган The Economist ҳозирда дунё бўйлаб ҳар ҳафта 800 мингдан ортиқ нусхада нашр қилинади.
Мавзуга оид
14:08 / 05.11.2024
Саҳрои Кабирни кўкаламзорлаштириш Ер иқлимига қандай таъсир қилади?
14:30 / 21.10.2024
Ўзбекистон Африка қитъасининг нечта давлати билан дипломатик муносабатлар ўрнатгани айтилди
23:32 / 10.10.2024
Дунёда охирги 50 йилда ёввойи ҳайвонлар сони 73 фоизга қисқариб кетгани маълум бўлди
21:52 / 10.10.2024