Жамият | 18:59 / 22.12.2020
5041
2 дақиқада ўқилади

ССВ: Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам тизимига 2800га яқин махсус автомобил жалб қилинган

2020 йилда Ўзбекистонда «103» хизматига дори-дармон учун 75 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Ҳозирда ҳар бир чақириқ вақтида дори-дармон учун минимал харажатлар миқдори 5000 сўмни ташкил этмоқда.

«Маълумки, тиббиёти тараққий этган аксарият мамлакатларда аҳолига тез ва шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш тизимида ҳам пуллик хизмат ёки тиббий суғуртадан фойдаланилади. Мамлакатимизда эса шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизими давлат бюджети томонидан тўлиқ молиялаштирилади.

Кейинги йилларда бу хизматни молиялаштириш ҳажми ортиб бормоқда. Жумладан, 2019 йилда «103» хизматига дори-дармон учун 26 миллиард 580 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 75 миллиард 387 миллион сўмдан зиёдни ташкил этди.

Ҳозирда ҳар бир чақириқ вақтида дори-дармон учун минимал харажатлар 5000 сўм миқдорида белгиланди. Таққослаш учун айтиш мумкинки, бу кўрсаткич 2016 йилда 748 сўмни, 2017 йилда 1627 сўмни ташкил этарди. 

Сўнгги йилларда давлат бюджетидан соҳа учун ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилиш ва ҳудудларнинг ушбу техникага бўлган эҳтиёжини қоплашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. 

Жумладан, 2019 йилда тез тиббий хизматда ихтисослашган замонавий автотранспортлар сони 2403тани ташкил қилган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 2746тага етди. 

Бу автотранспорт воситаларининг аксарияти сунъий нафас бериш, ЭКГ аппаратлари, механик сўрғич, дефибриллятор, иммобилизация шиналари билан таъминланган.

Шунингдек, мамлакатимиз бўйлаб «тез ёрдам» хизматининг рация алоқаси, телефон ва планшет билан таъминланиш даражаси ҳам ошиб бормоқда. Айниқса, барча «тез ёрдам» машиналарида қулай алоқани, чақириқлар учун машинани тезкор йўналтиришни таъминловчи GPS тизимини йўлга қўйишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда.

Эндиликда юртимизда ҳар 13 минг аҳолига битта махсус тез ёрдам машинаси хизмат кўрсатади. Бу борада ривожланган давлатлар тажрибасини кузатсак, уларда 20-25 минг кишига битта махсус автотранспорт воситаси тўғри келади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид