Ўзбекистон | 21:15 / 23.12.2020
5485
3 дақиқада ўқилади

2020 йилда 7,4 мингдан ортиқ шахсга Ўзбекистон фуқаролиги берилди

2020 йилда президентнинг 16 та фармонига асосан 7419 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.

Бу ҳақда ИИВ Фуқароликни расмийлаштириш ва миграция бошқармаси бошлиғи, полковник Улуғбек Муҳаммедов маълум қилди.

Улуғбек Муҳаммедов давлат раҳбарининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга мурожаатида тизим олдига қўйилган вазифалар ижроси юзасидан қилинган бошқа ишларни ҳам санаб ўтди.

«Президентимиз мурожаатида фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида муҳим қадам қўйиш юзасидан ташкилий чора-тадбирлар белгиланиши, хусусан кўп йиллардан буён Ўзбекистон Республикасида яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларни «Ўзбекистон Республикаси фуқароси» деган шарафли мақомга эга бўлишлари бўйича 2020 йил 1 майга қадар Ўзбекистон Республикаси парламенти ва ҳукуматига тегишли қонун лойиҳасини тақдим этиш лозимлиги белгиланган эди.

Шундан келиб чиқиб, Ички ишлар вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонуни янги таҳрирда ишлаб чиқилиб, 2020 йил 13 мартда қабул қилинди.

Ушбу қонунга асосан, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасига кириб келган ва доимий рўйхатдан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиш тартиби киритилди ва 2020 йил 1 апрелдан бошлаб ушбу тоифадаги шахслардан ҳужжатлар қабул қилиш бошланди.

Улуғбек Муҳаммедов

Янги таҳрирдаги қонундаги ўзгаришлардан яна бири – Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини қабул қилиш истагини билдирган шахсдан ўзбек тилини мулоқот даражасида билиши лозимлиги белгиланди.

Шунингдек, қонунда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларига оид идоралараро маълумотлар алмашуви тизимини яратиш каби масалалар ўз аксини топган. Хусусан, «Е-fuqaro» идоралараро маълумотлар базаси орқали маълумот алмашиш дастури ишлаб чиқилиб, фуқаролик масалалари бўйича аризалар ушбу дастур орқали 12 та вазирлик ва идоралар билан келишиш механизми жорий қилинди», – деди Улуғбек Муҳаммедов.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш ва фуқароликдан чиқиш механизмлари ислоҳ қилиниб, аризага илова қилиниши лозим ҳужжатлар сони 2 бараварга қисқартирилган.

Мавзуга оид